“Адолат”чиларга ҳамиша адолат ҳамроҳ бўлсин!

/
“Адолат”чиларга ҳамиша адолат ҳамроҳ бўлсин!
 
Ҳар қандай давлат ёки жамиятда фикрлар хилма-хиллиги мавжуд ва бу жараён, ўз навбатида, юрт тараққиётига, эл равнақига хизмат қилади. Табиийки, мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарор, адолатли муҳит, эркин фуқаролик жамияти шаклланиши учун турфа хил қарашлар, ҳар хил позициялар, қарама-қарши фикрлар, албатта, тингланиши, қабул қилиниши ва тан олиниши муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизими мақоми мустаҳкамланиб боришининг асоси ҳам аслида мамлакатимизда фикрлар плюрализми таъминланиб келинаётгани билан чамбарчас боғлиқ.
 
Кўппартиявийлик тизими ҳақида сўз борганда, кўнгилда беихтиёр айрим саволлар туғилиши табиий. Хўш, аввало сиёсий партия­лар қачон ташкил этилади? Қачонки, жамиятда фаол, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга, аниқ мақсад ва мафкураларини баён эта оладиган фуқаролар ва ўз фикрларини энг олий даражадаги минбарларда ҳам асослай оладиган, ҳимоя қила оладиган инсонлар кўпчиликни ташкил этса ҳамда улар бирлаша олса. Сиёсий партиялар қандай қилиб узоқ вақт яшаб кета олади? Қачонки, илгари сураётган ғоялари халқчил, чуқур асосга эга ҳамда юрт, жамият ва халқ манфаати учун хизмат қилса, шунингдек, маслакдошларини ўз ортидан эргаштира олса.
Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил этилганига 25 йил тўлди. Айтиш мумкинки, чорак асрдан буён сиёсий майдонда ўз ўрни, сўзи ва мафкурасига эга бўлиб келаётган сиёсий партиямиз халқимизнинг ишончию фаолларимиз, хайрихоҳларимизнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида маънан юксалди, ташкилий ва мафкуравий фаолияти кенгайди. Ўтган давр мобайнида партиямиз тенглик, очиқлик ва холислик тамо­йиллари асосида ўтказилган Президент ва парламент сайловларида фаол иштирок этиб, парламент, маҳаллий вакиллик органларида фракция ва партиявий гуруҳларини шакллантиришга эриша олди.
 
Муҳими, жамиятда муайян ғоя ва мақсад учун кураш олиб бориш жараёнида сиёсий партиямиз сайловларда ҳам, сайловдан сайловгача бўлган даврда ҳам рақиб партиялар билан соғлом рақобатга кириша олди, ўз фаолияти давомида қонунийлик, демократия ва ўзаро ҳурмат қоидаларига бўйсуниб келди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айрим мамлакатларда кузатиладигандек, бошқа сиёсий партиялар вакилларининг фикри, ғоясига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатмасдан, асоссиз ҳақоратлар ва но­ўрин айблар билан рақибини камситишга уринмасдан мамлакат сиёсий майдонида ўз ўрни ва ўз электоратига эга бўлди.
 
Партия Сиёсий Кенгашининг раҳбарий органларида фаолият юритган инсон сифатида айта оламанки, партиямиз фаолияти давомида ўз устида муттасил иш олиб боргани унинг бугунги муваффақиятини таъминлаб берди. Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз ғоялари атрофида бир неча юз минглаб инсонларни бирлаштира олиш, хайрихоҳларини кўпайтириш йўлида, аввало, тизимда фаолият юритаётган мутахассисларнинг савияси, дунёқарашини юксалтиришга эътибор қаратди. Партиямиз билимли, дунё­қараши кенг, сўзи ва амали бир-бирига ҳамоҳанг, жасоратли ёшларга таяниб адашмади. Бир неча йиллар давомида партия тизимида жойларда меҳнат қилиб келган, ижтимоий-сиёсий етук аксарият ёшлар, фаолларимиз маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларда масъул раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Қолаверса, партиямизнинг халқимиз орасидаги танилувчанлигини оширишда тажрибали, етарли малака ва кўникмага эга партиядошларимиз, устозларимизнинг ўгит ва маслаҳатларига қулоқ тутиб, кам бўлинмади. Хусусан, уларнинг йўл-йўриқлари асосида партия тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан кўплаб меморандумларни имзолашга муваффақ бўлди.
 
Эътиборли жиҳати шундаки, партиямиз баландпарвоз гап-сўзлардан узоқлашиб, аксарият сайловчиларимизни қизиқтирадиган масалаларни ҳал этишга бош-қош бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бола ҳуқуқини ҳимоя қилишдан тортиб, хотин-қизларимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, келажак авлод тарбиясида оилаларнинг масъуллигини ошириш, таълим сифатини юксалтириш, аҳоли соғлиғини сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масалалари доимий диққат марказида. Айниқса, хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий билимини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётидаги фаоллигини ва мавқеини оширишга бўлган уринишлар беиз кетмади. Қолаверса, сўнгги парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтган сайловларда халқ ишончига сазовор бўлган аёл номзодларимиз кўпчиликни ташкил этгани ҳам фикримизнинг яққол исботидир.
Бир сўз билан айтганда, партиямиз ўз Сайловолди дастури, сиёсий платформасини ишлаб чиқишда жаҳон сиёсий майдонида ўз ҳаракат дастурлари ва мақсадлари билан ном қозониб келаётган социал-демократик партиялар анъаналарига содиқ қолган ҳолда халқимизнинг истак ва хоҳишларини амалга оширишга хизмат қилиб келмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганининг 25 йиллиги муносабати билан партиянинг барча жонкуяр аъзолари, жумладан, партиянинг бугунги раҳбарияти, депутатлари, фаолларимиз ҳамда жамики хайрихоҳларимизни самимий қутлайман. “Адолат”чиларнинг адолатли фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, сайловчилар билдирган ишончни оқлашда давом этишларини истаб қоламан.
 
Дилорам ТАШМУХАМЕДОВА,
Сенатор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар,
маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган йилларда Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида ғазначилик тизими ва Ҳисоб палатаси жорий ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....