Таҳририятга хат «Фарзандларимиз айбдор, аммо...»

/
Таҳририятга хат «Фарзандларимиз айбдор, аммо...»
 
Ҳурматли таҳририят ходимлари.
 
Биз ўтган йил охирида бўлиб ўтган сайловларда “Адолат” социал-демократик партияси номзодларига овоз бердик. Чунки фақатгина “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастурида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат ўрнатишга ваъда берди. Биз Сизнинг партиянгизга ишонамиз ва шунинг учун ҳам партия ғояларини қўллаб-қувватладик.
 
Энди Сизга ушбу аризани ёзишдан мақсадимизга ўтсак. 2014 йили фарзандларимиз Абдусаломов Авазбек Бахтиёр ўғли (1993 йилда туғилган) ва Маҳамадалиев Нодиржон Мухторали ўғлига (1992 йилда туғилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисмининг “в” банди билан 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Фарзандларимиз қилган жиноий иш учун бутун оила аъзоларимиз билан пушаймондамиз. Уларнинг айбини биз ҳам, ўзлари ҳам тан олишади. Фарзандларимиз ҳам ёш­лик қилиб, жиноят кўчасига кирганларидан пушаймон. Биз ота-оналар сўз бериб айтамизки, улар энди умрларининг охиригача жиноят йўлига кирмайдилар. Қилган жиноятларидан тўғри хулоса чиқариб олганлар. Биз ҳам уларнинг тарбия­сини қат­тиқ назоратга олиб, келгусида мустақил Ўзбекистонимизга содиқ фарзандлар бўлиб хизмат қилишларига ваъда берамиз.
 
“Адолат” социал-демократик партияси илгари сурган ғоялар ва “Адолат” газетаси ходимларининг жонкуярликларига ишонамиз. Фарзандларимизнинг ёшлик қилиб йўл қўйган хатоларини тўғрилашда, оилаларимиз бағрига қайтаришда ёрдам берсангизлар, бир умр Сизларни дуо қилиб ўтардик.
 
Фарзандларимиз Абдусаломов Авазбек ва Мамадалиев Нодиржон Тошкент вилоятидаги умумий тартибли жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташмоқда. Сизлардан қилмишлари учун тавба қилган фарзандларимизни оилаларимиз бағрига қайтаришда ёр­дам сўраймиз.
 
Сизларга умид билан оила аъзоларимиз номидан
Олтиариқ тумани, Бўстон МФЙ, Белариқ кўчасида яшовчи
Пўлатов Бахтиёр ва Дадабоев Мухторали
 
Таҳририятдан:Албатта, таҳририятга умид билан мурожаат қилган фуқароларнинг аризаларини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаймиз. Имкон даражасида уларга ҳуқуқий ёрдам беришга, муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиламиз. Шу маънода Б.Пўлатов ва М.Дадабоевларнинг мурожаатларини ҳам ўрганиб чиқдик ва уни айрим қисқартиришлар билан газетада чоп этишга қарор қилдик. Бундай қарорга келишимизга сабаб, кейинги уч йилда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида улкан ижобий ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу ислоҳотлар натижасида жиноят кўчасига адашиб кириб қолган юзлаб, балки минглаб юртдошларимизнинг ўз оилалари бағрига қайтаётгани бўлди. Зеро, кечиримлилик, бағрикенглик халқимизга хос ажойиб қадриятдир.
Мурожаатчи фуқаролар ўзлари тан олиб таъкидлаганларидек, улар фарзандлари жиноят қилганини инкор қилишмаяпти, уларга кўрилган жазо чорасидан ҳам норози эмаслар. Фақат фарзандларининг ёшлигини, 2014 йил 27 мартдан бошлаб жазо ўтаётганини инобатга олиб, енгиллик сўрашмоқда.  
2014 йилнинг 16 сентябрида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўштепа туман судининг очиқ суд мажлисида чиқарилган ҳукмига биноан жазо муддатини ўтаётган фарзандларининг оила бағрига эртароқ қайтаришга имкон қидиришаяпти. Умид қиламизки, ушбу мурожаат тегишли суд идоралари томонидан қайта кўриб чиқилиб, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар 2014 йилдаёқ тўлиқ қоплангани инобатга олиниб, А.Абдусаломов ва Н.Маҳамадалиевларга ўз оилалари бағрига қайтиб, ҳалол ишлаб, ҳалол яшашлари учун яна бир имкон берилади.       

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республикамизнинг барча ҳудудларида партия электорати манфаатларига сидқидилдан хизмат қилувчи ва дастурий мақсадларимиз ижроси учун курашувчи қуйи...
01 янв 1970
Миллий қонунчилигимиздаги ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёнида юзага келган янги вазифалар шунга мос равишда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини ташкил эт...
01 янв 1970
Танловнинг вилоят босқичи ғолибларига партия кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди....
01 янв 1970
Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб “Адолат билимдони” республи...