МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛИШИГА АМАЛИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛМОҚДА

/
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари мамлакатимизнинг бир қатор туманларида бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганишмоқда, жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг мазкур назорат-таҳлил фаолияти давомида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси кенг жаматчилик ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан муҳокама қилиниб, таклифлар ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам мазкур ишчи гуруҳлари таркибида фаол иштирок этмоқда.

ҚАШҚАДАРЁ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Миришкор туманида бўлиб, бир қатор муассасалар, маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот қилди, кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳудудда ижтимоий-иқтисодий соҳаларга қай даражада татбиқ этилаётганини ўрганди.
Мулоқотлар чоғида фракция раҳбари амалдаги қонун хужжатлари, уларнинг ишлаш механизмларини такомиллаштириш, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда “Адолат” СДПнинг мақсад ва ғоялари хусусида фикр-мулоҳаза юритди.
Бозорлар — юрт кўрки. Н.Умаров тумандаги янгидан қуриб битказилган “Жейнов” кўп тармоқли савдо мажмуасида сотувчилар ва харидорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди. Мажмуада савдо дўконлари ва расталар халқаро талаблар асосида барпо этилганлиги эътиборга молик.
— Ушбу савдо мажмуаси январь ойининг охирида иш бошлайди, — деди туман ҳокими Равшан Комилов. — Айни пайтда бу ерда дўконларни керакли жиҳозлар билан таъминлаб, аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратилмоқда.
Қонунчилик палатасидаги партия фракция раҳбари Наримон Умаров ва депутат Абдуғани Умировнинг бир қатор тиббиёт муассасаларида шифокорлар билан учрашувлари ҳам қизғин фикр алмашувларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида қабул қилинган қарорлар юзасидан депутатлар атрофлича тушунчалар беришди.
Жумладан, “Чаманзор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиникада ўтказилган учрашувда тиббиёт ходимлари ва фуқароларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланди. Унда сўзга чиққан Наримон Умаров “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган чора-тадбирлар хусусида фикр юритиб, аҳолининг саломатлигини асраш энг устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Учрашувда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Илҳом Шарипов соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган натижалар, ечимини кутаётган масалалар хусусида тўхталиб ўтди.
— Тиббиёт ходимлари аҳолига замон талаби асосида хизмат кўрсатишга астойдил ҳаракат қилмоқда, — деди И.Шарипов. — Айни пайтда фуқаролардан шикоят ва эътирозлар билдирилмаган бўлса-да, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш учун ҳали қилинадиган ишлар кўплигини англаб турибмиз. Масалан, туманимизда мутахассис кадрлар етишмаслиги туфайли фаолиятимизда баъзи муаммоларга дуч келаяпмиз. Хусусан, умумий амалиёт ва участка шифокорлари етишмайди. Бундан ташқари, туғуруқ бўлимида педиатр мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда.
Наримон Умаров мазкур масалаларда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.
Депутатларнинг “Жейнов”, “Чаманзор” маҳаллалари, туман марказий касалхонасида саломатлик посбонлари ва беморлар билан мулоқоти ҳам иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди. Тиббиётчиларнинг ташаббуси билан марказий касалхона ҳовлисида беш гектарлик боғ барпо этилганлиги кўпчиликни мамнун қилди.
Мулоқотлар давомида Давлат дастури лойиҳасида тиббиёт йўналишига доир вазифалар хусусида мутахассислар ўз фикр ва таклифларини баён этишди.
Депутатлар маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол меҳнати туфайли оиласига ва элга наф келтираётган хонадонлар аҳли билан ҳам суҳбатлашдилар. “Ёшлик” маҳалласида умргузаронлик қилаётган Тўрақул ота Нусратов нафақада бўлишига қарамасдан ўз томорқасида сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш билан бирга, мўъжазгина иссиқхонада қиш мавсумида ҳам эл дастурхонига мўл-кўл мевалар, лимон тортиқ этаяпти. Оилавий тадбиркорлик учун яратилган имкониятлар туфайли чорвачиликда ҳам хайрли ишлар қилишмоқда. Яъни ҳар куни арзон нархларда савдо дўконларига ва болалар боғчаларига сут етказиб берилмоқда. Айниқса, Тўрақул ота Нусратов йўлга қўйган тадбиркорлик фаолияти туфайли ўз маҳалласидаги 4 та оила аъзолари доимий иш билан таъминланганлиги диққатга сазовор. Депутатлар ана шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Тўрақул ота кўпчиликка ибрат кўрсатаётганини таъкидладилар.
САМАРҚАНД. Фуқароларнинг ҳаётий манфаатларига дахлдор муаммоларни кечиктирмай ҳал этиш, аҳоли мурожаатлари асосида давлат идоралари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижросини ўрганиш ва зарур чора-тадбирлар белгиланишини таъминлаш мақсадида вилоятнинг Нуробод туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати томонидан ўтказилаётган парламент назорати дастлабки натижаларини бермоқда.
Туманда, хусусан, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, коммунал хизмат, йўлсозлик сингари ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларида талайгина камчилик, муаммолар аниқланиб, уларни кечиктирмай ҳал этиш юзасидан тегишли идоралар раҳбарларига депутатлик сўровлари билан мурожаат қилинди ва ижро назоратга олинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Маҳматмуродов халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи аъзолари билан биргаликда “Улус” қишлоғидаги ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини ўрганиб, фуқароларнинг айни шу йўналишдаги талаб, мурожаатлари жиддий сабаб ва эътирозларга сабаб бўлаётганини аниқлади. Чунончи “Улус” қишлоқ врачлик пунктида 4 нафар умумий амалиёт шифокори фаолият кўрсатиши лозим бўлгани ҳолда депутат бу ерда атиги 1 нафар шифокорни иш жойида учрата олди. Бу лавозимдаги қолган 3 та иш ўрни кадрлар билан таъминланмай қолгани, шошилинч тиббий ёрдам шохобчасига ажратилган хизмат автомашинаси эскириб, зарур жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар етишмаслиги боис тўхтаб қолаётганлиги шифокор ва беморлар учун жиддий ноқулайликлар туғдираётгани маълум бўлди. Депутат туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари иштирокида ўрганиб чиқилган ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан зарур чоралар белгиланишини ўз назоратига олди.
“Улус” МФЙ ҳудудида жойлашган 3-умумтаълим мактаби таъмирталаб бўлиб қолганлиги, ёғингарчилик пайтида ўқув биноси томидан чакка ўтиши, парта, стол-стуллар етишмаслиги, бори ҳам эскирганлиги, лаборатория жиҳозлари йўқлиги таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатаётганлиги депутатларнинг ушбу масканга ташрифлари чоғида жиддий хулоса чиқаришларига асос бўлди. Туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими раҳбарлари билан фикрлашиб, мактаб биносини тўлиқ таъмирлаш вазифасини тегишли дастурга киритиш чораларини кўриладиган бўлди.
А.Маҳматмуродов ечимини топмаган ижтимоий муаммолар халқ таълими муассасаларида кўпроқ учрашини аниқлади. Хусусан, туманнинг “Халқобод” МФЙ ҳудудида жойлашган 4-умумтаълим мактабида тоза ичимлик суви етишмаслиги, қишлоқ ва мактаб ўртасидаги “Собирсой” анҳори устига кўприк қурилмагани боис ўқувчилар дарсга узоқ йўлдан қатнашга мажбур бўлаётганлиги ҳам тегишли идоралар раҳбарлари номига депутатлик сўрови киритилишига асос бўлди.
Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвоновнинг тумандаги “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий шарт-шароитларни ўрганиш асосида тегишли давлат идоралари раҳбарлари билан аҳволни яхшилаш бўйича мулоқотлари ҳам ўз самараларини бермоқда. Депутатлик назорати тарзидаги ўрганишларнинг биринчи кунидаёқ “Шарқ юлдузи” маҳалласида 16 та жиддий мурожаат кўриб чиқилди.
Жумладан, кўп қаватли уйларда газ босимининг меъёридан пастлиги, шу боис йўл ёқасидаги дарахтлар уйларни иситиш учун ноқонуний кесиб кетилаётганлиги, 61-умумтаълим мактабига олиб борадиган автомобил йўли таъмирталаб аҳволда эканлиги, туман кўзи ожизлар жамияти аъзолари 2017 йилнинг 4-чораги учун ойлик маошларини ҳанузгача ололмаётганлиги, 536 ўқувчи ўрнига эга 1-умумтаълим мактабида 1134 нафар ўғил-қиз икки сменада ўқиётганлиги аниқланди. Ш.Полвонов ушбу масалалар тумандаги дахлдор идора-ташкилотлар томонидан кечиктирмай ҳал этилишини ўз назоратига олди.
БУХОРО. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев ва мутасадди идоралар раҳбарлари Ромитан туманида уй-жой коммунал соҳасидаги аҳволни ўрганиб, бир қатор муаммоларни ўз жойида таҳлил этишди.
Депутат туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ва масъул ходимлари ҳамроҳлигида “Боғитуркон” ҚФЙнинг “Марзиё” қишлоғида бўлиб, фуқароларга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берди. Мулоқотлар чоғида “Деҳқон Зебинисо” МЧЖ раҳбари Амрилло Бахшиллоев оилавий тикувчилик цехини очгани ҳамда қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатаётганини баён қилди.
— Бизга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, тикувчилик цехимизда кийим-кечаклар тайёрлаш билан бирга қишлоқдошларимизга ҳунар сирларидан ҳам сабоқ бериб келяпмиз, — дейди А. Бахшиллоев. — Бугунги кунда тикувчилик цехини янада кенгайтириш мақсадида изланмоқдамиз.
Депутат Қ.Жўраев ҳудуддаги бир қатор қишлоқ врачлик пуктларининг фаолияти билан танишиш чоғида фуқаролар қишлоқ аҳолиси соғлиғини асраб-авайлашда бирмунча янги шароитлар яратилганини таъкидлашди. Шунинг баробарида мазкур тиббиёт муассасаларида айрим муаммолар ҳам борлиги аён бўлди.
“Ўтабек” қишлоғидаги қишлоқ оилавий поликлиникасида иситиш тизимидаги носозликлар, патронаж сумкалари етишмаслиги, жарроҳлик амалиёти учун тор хона ажратилгани, тиббий асбоб-ускуналар етарли эмаслиги боис замон талабига жавоб бермаётганлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Темирхўжа” қишлоғида жойлашган 15-мактабгача таълим муассасасидаги шарт-шароитлар билан танишдилар. 140 ўринга мўлжалланган ушбу муассаса ходимлари айни пайтда уларни ўйлантираётган масалаларга депутатнинг эътиборини қаратиб, хусусан, бу масканда канализация қувурининг йўқлиги, боғча атрофини девор билан ўраш зарурлиги, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, муассасада яна 65 ўринга эҳтиёж борлиги ҳақида сўз юритишди.
16-умумтаълим мактабидаги шароитлар ўрганилганида ҳам бир қатор ечимини кутаётган масалалар аниқланди. Жумладан, мактаб биносини замон талабига жавоб берадиган даражада таъмирлаш, жиҳозлаш, фаоллар хонаси, спорт майдончаларини янгилаш, кўргазмали қуролларни янада кўпайтириш зарур. Ҳар бир синф хонасини кўздан кечирар экан, депутат таълим самарадорлигини ошириш ҳақида ўқитувчилар билан фикрлашди.
“Шўрчи” ҚФЙда жойлашган, 844 ўринга мўлжалланган 18-умумтаълим мактабида ҳам бир қатор муаммолар борлиги қайд этилди. Қиш мавсуми бўлишига қарамасдан таълим даргоҳида иситиш тизими ишламаётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Учрашувлар давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар кўрилиши, ҳар бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмаслигини депутат алоҳида қайд этди.
НАМАНГАН. Мингбулоқ — Наманган вилоятининг энг навқирон туманларидан бири. Унинг ташкил топганига яқинда 65 йил тўлади. Марказий Фарғонадаги чўлларни ўзлаштириш туфайли асрий қумликлар ўрнида далалар, боғ-роғлар вужудга келди. Қатор саноат корхоналари, янги қишлоқлар бунёд бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Наманган вилоятидан сайланган депутатлар тумандаги корхона ва ташкилотларда, муассасаларда бўлиб, ишчи-хизматчилар, маҳаллалар аҳли билан учрашмоқдалар.
— Аввало, фуқаролар билан жонли мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлашга эътибор қаратилмоқда, — дейди “Адоалт” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Яқубов. — Шу билан бирга, жойларда ташкил этилган секторлардаги ҳолатни ўрганиш ва долзарб вазифаларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш ҳам диққат марказимизда турибди.
Депутат Ш.Якубов 14-15 январь кунлари бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Унга халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Ш. Йўлдошев ва Ж.Сулаймонов ҳамроҳлик қилдилар. “Меҳнатобод”, “Яккатол” маҳаллаларида жами 33 та хонадонга ташриф буюрилди.
Очиқ мулоқотларда фуқаролар фаол қатнашганини айтиб ўтиш жоиз. Улар кўтарган 14 та масаланинг 6 таси ўз жойида ҳал этилди. Суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, хонадонлардаги ёрдамчи хўжаликлар учун ем-хашак сотиб олиш, пенсияни қариялар ва ногиронларнинг уйларига етказиш билан боғлиқ масалалар шулар жумласидандир. Қишлоқда тиббиёт муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш бўйича берилган саволлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Маҳалла фаоллари ҳудудда сизот сувлари кўтарилиб кетишининг олдини олиш масаласида мурожаат этишди. Мазкур муаммо юзасидан Ш.Яқубов Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига депутатлик сўрови билан мурожаат қилишини таъкидлади.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Қайрағочовул” қишлоғида ҳам фуқаролар билан учрашдилар. Туман марказидан унча узоқ бўлмаган мазкур қишлоқда ҳам қатор ечимини кутаётган масалалар тўпланиб қолганлиги аниқланди. Хусусан, ичимлик суви таъминоти жиддий муаммога айланган. Тўғри, белгиланган жадвал бўйича хонадонларга автоцистернада тоза сув олиб келиб тарқатилади. Рўзғордаги бошқа эҳтиёжлар учун эса оқар сувдан фойдаланишади. Қудуқ қазиш ва сув узатиш тармоқлари барпо этиш масаласи бир неча йилдан бери ҳал бўлмаяпти. Ички йўлларнинг ҳолати ҳам талаб даражасида эмас, уларнинг бир қисмига шағал ҳам ётқизилмагани боис ёзда чанг, қишда лойгарчилик ноқулайликлар пайдо қилмоқда.
Қишлоқда жойлашган 36-умумтаълим мактабидаги шарт-шароитни ҳам яхшилаш лозим. Мактаб директори Абдуғаффор Султоновнинг айтишича, бу даргоҳда 260 ўқувчи таълим олади, ўттиз нафар педагог ишлайди. Иситиш тизими яроқсиз, шу сабабли синф хоналари печкага кўмир ёқиб иситилади, аммо зарур ҳароратни таъминлаш муаммоси мавжуд. Бунинг устига қурилганига эллик йилдан ошган иккала ўқув биноси ҳам таъмирга муҳтож. Бу масала туман ва вилоят халқ таълими мутасаддиларининг эътиборига ҳавола этилиб, депутатлар назоратига олинди.
АНДИЖОН. Парламентимиз аъзолари Хонобод шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда. Маҳаллаларда, муассаса ва ташкилотларда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотларда миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгаришлар мазмунини тушунтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
— Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган вазифалар биз — халқ вакилларини аҳоли ва кенг жамоатчилик орасига кириб боришга ундамоқда, — дейди Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. — Ҳар бир хонадонга кириб, одамларни рози қилиш устувор вазифамиздир. Хонобод шаҳри Президентимизнинг 2017 йилдаги ташрифидан сўнг тубдан ўзгариб, янада чирой очмоқда. Шунинг баробарида хонободликларнинг дунёқараши ҳам ўзгарган.
Биз маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб хонободликлар билан суҳбатлашяпмиз. Юзага келган муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ҳақида фикрлашиш баробарида уларнинг ечимини топиш чоралари кўрилмоқда.
“Фитрат” маҳалласидаги кам таъминланган оила аъзоси Наргиза Йўлдошева моддий ёрдам пули ололмаёгани, Шоҳиста Раҳмонова, Олтиной Усмонова фарзандлари учун нафақа пулига эҳтиёжманд эканини айтишди. Маҳалла фаоллари билан фикрлашилгач, ушбу муаммолар ҳал этилди.
Шунингдек, М.Дадаходжаева Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминланганлик ҳолатини кўздан кечирди, беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзгаришларга бўлган муносабати билан ҳам қизиқди.
Мулоқотлар давомида кенг кўламли ислоҳотлар ҳар биримиздан фаоллик ва ташаббускорликни талаб этиши ўз ифодасини топмоқда. Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
НАВОИЙ. Томди вилоятнинг ҳудудий жиҳатдан энг йирик тумани ҳисобланади. Қизилқум саҳросининг марказий қисмида жойлашган туман аҳолиси азалдан чорвачилик билан шуғулланиб келган. Айни пайтда ҳам бу ердаги 194 та фермер хўжалигида қўйчилик, қорамолчилик, йилқичилик ва туячилик жадал суръатларда ривожлантирилаяпти.
Шу билан бирга, ҳудудда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммолар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Айни пайтда мавжуд муаммоларга парламентимиз аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи назорат-таҳлил ўрганишларида алоҳида эътибор қаратмоқда.
— Ишчи гуруҳи аъзолари туманнинг вилоят марказидан 250-300 километр олисда жойлашган бир қатор тиббиёт ва таълим муассасалари, аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашди, — дейди сенатор, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Гулчеҳра Сатторова. — “Қизилқудуқ” овулида яшовчи Нуржан Карабаев ҳамда Медет Миртиевлар иш билан таъминлаш масаласида кўмак беришимизни сўрашди. Ишчи гуруҳи таркибида иш олиб бораётган Меҳнат вазирлигининг жамоат ишлари жамғармаси ижрочи директори Салоҳиддин Саматов иштирокида муаммо жойида ҳал этилди. Ўрганиш жараёнида “Жабай Балимонов” овулидаги 6-умумтаълим мактабининг таъмирталаб қозонхонасини созлашнинг тезкор чоралари кўрилди. 1-сонли мактабгача таълим муассасасининг шу овулдаги филиалида тарбияланувчилар учун шароитлар етарли эмаслигининг гувоҳи бўлдик. Қиш фасли бўлишига қарамасдан болажонларга линолеум пол устида мусиқа машғулотлари ва ўйинлар ўтказилар экан. Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жалб этилган ҳолда хоналарга гиламлар тўшалди. Мусиқа машғулотлари хонасига печка ўрнатилиб, иситиш йўлга қўйилди. Қўшимча равишда ёритиш мосламалари билан таъминлаш ташкил этилди.
“Қизилқудуқ” овулидаги 4-умумтаълим мактабда таълим 1-синфдан 5-синфгача олиб борилар экан. Ота-оналар фарзандларининг 6-синфдан бошлаб, туман маркази, шунингдек, юзлаб километр олисдаги Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги қариндошлариникида яшаб ёки ижарада туриб ўқишга мажбур бўлишаётганидан шикоят қилишди. Мактаб ўқитувчиси Жупар Қанатова, пенсионер Турсун Мамаханова ва бошқалар бу муаммони туман марказидаги касб-ҳунар коллежи негизида умумтаълим мактаб-интернати барпо этиш йўли билан ҳал қилиш таклифини билдиришди. Г.Сатторова мазкур муаммо тегишли тартибда ўрганилиши ва аниқ чоралар кўрилишида назорат ўрнатишини маълум қилди.
Парламент аъзоларинининг ҳудудлардаги халқ билан юзма-юз мулоқотлари давом этмоқда.
М.АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби.
З.ТЎРАҚУЛОВ, Н.АБДУЛЛАЕВ,
К.САХАТОВ, А.НАЗАРОВ, О.ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2020 ЙИЛ 5 ЯНВАРЬ КУНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВИ БЎЙИЧА ТАКРОРИЙ ОВОЗ БЕРИШ ЎТКАЗИЛАДИГАН С...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари унча кўп эмас, жами тўрт кишидан иборат. ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов...