Дезинфекция йўлаклари кўргазма учунми?

/
Дезинфекция йўлаклари кўргазма учунми?
 
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева бошчилигидаги ишчи  гуруҳ Самарқанд вилоятининг Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳридаги  коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича ташкил этилган  штаб, тиббиёт бирлашмалари ҳудуди ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлишди. 
 
Ўрганишлар натижаларига кўра вилоят Соғлиқни сақлаш бош­қармаси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилгани аниқланди. Жумладан, жорий йилнинг 15 март — 10 июнь кунлари  жами 22 482 нафар фуқаролар тиббий кузатувга олинган бўлиб, уларнинг 20 707 нафарида касаллик аниқланмаганлиги учун тиббий назоратдан чиқарилган. Айни пайтда  жами 1 775 нафар фуқаролар карантинда турибди. Уларнинг 941 нафари аёллар, 662 нафари эркаклар, 172 нафари вояга етмаганлар ҳисобланади. Карантинга олинганларнинг 919 нафари — уй шароитида, 856 нафари махсус муассаса ва шифохоналарда тиббий кузатувга олинган.
 
Карантинга олинганларни  тиббий  кузатувга  олиш учун  вилоятда  47 та  карантин  зоналари ташкил этилган бўлиб, ушбу зоналар шифохоналар, тиббиёт марказлари, 8 та меҳмонхона  ва  битта  санаторияда  ташкил этилган.
Самарқанд вилояти бўйича пандемия даврида коронавирус инфекциясининг олдини олиш ва даволаш мақсадида тадбирларни амалга оширишда фуқароларга 15 042 нафар тиббиёт ходимлари (врачлар — 4 356, ўрта ва кичик ходимлар — 10 686) жалб қилинган. Ҳар куни ўртача 8 500 дан зиёд хонадонларга кирилиб, улардаги 10 мингга яқин оила аъзоларининг тана ҳарорати ўлчаниб борилмоқда. 139 та дезинфекция гуруҳлари фаолият олиб бормоқда.
Шуни қайд этиш керакки, вилоятдаги ҳар бир даволаш-профилактика муассасаларида коронавирус касаллигининг олдини олиш, унга қарши курашиш ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, тиббиёт ҳодимларига хизмат вазифаларини ўташ жараёнида касалликни юқтириб олмаслиги борасида узлуксиз амалий треннинг маш­ғулотлари ўтказилишига қарамай, 67 нафар тиббиёт ходими беморларни даволаш ва хизмат вақтида COVID-19 касаллигини юқтириб олган. Уларнинг 21 нафари —  врач, 24 нафари — ўрта тиббиёт ходими ва 22 нафари — кичик тиббиёт ходимларидир.
 
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, бошқарма ва ташкилотларнинг кириш жойларида, савдо нуқталари ва бозорларни фаолият юритишга тайёрлаш учун тўлиқ дезинфекция, тозалаш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, кириш нуқталарига дезинфекция йўлаклари ўрнатилган бўлса-да, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилмаяпти. Айрим ҳудудларда дезинфекция йўлаги ташкил этилган бўлишига қарамай, карантин қоидаларига риоя қилинмаётган, оралиқ масофани сақлаш мутлақо унутилган ҳолатлар ҳам борлиги ачинарлидир. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган ушбу муаммолар мутасаддилар кўмагида ўз жойида бартараф этилди.
 
Муҳиба БАБАБЕКОВА,
халқ депутатлари
Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,
Тозагул ХОЛИҚОВА,
халқ депутатлари
Самарқанд вилояти Кенгаши депутати, ишчи гуруҳ аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Қизилтепа тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўр...
01 янв 1970
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни маънавий жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА 125 ТА САЙЛОВ ОКРУГЛАРИДАН САЙЛАНГАН ДЕПУТАТЛАР РЎЙХАТИ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар орас...