СЎЗ УВОЛИ ёхуд нега фикр билдиришга муносиб минбар ахтармай қўйдик?

/

СЎЗ УВОЛИ ёхуд нега фикр билдиришга муносиб минбар ахтармай қўйдик?

 

Тил – мулоқот воситаси. Тилдан чиқувчи сўзларимиз билан биз инсонларга маълумот етказамиз, уларнинг гапи орқали янги билимларни ўзлаштирамиз. Баъзан атрофдан “Тилнинг суяги йўқ деб гапираверасанми?”, деган танбеҳни эшитамиз.

 

Ҳар гапни тилга олишга тўсиқ бўлувчи суяк йўқ экан, қўл-чи? Қўлларимизда суяк борми? Бугун биз шу қўллар орқали истаган мулоҳазамизни ёзишга киришдик. Нега дилдагини ёзувга кўчириш ишини суяклар назорат қилолмаяпти? Суяк – бир ибора, ўхшатиш холос, аслида ҳар бир ҳаракатимиз мия-ақл, шу қаторда юрак-қалб орқали бошқарилади. Аммо нечун ақлимиз ва қалбимиз ҳар гапни битишга изн берди?..

 

Авваллари ёзиш фақат қалам аҳлининг вазифасидек туюларди. Бугунги кунда ҳамма қаламкаш, гўё. Бир бетни қоралаш учун журналист бўлиш талаби эскирди. Бунга интернет, оммавий коммуникациялар, ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши туртки бўлди. Виртуал оламдаги сайтлар, саҳифалар, гуруҳлар, каналлар, форумлар, блогларнинг чеки йўқ. Уларнинг бир қисми билим бериш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, савол-жавоблар асосида фойда келтиришга хизмат қилади. Бир қисми эса мутлақо фойдасиз, фақат вақт ва сўз уволи билан инсонларга ҳам, жамиятга ҳам зарар келтиради.

 

Ҳар ким ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқига эга. Дейлик, кимдир интернетдаги саҳифасига ҳаётий қарашларини, ўй-мақсадларини ёзиб қўйди. Матн қуйисига интернет фойдаланувчиларидан бири ўз мулоҳазасини ёзади, кейингиси унга қарши чиқади, унга дарров жавоб қайтарилади, қарабсизки, даҳанаки жанг! Бир-бирини ҳаётда кўрмаган, юзма-юз мулоқот ўрнатмаган, кўча-кўйда кўриб қолган тақдирдаям танимай ўтиб кетувчи кишилар монитор қаршисида бир-бири билан қирпичоқ бўлади. Лекин буларнинг бари реалликда содир бўлмагани сабаб томонлар ўзини айбламайди, онгли равишда уруш чиқариб, ҳақоратли сўзлар ишлатганидан виждони қийналмайди. Чунки интернетдаги низони ихтилоф санамайди. Аслида интернет орқали мулоқотга киришганда ҳам инсон инсонлигича қолади, компьютер столига ўтириб ёки қўлимизга планшет олиб, роботга айлана олмаймиз-ку. У томонда биз билан талашаётганлар ҳам робот ёинки бирор қурилма эмас, худди биз каби одам. Нега виртуал каналлардаги баҳс-мунозара, муҳокамаларга киришар эканмиз, “Тиғ жароҳати битади, тил жароҳати битмайди” нақлини унутиб қўямиз?

 

Гуруҳ ёки саҳифаларда баҳс бошланса, ҳар ким шеригини мот қилиш, тортишувда ғолиб бўлишга чираниб, луғатидаги энг таъсирчан сўзларни ишлатади. Факт келтиради, мисол айтади, булар иш бермаса, ҳақорат қилади. Тушунмайдики, мунозарада устун келган эмас, балки ана шу тортишувга киришмаган одам ғолиб ҳисобланади. Кераксиз канал, гуруҳ ва ҳоказолардаги муҳокамаларда иштирок этмасангизгина ютасиз. Акс ҳолда тўғри гапингизни бошқа томонга буришади, саволингизни жавобга айлантириб юборишади, гап орасида оғзингиздан чиқиб кетган жумлангиздан сарлавҳа ясаб, мақолалар ёзишади.

 

Ҳа, интернет равнақи журналистларни ҳам дангаса қилиб қўйди. Энди улар мақола мавзусига чуқур кириб бориш мақсадида тегишли шахсдан интервью олишига, кўчада юриб, халқ фикрини ўрганишга эҳтиёжманд эмас. Ижтимоий тармоқдаги фикрлар – улар учун тайёр “гўшт”, ўшанга ишлов бериб, маҳсулот тайёрлайверади. Бугунги мухбирлар мутасадди раҳбарларнинг фаолиятини кузатишдан деярли тўхтади, балки интернетдаги фаоллигини кузатишга ўтиб олди. Улар учун халқ манфаати йўлидаги амалий ишлар муҳим эмас, балки ўша мансабдор шахснинг веб-оламда ўзини тутиши, қандай фотосуратлар жойлаштириб, қайси фикр­ларга “ёқди”ни тамғалаётгани муҳимроқ. Шу асосда хулоса ясайверади. Ёки яна бир осонроқ усул – у амалдор ҳақида қандай миш-мишлар юради? Шу саволни ўзига бериб, маълумот излайди. Кимдир бурнидан ошиқ гап эшитгани ёки жавоб ўрнига сўкиш билан сийланганини тасвирга тушириб, интернет орқали ёйган бўлса, шулар пеш қилинади.

 

Демократия бизга эркин фикрлашни берди, лекин айтинг-чи, шу эркин фикрми? Бирор мулоҳазани шунчаки ёзиб қўйсангиз-у, унинг устидан бутун оломон (ҳа, айнан оломон, халқ эмас!) мағзава тўкиш билан банд бўлса. Шундан кейин ҳам эркин фикрлай оласизми? Цензура йўқолгани билан инсонларнинг ўзи руҳан эзиш орқали цензура яратди-ку. Бир-бирининг эмин-эркин фикр изҳор қилишига дахл солди-ку.

 

Пародоксал ҳолат: кимнингдир бир сўзига юз изоҳ қолдириб, мулоҳаза (комментария) ёзиб, кенг улашишга уста одамлар баъзан бир жуфт каломни тарозига солади, қизғанади. Агар бунга шу пайтгача амин бўлмаган бўлсангиз, энди кузатинг: байрамлар ва туғилган кунлар билан чин дилдан табриклаш йўқолиб кетди. Тармоқ орқали тайёр стикер, смайлик, фото ва ҳаракат (анимация)ларни жўнатишади. Ҳатто намуна шаклидаги табрик ва шеърлар бор. Яқинимизга тилак билдириб, сўз излашимизга ҳожат йўқ. Миннатдорлик билдириш борасида ҳам қийналмайсиз: тайёр смайликлар ҳозиру нозир.

 

Ҳар нарсанинг уволи ва заволи бор. Исроф, албатта, яхшиликка олиб келмайди, ўз асоратини, жазосини кўрсатади. Бугунги интернет оламидаги мулоҳазасизлар “мулоҳаза”си чинакамига сўз уволидир. Уларда маъно йўқ, мазмундан йироқ, мақсади пуч: фисқу фасод, ғийбат, иғво, туҳмат. Ўзингиз ҳам бир бегона одамнинг жавобидан асабийлашиб, бош ушлаб ўтирасиз. Аслида бу ўйлашга арзийдими? Нега фикр билдиришга муносиб минбарлар ахтармайсиз? Нега маънавий дам олиш борасида китобга, газета-журналларга суянмайсиз? Нега гуруҳ ва каналларга қарамликда давом этаяпсиз?

 

Мулоқот имконияти – бизга аталган неъматлардан бири. Уни суиистеъмол қилмаслик, сўз уволига йўл қўймаслик ҳар кимнинг ўз қўлида. Ирода ишга солинса, теран тафаккур ва қалб амрига қулоқ солинса бас.

 

Дурдона АЛИМОВА


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Одамларнинг оғирини енгил қилиб, уларни эзгуликка, бунёдкорликка ундай олган депутат кўпчиликнинг ишончига сазовор бўлади....
01 янв 1970
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги диққатига!
01 янв 1970
Ўтган икки ҳафтада марказий нашрлар ва марказий телевидениеда Бўка тумани ҳақида бот-бот янгиликлар берила бошлади....
01 янв 1970
Самарқандда қиймати 47 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳанинг биринчи навбати ишга тушди....