Бизни ким эшитади?

/
Бизни ким эшитади?
 
Муҳтарам таҳририят ходимлари!
 
Мен умримда бирор жойга шикоят ёзиб, арз қилиб борган эмасман. Шикоятчи эмасман. Лекин Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Шарқ ҳақиқати” маҳалласи Янгиқўр­ғон 3-тор кўчаси, 66-хонадондаги кейинги ярим йиллик ҳаётим даврида, яна ҳам аниқроғи, ўтган йилнинг кузидан бошлаб шикоятчига, аризагўйга айланишга мажбур бўлдим.
 
Гап шундаки, ўтган йили куз фаслида ёғингарчилик бошланганидан кейин мен яшайдиган уйнинг ертўласида икки-уч қарич бўйи миқдорида сув пайдо бўлди. Аввалига бу сув қаердан келганлигини билмадим. Жиддий кузатишлардан, текширишлардан кейин бу сув мен яшайдиган уйнинг орқа томонидаги қўшнимникидан, яъни Янгиқўрғон 4-тор кўчасида жойлашган ҳовлидан келаётганини аниқладим. Ҳовли эгасини излаб бордим. Аммо у ерда омонат қурилган бир хоналик уйдан бошқа ҳеч нима йўқ экан. Уй эгасини тополмадим. Кейин уй эгасини аниқлаб беришини илтимос қилиб Юнусобод туман ҳокимиятига мурожаат қилдим. Ҳокимиятдаги уй-жой масаласи билан шуғулланадиганлар ҳам бу ҳовли кимга тегишлилигини аниқлаб бера олмадилар. Куздаги ёғингарчиликлар сабабли уйимнинг ертўласи сув билан тўлди. Ертўлага келадиган сув йўлини ёпиш учун ўз шахсий ҳисобимдан 3 миллион сўмдан ошиқ пул тўлаб, ўша эгаси номаълум қўшни ҳовлидан катта ҳовуз қаздирдим.
 
Аммо ҳовуз қаздириш билан ҳам аҳвол ўнгланмади. Ҳовуз ҳар қанча катта бўлмасин, бир ҳафтада тўлди ва сизот сувлар уйимнинг ертўласидан аримади, аксинча янада кўпайди. Бунинг сабабларини ҳам билдим. Қўшнимнинг ташландиқ ҳовлисига фақат шу ҳовлидаги ёки Янгиқўрғон 4-тор кўчасидаги оқава ва сизот сувларгина эмас, балки шу атрофдаги 2-3 та тор кўчалардаги оқава ва сизот сувлар келиб тўпланар экан. Бу сувлар чиқиб кетадиган ариқлар ва сув йўллари беркитиб юборилган. Бундан ҳам ёмони, бу ердаги аксарият кўчаларда ирригация тармоқлари ҳам, кўчалар четида қуриладиган сув ўтказиш лотоклари ҳам йўқ. Кўчалар эса асфальтланмаган, лой, балчиқ. Шу сабабли сизот ва оқава сувлардан азият чекаётган бир мен эмас, кўпчилик хонадонлар бўлса ажаб эмас...
 
Мен бу аҳволдан ташвишланиб Ички ишлар вазирлиги ва 2019 йил 25 сентябрда Юнус­обод тумани ҳокими номига ариза йўлладим. Мана, орадан 5 ой вақт ўтди. Бу ариза ва шикоятларим юзасидан юқоридаги бирор ташкилот вакили мендан ҳол-аҳвол сўрагани ҳам, келгани ҳам йўқ. Уйимнинг ертўласи ҳамон ҳовуз каби сувга тўла. Бунинг устига қўшнимнинг ҳовлисидаги қаздирган ҳовузим туфайли, агар ҳовли эгаси келиб қолса, жанжал чиқмаса эди, деб ҳадиксирайман. Таъмирдан чиққан уйимнинг деворларини зах босмоқда. Ишқилиб, бир кун уйим чўкиб кетмаса эди, деб ўйлайман. Олдинда эса серёғин баҳор келмоқда. Аҳвол не кечади, билмайман?
 
Наҳотки, Тошкент шаҳар ва Юнусобод туман ҳокимиятидагилар, уларда фаолият юритадиган мутасаддилар Янгиқўрғон тор кўчаларидаги ирригация тизимини тўғри йўлга солиб беришлари шунча қийин бўлса?!
Ҳурматли таҳририят ходимлари! Юқоридаги ташкилотларга бу масала хусусида кўп мурожаат қилдим. Натижа бўлмади. Энди зора, матбуот орқали шикоятим улар қулоғига етиб борармикан, деб ўйлаб газетангизга ушбу шикоят мактубини ёздим.
 
Нодир ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Юнусобод тумани,
Янгиқўрғон 3-тор кўчаси,
66-хонадон соҳиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ўзининг буюк иқтидори билан ҳамма замонларнинг тенгсиз устози бўлган Мир Алишер Навоий ҳазратлари оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош...
01 янв 1970
Ҳаётий тажрибалардан маълумки, жиноят содир этувчиларнинг аксарияти ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган, яъни бирор-бир фойдали машғулот билан б...
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....
01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...