Қонун ва қонуности ҳужжатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш зарур

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Жумладан, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш, йўловчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тегишли давлат органлари томонидан амалга ошириладиган назорат тизимини такомиллаштириш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишдан иборат.
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири:

— Депутатлар томонидан жойларда олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, мазкур қонуннинг 6-моддасида белгиланган тартибда тузиладиган ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси амал қилиш муддати (бир йил муддатга тузилади) транспорт воситасига йўловчиларни ташиш учун бериладиган лицензия карточкасининг амал қилиш муддати (3 ойдан 5 йилгача берилади) билан ўзаро мувофиқлашмаган.
Ушбу номувофиқлик натижасида транспорт воситасининг лицензия карточкаси амал қилиш муддати кўп ҳолларда уч ойдан сўнг тугашига қарамасдан, ташувчи қонун талабларига мувофиқ бир йилга суғурта шартномасини тузишга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 8-моддасида суғурта полисининг ҳар бир транспорт воситасига берилиши аниқ кўрсатилмаган, яъни суғурта полисида ҳар бир транспорт воситасига хос бўлган хусусий (транспорт воситасининг тури, маркаси, модели, рақамли (танитувчи) белгиси, ишлаб чиқарувчи завод паспортлари бўйича йўловчи сиғими) маълумотлар ўз аксини топмаган.
Бу каби номувофиқликлар натижасида амалиётда кўплаб ташувчилар “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси”ни тузишда суғурта ташкилотларига ўзларидаги транспорт воситаларининг барчаси бўйича эмас, балки бир қисми тўғрисида маълумотларни тақдим этмоқдалар. Натижада ташувчилар томонидан йўловчи ташиш учун фойдаланилаётган транспорт воситаларининг аксарият қисмига суғурта шартномаси татбиқ этилмасдан қолмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳар бир транспорт воситаси учун суғурта полиси алоҳида расмийлаштирилиши бўйича аниқлаштирувчи талаб киритиш зарурати мавжуд.
Шунингдек, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ахборотига кўра, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига республика бўйича йўловчиларни ташувчи лицензияланган автотранспорт воситалари 74025 тани ташкил этиб, улардан 22010 таси, яъни 30 фоизи суғурталанган. Ушбу маълумот қонун талабларининг етарли даражада ижро этилмаётганлигини ҳамда кўтарилаётган масаланинг долзарблигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини фаолияти лицензияланадиган транспортда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг транспорт воситасига уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, суғурта шартномасига мувофиқ суғурта мукофоти тўлангандан сўнг, унга киритилган транспорт воситасининг тури, маркаси, модели, рақамли (танитувчи) белгиси ва ишлаб чиқарувчи завод паспортлари бўйича йўловчи сиғими тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган суғурта полисини ҳар бир транспорт воситаси учун алоҳида бериш тартибини жорий этиш ҳамда йўловчиларни ташиш чоғида транспорт воситасини бошқараётган шахс ёнида тегишли транспорт воситаси учун расмийлаштирилган суғурта полиси мавжудлигини таъминлаш таклиф этилмоқда.
Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш “Адолат” СДП депутатлик корпусининг дастурий вазифаси эканлигини эътироф этган ҳолда таклиф этилаётган қонун лойиҳаси фракциядошларимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Депутатлар эътиборига биринчи ўқишда ҳавола этилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2017 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан 2018 йил 1 январдан эътиборан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилган. Шунга кўра, қонун лойиҳасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилашга қаратилган бир қатор қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, мазкур кодексда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлиги, шу жумладан, электрон ҳужжат, сўров, аризачи номидан мурожаатни қабул қилишни рад этиш, давлат хизматларини кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузганлик, аризачидан давлат хизматлари кўрсатиш маъмурий регламентида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабларини (топшириқларини) бажармаслик учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга қўлланиладиган жавобгарлик чоралари назарда тутилиб, бундай ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган жарималар миқдори аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2155-моддасида назарда тутилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги органларига тааллуқли эканлиги белгиланмоқда.
Шунга кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чорасини қўллашга Давлат хизматлари агентлиги директори ва унинг ўринбосари ҳамда ушбу агентлик ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.
Албатта, партиямиз жамиятимизнинг барча соҳаларида бўлгaни каби давлат хизматларини кўрсатиш тизимида ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, бу борадаги қонун ва қонуности ҳужжатларини ҳаётга самарали татбиқ этишда уларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш тарафдори саналади. Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳасини фракциямиз аъзолари концептуал жиҳатдан маъқулладилар.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган қонун лойиҳаларини маромига етказиш юзасидан депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф, мулоҳазалари тингланди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Давлат дастурининг ҳар бир устувор йўналишининг бажарилиши ҳолати бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитиш йўлга қўйилди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ҳар қандай давлат ёки жамиятда фикрлар хилма-хиллиги мавжуд ва бу жараён, ўз навбатида, юрт тараққиётига, эл равнақига хизмат қилади. Табиийки,...