Қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати ҳамкорлигини кучайтириш — замон талаби

/
Тошкент давлат аграр университетида жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноатининг ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари таҳлили. Ўзаро муносабатларнинг норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш” мавзусида конференция ўтказилди.
Конференцияда Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Ислом Тараққиёт банки, БМТ Озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, ТИКА, КОИКА ва бошқа халқаро молия институтларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари мутахассислари, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзбекистон асаларичилари”, “Ўзбекипаксаноат”, “Паррандасаноат” уюшмалари, “Ўзбекчорванасл” агентлиги масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия экспертлари ва фаоллари иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уни саноат усулида тўлиқ қайта ишлашнинг ўзаро уйғунлигини янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш йўналишида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан ташаббус тартибида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини шакллантиришда асосий тамойиллар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ваколатлари, саноат корхоналари ва хомашё етиштирувчилар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигига доир нормаларни белгилашда миллий ва халқаро амалиётни ўрганишга қаратилди.
Эътироф этилганидек, Президентимизнинг Олий Мажлисга инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, янги иш ўринларини кўпайтириш ва юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётида етакчи ўрин тутадиган саноат соҳасини унга хомашё етказиб берувчи соҳалар билан узвий боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 29 июль куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида шу мақсадларга хизмат қилувчи бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Қарорга мувофиқ мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, аграр соҳага замонавий технологияларни жорий этиш орқали 2019-2021 йилларда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 45 та агрологистика комплекси, қайта ишлаш бўйича 205 та янги қувват, 36 минг гектар интенсив боғ ташкил этиш режалаштирилди.
Партия экспертлари томонидан мамлакатимизнинг турли иқлим шароитларида хомашё ишлаб чиқарувчи томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, кластерлар ҳамда саноат корхоналари тажрибасини такомиллаштириш, соҳага инвестиция киритиш йўналишлари ягона узвий боғлиқликда ўрганилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳаси билан қайта ишлаш саноати соҳаси узвийлигини таъминлашнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиш ҳақида таклифлар билдирилди ҳамда ушбу мақсадда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган ер эгалари иштирокида амалий лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Конференция давомида ушбу лойиҳаларга ер, сув, ёқилғи ва минерал ўғит ресурслари ҳамда тўқимачилик, мева-сабзавот, чорвачилик, пиллачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалик машинасозлиги соҳалари бошқарувида рақамлаштириш технологияларига масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мутасаддилари ўз таклифларини тақдим қилдилар.
Шунингдек, тадбирда халқаро молия институтларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари мазкур соҳада ривожланган давлатлар тажрибаси, инвесторлар учун жозибадорликни янада ошириш ҳақида сўз юритдилар.
Конференция иштирокчилари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш соҳаси билан уларни қайта ишлаш саноати соҳалари узвийлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида “Қишлоқ хўжалигини бошқариш тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш тўғрисида”ги ва “Агрокооперация тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига, энг аввало, нормаларни қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда....
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....