Суд жараёнларида очиқлик ва ошкоралик таъминланади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-сиёсий соҳаларга оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, давлат ҳокимиятининг очиқлиги ва ошкоралиги барча соҳаларда ўз аксини топмоқда. Бу жараёнлар суд муҳокамаларини очиқлик принципига таянган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказиш ҳамда аудио ёки видеоёзувга олиш йўли билан амалга оширилишида ўз аксини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унинг айрим бандлари ижросини таъминлаш учун ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси орқали Иқтисодий процессуал кодексга бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда. Хусусан, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини тарафларнинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий веб-сайтида мажбурий эълон қилиш тўғрисида норма акс этмоқда.
Бу иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамаларида ошкораликни таъминлашга хизмат қилади. Қайд этиш жоизки, бунда ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган ҳал қилув қарорларини ёритиш назарда тутилмаган.
Фракция аъзолари мазкур ўзгаришни қўллашда Олий суднинг техник имкониятлари қай даражада тайёр эканига қизиқишди. Мутахассислар бу бўйича суднинг ҳал қилув қарорларини эълон қилишга имкон берувчи дастурий таъминот ишлаб чиқилгани ва шу йилнинг апрель ойидан бошлаб Олий суд расмий веб-сайтида жорий этилганини қайд қилишди. Жорий йилнинг сентябрь ойи ҳолатига кўра, Олий суд расмий веб-сайтида 968 та суднинг ҳал қилув қарорлари эълон қилинган. Бироқ процессуал қонунчиликда суднинг ҳал қилув қарорларини веб-сайтда эълон қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас, шу боис мазкур қонун лойиҳаси муҳокамага киритилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида иқтисодий судлар томонидан даъво суммаси кам миқдорда бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда кўриш тўғрисидаги нормалар ҳам ўз аксини топган. Бу нормалар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилиши назарда тутилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда иқтисодий судларда ишни кўриш буйруқ тартибида (суд буйруғи) ва умумий тартибда (даъво ариза) амалга оширилмоқда. Бунда буйруқ тартибида фақат низосиз талаблар, умумий тартибда эса низоли талаблар ҳал қилинади.
Бугунги кунда даъво суммаси кам бўлган ишлар сони сезиларли тарзда ўсиб бормоқда. Агар 2016 йилда юридик шахсларга нисбатан даъво суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваригача бўлган миқдорда 61 638 та, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан даъво суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваригача бўлган миқдорда 14 169 та иш кўрилган бўлса, бу рақамлар 2017 йилда 72 469 ва 24 118 та, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 42 696 ва 13 206 тани ташкил қилади.
Даъво суммаси кам бўлган ишлар қоида тариқасида бир ёки иккита суд мажлисида ҳал қилинади, лекин судьялар узоқ вақт сарфланадиган барча процессуал жараёнларга амалга қилишга мажбур. Бу эса судьялар ишидаги тезкорлик ва самарадорлик принципларига риоя қилишда ўз таъсирини ўтказмоқда.
Лойиҳани қабул қилиш орқали эса иқтисодий суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартибни киритиш, даъво суммаси кам бўлган низолар бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имкони яратилади. Шунингдек, бундай ишларнинг кўриб чиқиш жараёни соддалашади. Бу ўзгаришлар Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини янада кўтаришга хизмат қилади.
Фракция аъзолари томонидан лойиҳада келтирилган масалалар партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш соҳасини янада кенгайтириш каби вазифаларга ҳамоҳанг эканлигини инобатга олиб қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт камтарин, эл-юртга садоқатли, том маънодаги фидойи инсонларни сийлайди, обрў-эътибор чўққисига олиб чиқади. Ажойиб тақдир эгаси бўлган Дўс...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Шўрчи тумани Маданият саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириш юзаси...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....