Фракция қонун лойиҳаларига муносабат билдирди

/

Фракция қонун лойиҳаларига муносабат билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамият қурилишининг муҳим соҳалари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминловчи, суд-ҳуқуқ соҳасига қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, ушбу лойиҳани қабул қилиш орқали суд тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланмоқда. Хусусан, суд раислари ваколатидан ишларни тақсимлаш билан боғлиқ нормаларни чиқариб, ишларнинг судьяларга фақат автоматик равишда тақсимланишини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу орқали маънан эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинишига эришилади.

Таъкидланганидек, бугунги амалиётда Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида ишларни кўриб чиқиш учун судлов таркибларини шакллантириши каби нормаларининг белгилангани судларда ишларни электрон тизимдан фойдаланган ҳолда инсон аралашувисиз, автоматик равишда тақсимлашни амалиётга тўлиқ жорий этиш имкониятини чеклаб қўймоқда. Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда суд ишларини автоматик тарзда тақсимлаш тартибини амалиётга жорий этиш мақсадида суд раисларининг ваколатидан ишларни тақсимлаш чиқариб ташланмоқда. Бу эса суд иши юритувини соддалаштириш, суд муҳокамасининг натижасига манфаатдор шахслар таъсир кўрсатишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъект томонидан талабномани кўриб чиқишнинг бир ойлик муддатини ўн беш кун этиб ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Ушбу ўзгартириш хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларни тезкор ҳал қилишга кўмаклашиш имконини яратади.

Шу билан бирга, лойиҳада суд ҳужжатлари ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат тарзида шакл­лантирилиши нормаси белгиланмоқда. Депутатлар қайд этганидек, мазкур имкониятнинг яратилиши суд қарорларини сифатли тайёрлаш, вақт сарфининг қисқариши ҳамда суд иштирокчиларининг ҳужжатлар билан танишишга бўлган ҳуқуқи тезкор амалга оширилишига ёрдам беради. Хусусан, 2020 йилнинг январь ойига қадар иқтисодий судларнинг биринчи инстанциясида қабул қилинган 150 минг­дан ортиқ, апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида қабул қилинган 2 мингдан ортиқ якуний суд ҳужжатлари Олий суднинг расмий сайтида жойлаштирилган. Ушбу тажриба чет эл амалиётида ҳам кенг жорий этилган бўлиб, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Украина каби давлатларнинг қонунчилигида ҳам суд ҳужжатларини суднинг расмий веб-сайтга жойлаштириш нормалари мавжуд.

 

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Йиғилишимизда жуда муҳим қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар дастлаб фракциямизда, қўмитамизда батафсил кўриб чиқилди ҳамда тегишли фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Мисол учун, Солиқ кодексига киритилаётган судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоида ҳам, қайд этиш жоизки, болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадига қаратилгани билан аҳамиятли.

Ўз навбатида, кўриб чиқилган қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда янада такомилига етказиш бўйича таклифлар берилди. 

Ушбу таклифлар “Адолат” СДП дастури билан ҳамоҳанг бўлиб, партия суд ҳокимиятининг мустақил ва очиқ бўлиши, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар аввало фуқароларга хизмат қилиши ва аҳолининг норозилигига сабаб бўлган омилларга барҳам бериш орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда суд тизимини комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Фракция йиғилишида, шунингдек, “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа орқали фуқаролик ҳуқуқий, оилавий ҳуқуқий, уй-жой ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юборишни тақиқлаш киритилмоқда.

Айниқса, депутатлар томонидан Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқу­қи тақдим қилинаётгани эътироф этилди. Аксарият ҳолларда ушбу масала билан боғлиқ кўплаб муаммолар фуқаролар эътирозини келтириб чиқараётган эди. Ушбу норма муаммоларнинг ечимига хизмат қилади.

Шунингдек, Солиқ кодексига болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби белгиланмоқда. Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодексига вояга етмаган болаларнинг судга қилган бевосита мурожаатларини бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан кўрмасдан қолдиришнинг тақиқланиши, шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганларга судда даъвогар бўлиш ҳуқуқининг берилиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда. Бу эса қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш ва ижтимоий адолат принципларига мосдир.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлар берилди, муносабат билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамият қур...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан, айтайлик, 300 минг сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди, аммо бирор сабаб...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...