Ёшларни ҳаётга тўғри тайёрлаш ажримларнинг олдини олади

/
Ёшларни ҳаётга тўғри тайёрлаш ажримларнинг олдини олади

Давлатимиз раҳбари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувида давримизнинг бир қатор муаммоларига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳар бирини жиддий таҳлилдан ўтказди. Жумладан, учрашувда ёшлар ўртасида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Чиндан ҳам, бугун атрофга синчковроқ қарасангиз, ёшлар ўртасида оилавий ажримлар кўпайиб бораётганига шоҳид бўласиз. Мутахассислар ҳам республикамизда кейинги 10 йил давомида оилавий ажримлар сони икки баробарга ошганини айтишмоқда. Агар бу ҳолатни аниқ рақамларда ифодалсак, 2008 йилда 16 мингдан ортиқ никоҳдан ажралиш ҳоллари қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилга келиб 32 минг­дан ортиб кетган!

Бир йилда 32 минг ажрим! Ва уларнинг асосий қисмини айнан ёш оилалар ташкил этади! Мана шу рақамларнинг ўзиёқ юрт раҳбари бежиз бу масалага эътибор қаратмаганини яққол ифодалаб турибди. 

Хўш, ёшлар ўртасида оилавий ажримларнинг асосий сабаби нимада? Мутахассислар бу саволга бир оғиздан “ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмасликлари”, деб жавоб беришмоқда.    

Ҳа, бугун ёшлар компьютер ўйинларини қойилмақом қилиб ўйнашади, мобиль телефонда саноқли дақиқалар ичида дунёнинг у тарафидан кириб, бу тарафидан чиқишади, бачкана сериалларни, кўрсатувларни соатлаб, узлуксиз томоша қилишади, бироқ оилавий ҳаётга тайёргарлик масаласида билим ва дунёқарашлари ҳаминқадар. Ваҳоланки, оила — жамиятнинг кичик бир ячейкаси,  таъбир жоиз бўлса, кичик Ватан, шундай экан, тайёргарлик кўрмасдан, икки-уч соатлик дабдабали тўйдан кейин оила аталмиш муқаддас даргоҳда осонгина яшаб кетаверадиларми? Албатта, йўқ. Оила, унинг ҳар бир аъзосидан руҳий-жисмоний тайёргарликни, маънавий юксакликни, ахлоқий софликни талаб қилади. Қолаверса, ёш оиланинг ўзига хос масъулияти, ёзилмаган қонунларга итоат этиш мажбуриятлари ҳам борки, уларни санайверсангиз, катта бир китоб бўлади.     

Оилавий низолар кеча пайдо бўлган муаммо эмас. Эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик ва никоҳнинг бекор қилиниши азалдан мавжуд бўлган. Аммо сўнгги йилларда ажримлар сонининг кескин ортиб бораётгани инсониятни чуқурроқ мушоҳада юритишга ундайди.

Янги ҳаётга қадам қўйган ҳар бир инсон бахтли турмуш, муҳаббат ва садоқатни кўнглига тугади. Кун келиб жуфтига хиёнат қилиш, можаро ва ажримлар уларнинг хаёлига ҳам келмайди, албатта. Аммо муаммолар гўзал турмушга чанг солиб, томонларнинг бир-бирига бўлган муносабатларини ўзгартирган, оилани барбод этган ҳолатлар барча замон ва маконларда учрайди. Ажрим хавфидан ҳеч бир оила суғурталанмаган. Эркак ҳам, аёл ҳам бир умрли бахтли ҳаётни кўнгилга тугишлари ва шунга монанд йўл тутишлари лозим. Зеро, ажрим асорати аянчли касалликка ўхшайди, дард унинг эгасида яширин кечади-ю асорати фарзанд­ларида қолади.

2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инс­титутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ апрель ойи­дан маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Ажралишларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, “яраштириш ко­миссия­лари” такомиллаштирилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси янги йилда ҳам қатор жамоат ташкилотлари, жумладан, маҳалла институти билан ҳамкорликда оилалар мустаҳкамлигини ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этаверади.   

Жамиятнинг асоси ва асосий ҳалқаси бўлмиш оилани аёлсиз тасаввур қилиш қийин. Аёлга муносабат – миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурматни намоён этишнинг асосий мезони ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, биз жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда давом этиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш тарафдоримиз.

Сайловолди дастуримизда мактаб дастурига “Тарбия” фанини киритиш таклифи билан чиққанимиз ҳам бежиз эмас. Бу орқали ёшлар ҳаётга тайёрлаб борилади, оиланинг муқаддаслиги улар онгига болаликдан сингдирилади.

Рисоладаги ўзбек оиласи азалдан мустаҳкам, ҳавас қиларли оила бўлиб келган. Шу сабаб ҳам бугун ёшларни оилага тайёрлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Яъни, оила тинч — Ватан тинч, деган эзгу тушунча доимо шууримизда, қалбимизда бўлиши керак. Руҳшунослар фикримизни тасдиқлашар, инсониятнинг энг улуғ сиймолари аксар ҳолатларда муҳити соғлом, аъзолари бир-бирига ғамхўр, муҳаббат ва эҳтиром устувор оилаларда камол топишган. Шундай экан, оилаларнинг мустаҳкамлиги, энг аввало, халқнинг, Ватаннинг ҳам бойлиги эканлигини унутмайлик.

 

Муҳиддин Маматов

 

76-Шеробод сайлов округидан Олий Мажлис

 

Қонунчилик палатаси депутатлигига кўртсатилган номзод

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жойларда дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда асосий механизмлардан бири саналган депутатлик гуруҳларининг ташаббускорли...
01 янв 1970
Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир — шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияс...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили