Ўзбекистон — умумий уйимиз

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ва Республика байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида “Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик — бебаҳо неъмат” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Партиянинг “Буюк ва муқаддассан, ҳур Ўзбекистон!” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда Республика байналмилал маданият маркази, миллий маданият марказлари вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз кўп миллатли халқимизнинг меҳнати самарасидир. Хусусан, 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 диний конфессия вакилларининг барчаси тинч-осойишта ҳаёт кечириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг ўз урф-одат ва расм-русумларини тўлиқ адо этиши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган. Миллий маданият марказлари фаолияти самарали йўлга қўйилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Айниқса, умумтаълим мактабларида таълим етти тилда олиб борилаётгани, оммавий ахборот воситалари, хусусан, газета-журналлар саккиз тилда чоп этилаётгани, ўн тилда радио ва теледастурлар эфирга узатилаётгани бунинг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда партия депутатлари ва фаоллари мамлакатимизда яшовчи барча миллат вакилларининг тенглиги, эркинлиги, қонуний манфаатлари таъминланиши, Бош қомусимизда барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун шароитлар яратилиши белгилаб қўйилганлиги, шунингдек, партия Сайловолди дастурида ҳам мамлакатимизда миллатлараро тотувликни, эркинлик, адолатлилик, бирдамлик каби социал-демократия тамойилларини таъминлаш илгари сурилганини эътироф этишди.
Юртимизда яшаётган ҳар бир миллат вакили мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этмоқда. Уларнинг ҳар бирида эртанги кунга бўлган юксак ишонч ва интилиш туйғулари мужассам. Барча миллат ва элат вакиллари ўз қадриятларини эъзозлаши учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, деган эзгу ғоя руҳида Ватанимиз равнақи учун интилиб, фаровон яшамоқда. Шу боис тадбир иштирокчилари ушбу азалий анъанани ёш авлод онгига сингдириш ва янада ривожлантириш олдимизда турган долзарб вазифа эканлигини алоҳида қайд этишди.
Таъкидлаш жоиз, миллий маданият марказлари томонидан турли маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, концерт дастурлари, фестиваль ва кўрик-танловлар ўтказилмоқда. “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ватан ягонадир — Ватан биттадир” каби шиорлар остида республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтказилаётган фестиваллар, давра суҳбатлари кўп миллатли халқимизнинг чинакам дўстлик анжуманларига айланган десак, муболаға бўлмайди.
Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, фуқаролар ва миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида доимий эътибор қаратилмоқда. Анъанавий равишда ташкил этилаётган кўплаб тадбирларда бу жиҳатлар яққол акс этмоқда.
Байрам тадбирида миллий маданият марказларининг бадиий жамоалари миллий куй-қўшиқ ва рақслари, қадрият ва анъаналарини намоён этиш орқали истиқлолни улуғладилар.
Бобир ОТАМУРОДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг V Пленуми бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади....
01 янв 1970
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VIII Пленуми бўлиб ўтди...
01 янв 1970
Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман....