Партия ташаббуси амалда:

/
“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламентда қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилиниши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши зарурлиги юзасидан вазифалар белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги ҳамкорлигида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда депутатлар, экспертлар, соҳа мутахассислари, олимлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров давра суҳбатини кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизни янада тараққий эттириш, иқтисодиёти энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашда инновацияларнинг аҳамияти жуда муҳимлигини таъкидлади.
— Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди, — деди партия раҳбари Н.Умаров. — Илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолияти самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда давлат қудратини оширишга, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шу боис Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш, қолаверса, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилинишига эришиш вазифаси белгиланган эди. Бир неча йиллик изланишлар натижасида мазкур қонун лойиҳаси партия депутатлари, экспертлари томонидан Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасини айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишдан олдин партия электорати бўлган илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.
— Мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришнинг барқарор тизими яратилган, — деди Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори Маҳмуджон Болтабоев. — Ҳозирда юртимизда салоҳиятли илмий мактаблар, илмий лаборатория, кафедралар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, вазирликлар, идоралар ҳамда республика миқёсидаги илмий-техник ҳамда эксперт кенгашлари шаклидаги кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 300 дан ортиқ олий таълим ва илмий муассасалар, тажриба конструкторлик ташкилотлари, илмий ва инновация марказларида 35 мингдан ортиқ тадқиқотчилар фаолият олиб бормоқда. Улардан 224 та илмий ташкилотларда ишлаётган 11 мингдан ортиқ тадқиқотчиларнинг изланишлари Давлат илмий-техника дастурлари доирасида молиялаштирилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Бир қатор янги илмий-инновацион тузилмалар — Геномика ва биоинформатика маркази, Халқаро қуёш энергияси институти, Кембриж университети иштирокида Юқори технологиялар маркази, Ўзбек —япон инновация маркази фаолияти йўлга қўйилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси Фан ва технологиялар агентлигининг расмий веб-сайти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси портали орқали ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Одилхўжа ПАРПИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари, “Адолат” СДП эксперти:
— “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси олимларимиз, умуман, илмий жамоатчилигимиз томонидан узоқ кутилган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси, аввало, соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири – бу инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилаётганидир.
Шунингдек, қонун лойиҳасида илм-фан ва инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар ҳамда уларнинг ваколатлари, илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилмоқда.
Шу билан бирга, инновациялар ва инновация фаолиятининг молиявий таъминоти манбаларини кенгайтириш мақсадида мазкур фаолиятни давлат бюджети харажатлари билан бир қаторда бюджетдан ташқари манбалар ҳисобига, шу жумладан, махсус инновацион ва венчур фондлари ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилаётгани эътиборга моликдир.
Ҳужжатга мувофиқ давлат бюджети ҳисобига яратилган, интеллектуал мулк объектлари ва технологияларга эгалик ҳуқуқини, уларни яратган илмий ташкилотларга топшириш тартиби белгиланган. Бундай тартибнинг киритилиши истиқболли илмий ишланмаларни синаш ва ишлаб чиқаришда жорий этиш механизми янада такомиллаштирилишни таъминлайди.
Илмий ишланмалар ва технологияларни яратувчилар давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўладилар, бу эса ўз навбатида, университетлар ва илмий ташкилотларнинг илмий изланишлар савиясини оширади, натижаларнинг муҳофазасини таъминлашга бўлган манфаатларини кучайтиради ҳамда инновацион тадбиркорликни жадал ривожлантиришга катта ижобий таъсир кўрсатади.
Яна шуни айтиш жоизки, қонун лойиҳасида инновацияларни ишлаб чиқиш, синаш, трансфер қилиш, тижоратлаштириш учун махсус ташкил этиладиган инновацион корхоналар томонидан амалга ошириладиган инновация фаолияти турлари аниқлаштирилган. Инновация фаолияти турларининг аниқ белгиланиши янги инновацион инфратузилмаларнинг пайдо бўлиши, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг инновацион фаоллигини оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг инновациялар ва инновация фаолияти соҳасидаги қонунчилик амалиёти ва тажрибаси ўрганилиб, улардан фойдаланилган.
“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши илмий, илмий-техник ва бошқа инновация фаолияти натижаларининг яратилиши, ўзлаштирилиши, тижоратлаштирилиши ва фуқаролик муомаласига киритилишини жадаллаштириш имконини яратади. Қолаверса, бу билан инновациялар ва инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдон шаклланади. Инновациявий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрлар инновацион тадбиркорлик соҳасида зарурий ҳуқуқий муҳитни вужудга келтиради, унинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро самарали муносабатни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга имкон беради.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади. Энг ривожланган мамлакатлар ўзларининг юксак тараққиёт даражасига айнан фан ва техника соҳасида эришилган энг сўнгги ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳисобига эришаётганликлари ҳеч кимга сир эмас.
Аксарият ривожланган давлатларда, айниқса, илмий-техник тараққиётнинг бир қисми сифатида эътироф этиладиган илмий-техник инновацияларга иқтисодиётни жонлантирувчи ва унинг рақобатдошлигини таъминлаб берувчи асосий куч сифатида катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Мамлакатимизда ҳам изчил юқори ўсиш суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширишда илмий ва инновацион фаолиятнинг ўзига хос ўрни бор. Мутахассисларнинг халқаро миқёсдаги таҳлилларга таянган ҳолда таъкидлашича, мамлакат иқтисодий ривожланишининг динамик барқарорлигини таъминлашда, биринчи навбатда, илмий ва инновацион фаолият асосий роль ўйнайди. Чунки илмий ва инновацион фаолият ишлаб чиқариш базасини техник ва технологик жиҳатдан тўхтовсиз янгилаш, замонавий технологияларга асосланган корхоналарни ташкил этиш, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, жаҳон товар ва хизматлар бозорига самарали кириб бориш, умуман, иқтисодиётни юксалтиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шу боис республикамизда илмий тадқиқотларни кенгайтириш, инновацияларни реал иқтисодиётга жалб этиш борасида муайян саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Биргина мисол, 2016 йилда давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун бюджетдан 172,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш корхоналарининг бундан ҳам кўп маблағлари инновацион фаолиятга йўналтирилган бўлиб, 2016 йилда ушбу маблағ 300 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этди. Қолаверса, миллий иқтисодиётимизга жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг ҳам катта қисми ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳада тўпланган тажриба ва амалиёт шуни кўрсатадики, бугунги кунда республикамизда илмий ва инновацион фаолиятини янада ривожлантириш йўлида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар ичида, айниқса, илмий-тадқиқотлар ва инновация фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун ҳужжатларининг йўқлиги, шунингдек, инновацияларни яратувчи субъектларга ва инновациялардан фойдаланувчиларга тегишли имтиёзлар берувчи ва рағбатлантирувчи механизмлар кўзда тутилмаганлиги бу борада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида инновацион жараёнларни фаоллаштириш, айниқса, кичик бизнес субъектларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш юқори самара беради. Шу жиҳатдан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг инновацион фаоллигини ошириш, бунда илғор илм-фан ютуқларини мазкур соҳага жорий қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш каби масалалар назарда тутилган.
“Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам инновацияларга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш масаласи устувор вазифа сифатида қайд этилган. Айнан инновацияларга асосланган иқтисодиёт мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради. Шу боис, партиямиз иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, уни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Биз бу борада «миллий инновация тизими»ни ишлаб чиқиш ва амалда рўёбга чиқаришни олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Негаки, бу яқин истиқболда ғоялар, ихтироларни реал амалиётга тез татбиқ этиш қобилиятига асосланган инновацион иқтисодиётга ўтиш учун муҳим омилга айланади.
Шу нуқтаи назардан соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилиш бугунги давр тақозоси ҳисобланади.
Тадбир давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда депутатларнинг қонун лойиҳасини илғор хорижий тажриба ҳамда мамлакатимиздаги мавжуд илмий салоҳият ва иқтисодиётимизнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш юзасидан таклифлари тингланди.
Давра суҳбати якунида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик иштирокида янада кенгроқ муҳокама қилиш ҳамда уни маромига етказиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳамда қабул қилинишига эришиш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари в...
01 янв 1970
Депутат — халқнинг ишончли вакили, у одамларнинг ўй-ташвишларини ўз дилидан кечириб яшамоғи, муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлмоғи дарко...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутатларимиз сайловчилар ва электорат ишончини қозонган ҳолда фаоли...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган...