Тангемни таниган болалар нега Навоий ва Бобур бобомизни танишмайди?

/

Тангемни таниган болалар нега Навоий ва Бобур бобомизни танишмайди?

 

Ҳар йили февраль ойининг аввалида сўз мулкининг султони Алишер Навоий, ундан сўнг шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланади, республика бўйлаб турли анжуманлар, ғазалхонлик кечалари, навоийшунос ва бобуршунос олимлар билан учрашувлар ўтказилади. Телевидение, радио, газетаю журналлар февраль ойи охиригача улуғ боболаримиз шаънига ҳамду сано ўқийди. Шу билан тамом-вассалом. Кейинги йилнинг февралида яна ўша саҳна такрорланади...

 

Шу кеча-кундузда телевидиниега чиқаётган шоиру шуаро, олиму фузалоларнинг сўзларига эътибор қаратсангиз, ҳаммасининг туб-ўзагида бир гап: болаларимиз ҳазрат Навоийни, Бобур бобомизни билишлари, уларнинг ғазалларини ёд олишлари, ҳар кун мутолаа қилишлари шарт!..

 

Албатта, худди шундай бўлиши керак. Буни ҳеч ким инкор қилаётгани йўқ. Лекин бўлмаяпти-ку. Биз гапираяпмиз, гапираяпмиз, гапираяпмиз... Фарзандларимиз эса улуғ боболаримиздан узоқ­лашиб бораётгандек, назаримда.

 

Хўш, нега шундай бўлаяпти?

 

Бошланғич синф ўқитувчиси бўлганим учун февраль ойида умумтаълим мактабларида ташкил этиладиган тадбирларга тўхталсам. Аввало, ўқувчилар иштирокида миллий адабиётимизнинг икки атоқли вакили яшаган ва ижод қилган XV аср муҳити саҳна кўриниши ёрдамида гавдалантирилади, бебаҳо асарларининг маъно-мазмуни, шу жумладан, ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши мисоллар орқали таҳлил қилинади, ғазалларидан намуналар ўқилади...

 

Ҳа, тўғри топдингиз. Ўттиз-қирқ йил муқаддам ҳам шундай эди. Бугун ҳам шундай.

 

Хўш, бу сценарийни ўзгартирса бўладими? Нима ёки қандай қилсак болаларимиз улуғ боболаримизга янада яқинлашади? Қуйида ушбу саволга оддий қишлоқ мактабининг оддий ўқувчиси сифатида жавоб беришга, аниқроғи, таклиф беришга ҳаракат қилиб кўраман.

 

Эндигина мактаб остонасини ҳатлаётган болалардан улар кўрган кино ёки мульт­фильмлар ҳақида сўраб кўринг: уларнинг кўпчилиги Тангемни танийди, “Маша ва медвед”ни ёд билади, Жумонгга ҳавас қилади...

 

Мен сўраб кўрганман.

 

Болалар яхши танийдиган, биладиган, ҳавас қиладиган кино ва мультқаҳрамонлар рўйхатини яна давом эттиришим мумкин. Афсуски, улар танийдиган қаҳрамонлар орасида Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди ва ... бошқа-бошқа миллат улуғлари зикр этилмайди.

 

НЕГА?!

 

Чунки буюк мутафаккир Алишер Навоий ва беназир шоир, темурийлар авлодининг ёрқин вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ёш томошабин кўз олдида жонлантирадиган фильмларимиз йўқ даражада.

 

Айтмоқчи бўлганим, улуғ мутафаккир боболаримиз ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи, ҳикоя қилганда ҳам ёш авлоднинг юрагидан жой оладиган даражадаги бадиий фильм, мультфильм ва сериаллар яратилса, “Нега фарзандларимиз Алишер Навоий ёки Заҳириддин Бобурни билмайди?” деган саволга ўрин қолмасди.

 

Гулчеҳра

 

ЖаниҚулова,

 

Хатирчи туманидаги

 

19-умумтаълим мактабининг

 

бошланғич синф ўқитувчиси

 

 ТАҲРИРИЯТДАН: Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида икки улуғ бобомиз ҳақида яратилган фильмлар тарихига қизиқдик. Дарҳақиқат, “Алишер Навоий” бадиий фильми 1947 йилда, ўн қисмдан иборат “Алишер Навоий” видеофильми эса 1980 йилда яратилган экан. Маълумки, ҳар йили 9 февраль арафасида “Алишер Навоий” фильми намойиш этилади. Қанчалик маҳорат билан ишланган бўлмасин, бир фильмни қайта-қайта кўравериш томошабинни зериктиради. Мустақилликка эришганимизга салкам 30 йил бўлаяпти. Наҳотки, шу ўттиз йилда Алишер Навоий ҳақида янги кўринишда, янги талқинда битта ҳам бадиий фильм яратилмаса? Нима, бизда иқтисодий имконият етишмайдими ёки буюк мутафаккир бобомизни гавдалантириб бера оладиган актёрларимиз йўқми?  Назаримизда, ҳар иккиси ҳам мавжуд. Лекин...

 

Ҳассос шоир, моҳир саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур образини кино экранида яратиш борасида ҳам ишлар кўнгилдагидек эмас. Биз топган маълумотларга кўра,  1990 йил 20 декабрдан 30 декабргача «Бобур» видеофильми биринчи марта эфирга узатилган экан. Мустақиллик даврида ўзбек киноижодкорлари томонидан Бобур ижоди ва шахсига доир бирорта ҳам бадиий фильм яратилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Аслини олганда, Бобур босиб ўтган йўл, унинг жангу жадалларда кечган ҳаёти ҳақида турк киноижодкорларининг “Муҳташам юз йил” киносериалидан ҳам юксакроқ савиядаги сериал яратиш мумкин.

 

Ҳурматли киноижодкорларимиз сийқаси чиқиб кетган маиший мавзулар атрофида ўралашавермасдан экранларимизда  Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ боболаримиз сиймоларини янги талқинда гавдалантириб беришса, ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлар эди.


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилаётган Дилафруз Муҳамедова “Бировнинг ҳожатини чиқарай” деб, алданиб қолади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги фармони барча юртдошларимиз қатори менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Маълумки, туркий тилда ижод қилган адиб ва шоирлардан бирортаси ҳазрат Алишер Навоий қадар тил назарияси билан шуғулланмаган....