Чирчиқда янгиланишлар мавсуми

/

Чирчиқда янгиланишлар мавсуми

 

Бугунги пандемия шароитида жамият ҳаётида амалга оширилаётган ишлар депутатлардан янада фаоллик талаб этмоқда. Чунки вақт кутиб турмайди. Иқтисодий инқироз вақтида одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни ҳал қилиш чораларини кўриш, бир сўз билан айтганда, ўз ишига, вазифасига кўпроқ масъулият билан ёндашиш керак.

 

Фикримизни халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари фаолияти мисолида давом эттирамиз. Чирчиқлик депутатлар партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатишда ҳар доимгидан кўпроқ фаоллик кўрсатишмоқда. Хусусан, шаҳарнинг “Ҳайдар Мақсудов” маҳалласи аҳолиси билан учрашув чоғида ҳудуддаги тадбиркорлар “КСМ” корхонаси ичидан ўтадиган оқова сув йўл­ларини ёпиб, муаммоларни кў­пайтираётганини маълум қилишди. Ушбу оқова сув маҳалла аҳолиси хонадонларига оқиб кираётгани, ернинг захлаб кетиши одамларнинг соғ­лигига зиён етказаётгани ҳақида гапириб, ёрдам сўрашди. Муаммо Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Р.Дастиров саъй-ҳаракати билан ўз ечимини топди.

 

Бундан ташқари, сайловчилар билан мулоқот чоғида “Ҳайдар Мақсудов” маҳалласининг “Қангли”, “Маърифат- Қайилма” кўчасини кесиб ўтувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиё­далар йўлакчасини ташкил этиш масаласида мурожаат бўлган эди. Депутат Р.Дастиров шаҳар йўл қурилиш пудрат корхонаси раҳбари билан боғланди. Қисқа фурсатда ташкилот томонидан пиёдалар йўлига бетон йўлак ётқизилди. Шу­нинг­дек, мазкур кўчалардаги эскириб, авария ҳолатига келиб, ёнғин хавфини чиқараётган сим­ёғочларни алмаштириб бериш юзасидан тушган мурожаатлар шаҳар электр энергия тармоқлари корхонаси раҳбари С.Файзуллаев билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди.

 

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Ш.Бегматов ҳам сайловчиларнинг ишончини оқлаш учун ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб келмоқда. Масалан, “Шарқ” маҳалласининг 30 га яқин фуқароларидан ички кўчаларни асфальт қилиш, “Шарқ”, “Муқимий”, “Буюк Турон” кўчаларидаги яроқсиз электр симёғочларини алмаштириш, “Шарқ”, “Аҳмад Яссавий” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи канал турли маиший чиқиндилар билан тўлиб кетганлиги каби 32 та мурожаат келиб тушди. Ободонлаштириш бош­қармаси томонидан маҳалладаги ички йўлларнинг 340 метр қисми асфальт­ланди. “Чирчиқ шаҳар ГЭС каскади” унитар корхонаси раҳбарига юборилган депутатлик сўрови натижасида “Шарқ” ва “Яссавий” маҳаллалари марказидан оқиб ўтувчи Чирчиқ канали ва кўприк атрофи ҳар ҳил маиший чиқиндилардан тозаланди.

 

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати У.Юнусов ҳам ўзи сайланган ҳудудда аҳоли муаммоларини ўрганмоқда. Сайловчилар билан мулоқот чоғида “Ифтихор” маҳалласи ҳудудидаги кўчада тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмаганлиги, йўлларнинг таъмирталаблиги, “Лола” маҳалласи ҳудудида эса электр тизими нотўғри ўрнатилганлиги боис  аҳоли ҳаёти хавф остида қолаётганлиги сабаб сим­ёғочларни қайта ўр­натиш бўйича мурожаатлар келиб тушди. Депутат У.Юнусовнинг шаҳар электр тармоқлари корхонаси раҳбарига юборган депутатлик сўрови асосида мазкур масала ҳам ижобий ҳал қилиниб, кўчаларга янги симёғочлар ўрнатилди.

 

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси О.Таджибаев ўзи сайланган ҳудуд муаммоларини ўрганиш жараёнида асосан ички йўлларни таъмирлаш, бандлик ва коммунал соҳа билан боғлиқ мурожаатларни қабул қилди. Фуқаро Ўразбой Бабажановга “Элус” МЧЖ раҳбари томонидан иш ҳақи тўланмаганлиги ва асоссиз ишдан бўшатганлиги бўйича мурожаат тушди. Депутат О.Таджибаев фуқаро муаммосини Чирчиқ туманлар­аро судига йўллаб, депутатлик сўрови орқали ҳал этди.

 

 А.Темур кўчасидаги кўп қаватли 11-уйнинг биринчи қаватида кутубхона жойлашган бўлиб, илгари мактаб ва коллеж ўқувчилари қаторида ушбу кутубхонадан аҳоли ҳам кенг фойдаланиб келган. Бугун ушбу кутубхонадан аҳоли фойдаланишига чеклов қўйилганлиги боис мурожаатлар келиб тушди. Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати М.Якубов Тошкент вилояти Чирчиқ педагогика институти ректори Г.Муҳаммедов билан биргаликда муаммони ҳал этиб, аҳолига қулайлик яратиб берилди.

 

Юртимизда юзага келган фавқулодда вазиятдан келиб чиқиб, “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан тизимли равишда “Вирусга тўсиқ, меҳрга очиқмиз” хайрия акциялари доирасида жойларда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга саховат ва мурувват ёрдамлари кўр­сатиб келинмоқда. Жумладан, партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси Равшан Дас­тиров, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Маҳмуджон Балтабаев, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари Мўмин Якубов, Эржан Нисанкулов, Шуҳрат Бегматов “Шарқ”, “Аҳмад Яссавий”, “Навбаҳор” “Шодлик” МФЙларда яшовчи 200 та эҳтиёжманд оила учун минг дона қадоқда чой ҳамда сариёғ, 10 минг дона тиббиёт ниқоби, 100 жуфт спорт анжомларини тарқатишди.

 

Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари йиғилишида депутатлик гуруҳининг ташаббуси билан шаҳар молия бўлими, ИИБ, прокуратура, жиноят ишлари бўйича туман суди раҳбар ходимларининг онлайн эшитувлари ўтказилди. Депутатларнинг мулоҳаза ва таклифлари ўртага ташланиб, ҳамкорликда ҳал этиладиган амалий ишлар хусусида фикрлашиб олинди.

 

Кўриниб турибдики, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг ташаббуси, ҳаракатлари билан шаҳарда бир қатор муаммолар ўз ечимини топмоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари вақтида ўрганилиб, мавжуд камчиликлар бартараф этилмоқда.

 

Зотан, ҳар бир мурожаат ўзаро мулоқотга, мулоқот эса муҳокамага йўл очади. Бу билан жамиятимизда адолат бар­қарорлиги таъминланади, адолат бор жойда эса шикоятга ўрин қолмайди.

 

 

Фотима САТТОРОВА,

 

Тошкент вилояти кенгаши матбуот котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига, энг аввало, нормаларни қўллашда фойдаланиладиган асосий тушунчалар киритилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденл...
01 янв 1970
Шу кунларда ҳаваскор жамоалар ўртасида “Адолат“ кубоги учун ҳудудларда ўтказилаётган мини-футбол мусобақасининг минтақавий босқичи бошл...