Қонунчилик ташаббуслари етарлими?

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ҳамда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг нутқида белгиланган қатор устувор вазифалар Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар учун бевосита дахлдор эканини депутатлар алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий соҳалардаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонун ижодкорлигини кучайтириш ҳамда бошқа субъектлар томонидан ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда партиямизнинг аниқ ва қатъий позициясини шакллантириш лозимлиги хусусида тўхталиб ўтишди.
— Президентимизнинг нутқида давлат бошқаруви, халқ билан мулоқот, парламент фаолияти ва жамиятда аёллар тенг ҳуқуқлиги каби масалаларда мамлакат тараққиётининг навбатдаги босқичларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров. — Ушбу ялпи йиғилишда кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳамда жойида ижросини таъминлашга жиддий аҳамият қаратишимиз керак. Партия ва унинг фракцияси, ҳар бир сафдошимиз зиммасига катта масъулият юкланганини чуқур англашимиз, шу масъулиятга муносиб равишда фаол ишлашимиз шарт. Демак, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш, ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришиш, қонунларни ишлаб чиқишда “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими доирасида энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан таклифлар олиш, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳам билдирилган таклифларни фракциямизга етказиши ва шу орқали партиянинг аниқ, қатъий позициясини шакллантириш зарур.
Шу ўринда айтиш лозимки, халқимиз турмуш фаровонлигини тобора юксалтиришга хизмат қиладиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонун ижодкорлигини янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар натижасида одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилувчи лойиҳалар изчил рўёбга чиқарилади. Мамлакатимизда олиб борилаётган, моҳият-эътибори билан инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, ҳар бир шахснинг ижтимоий-сиёсий фаол бўлишини тақозо этади.
— Бунинг учун эса, энг аввало, парламентнинг асосий вазифаси, яъни қонун ижодкорлиги жараёнида депутатлар фаоллигини ошириш керак бўлади, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов. — Негаки, бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан депутатларнинг фаоллиги етарли даражада эмас. Жумладан, жорий йилда Қонунчилик палатасига киритилган 65 та қонун лойиҳаларининг 9 таси, яъни 14 фоизи депутатлар ташаббуси билан киритилган. Албатта, бу кўрсаткичлар парламентнинг ушбу жараёнга изчиллик билан ёндашиши лозимлигини кўрсатади.
Йиғилишда эътироф этилганидек, депутатларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг иши самарали ташкил этилиши мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг жадаллашувига ҳамда халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Фаоллар ва депутатлар партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда партия фракцияси аъзолари таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлашди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари сиёсий-ижтимоий ҳаётда аёлларнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга доир бир қатор долзарб вазифаларни ҳам белгилаб олишди.
Бунда, аввало, партиянинг аёллар билан ишлаш бўйича фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳудудлар бўйича партия фаоллари орасидан обрў-эътиборга эга, сиёсий савияси етук, меҳнаткаш ва оқила аёлларни аниқлаш ҳамда депутатликка номзод сифатида кадрлар захирасига киритиш алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада кучайтириш, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, хотин-қизларни кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳуқуқий билимларини ошириш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган аёллар сонининг ўсиши эса қонун ижодкорлиги жараёнида хотин-қизларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имкониятини оширади. Шунингдек, давлат бюджети шаклланишида гендер тенглиги масалалари ҳам диққат марказида бўлади.
Қолаверса, йиғилиш давомида Қонунчилик палатаси тизимида Президентимиз ташаббуси билан тузилган Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Бунда комиссия ишини танқидий тарзда таҳлил қилиш ҳамда оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаларини доимий равишда комиссия экспертизасидан ўтказиш тизимини жорий этиш ҳам таклиф этилди.
Депутатлар хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш, соғлиғини мустаҳкамлаш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларда парламент назоратини кучайтириш ва сайловчилар билан учрашувларда ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор бериш зарурлигини қайд этишди.
Йиғилиш иштирокчилари мазкур соҳадаги қонунчилик базасини такомиллаштириш учун “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни тезроқ қабул қилиш лозимлигини билдиришди.
Депутатлар юқоридаги масалалар юзасидан фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатъий назоратга олиш ва бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олдилар.
Фракция йиғилиши якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Сайловлар демократия кўзгуси ҳисобланиб, унинг очиқ-ошкора ва шаффоф тарзда ўтишида ҳуқуқий асосларнинг ҳаётий ва халқчил тарзда ишлаб чиқилиши муҳ...
01 янв 1970
Мутахассислар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, аввало, инсон онгидаги ўзгаришлардан бошланишини таъкидлайдилар....
01 янв 1970
Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий риво...