Давлат дастурининг ижроси қониқарлими? Депутатлар эътироз билдирди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи ярмида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди.
Партия депутатлари эътироф этганидек, Ҳукумат томонидан тақдим этилган ушбу ҳисобот жорий йилнинг 1-чорагидаги ҳисоботга нисбатан сифатли ва Давлат дастуридаги бажарилган ишлар батафсил ёритилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ҳисоботнинг дастлабки қисмида Қонунчилик палатаси томонидан 1-чорак якунлари бўйича Давлат дастури ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросига батафсил тўхталиб ўтилган. Бу жараён Давлат дастурининг бажарилишида Олий Мажлиснинг иштироки ҳамда Ҳукумат ва парламент ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилганидан далолат беради.
Муҳокама жараёнида депутатлар яна бир муҳим масалага эътибор қаратди. Жумладан, ўтган йилларда депутат сўровларига баъзи вазирликлар томонидан эътиборсиз қараш ҳолатлари учраб турар эди. Ҳукуматнинг 1-чоракдаги ҳисоботи юзасидан билдирилган эътирозлар натижасида парламент ва депутат сўровларига вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари томонидан ўз вақтида пухта ишланган ҳолда жавоб бериш бўйича тизим жорий этилди. Хусусан, ҳар ойда Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида масъул раҳбарлар иштирокида сўровлар ҳамда унга берилган жавоблар атрофлича муҳокама этилиши йўлга қўйилди. Бу эса, аввало, ҳудудлар ривожи ва фуқаролар манфаатига хизмат қилмоқда.
Йиғилишда фракция аъзолари Давлат дастурининг ижросини бандма-банд муҳокама қилдилар. 2019 йилнинг биринчи ярмида Давлат дастурининг
139 та банди ижроси таъминланиши режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида улардан 106 тасининг ижроси тўлиқ бажарилиб, бунда жами 93 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Таъкидланганидек, ижроси якунига етказилмаган 23 та банд бўйича киритилган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилмоқда ҳамда 10 та вазифанинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган.
Депутатлар, аввало, ижроси таъминланмаган бандларга эътибор қаратди. Хусусан, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳалари ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмагани қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепцияси ҳам ўз вақтида ишлаб чиқилмагани танқид қилинди.
“Адолат” СДП масъул ҳисобланган асосий йўналишлар — соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари ҳам фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, давлат дастурининг 152-153, 155-бандларида белгиланган аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтириш, давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича вазифалар ижроси таъминланмагани ҳам танқид остига олинди. Бугунги кунда фуқароларимизни қийнаётган ушбу масалаларга ижобий ечим топиш ва бу борада белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш зарур.
Йиғилишда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, таълим дастурлари муддатини белгилаган ҳолда касбий таълимни ташкил этиш ва мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар қамрови кенгайиб бориши ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади. Лекин уларнинг фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш кечикмоқда. Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналар бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарур.
Фракция аъзолари томонидан яна бир долзарб масала — маҳаллий ҳокимликларнинг ихтиёрида қолаётган маблағларнинг қанчалик самарали ишлатилаётганини назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди. Бунда, айниқса, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш муҳим ҳисобланади. Шу орқали ҳудудларда маблағларнинг мақсадли сарфланиш тизими яратилиб, ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлиги таъминланишига эришилади.
Йиғилиш якунида Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йилнинг биринчи ярми даврида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция депутатлари, парт...