“Адолат”га камарбастамиз!

/
“Адолат”га камарбастамиз!
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан Каттақўрғон шаҳар драма театрида партиянинг 25 йиллиги муносабати билан “Адолат”га камарбастамиз” шиори доирасида бадиий кеча бўлиб ўтди.
 
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, шаҳар ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фахрий аъзолари, фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
 
Унда “Чорак асрдан буён фаолият кўрсатиб келаётган партия фикр­лар хилма-хиллигига, жамият тараққиётининг янги, қулай моделларини таклиф этишга, халқнинг ташаббускорлигини руҳлантиришга, рағбатлантиришга қай даражада кўмаклашаяпти?”, “Сиёсий партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари кеча ўз зиммаларидаги вазифаларни қандай уддалаган эдилару  бугун мамлакат миқёсидаги жадал ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда қандай иштирок этмоқда?” каби саволларга жавоб изланди.
 
Тадбирда таъкидланганидек, 1995 йилдан эътиборан Самарқанд­да ижтимоий жиҳатдан энг фаол ҳисобланган ўқитувчилар, шифокорлар, муҳандис-қурувчилар, олиму ихтирочилар, саноатчи, тадбиркорлар “Адолат” партияси атрофига жипслаша бошлашди.
 
Жамиятдаги илк ислоҳотлар, бозор муносабатларига босқичма-бос­қич ўтиш, иқтисодиётда хусусий мулк шаклларини қарор топтириш, давлат ҳисобидаги, аммо ҳаракатсиз қолиб келаётган корхоналарни қайта ишга тушириш, аграр соҳанинг қадрини тиклаш сингари мураккаб вазифаларни таъминлаш учун халқнинг ташаббускорлиги, фаол иштироки талаб этилаётган бир пайтда партия вилоят кенгаши фаоллари энг яхши таклифларни аниқлаб олиш, фикр ўрганиш мақсадида сиёсий тарғибот ва мулоқотларни бевосита маҳаллаларда, меҳнат корхоналарида, жамоат ташкилотларида олиб борди. Одамларга партиянинг, сиёсий ислоҳотларнинг мақсад-вазифалари кенг тушунтирилди. Ҳар сафарги учрашувларда янги маслакдош орттириб, партия сафини кенгайтиришга эришилди.
 
Беш йил давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида партия кенгашлари тузилиб, “Адолат” СДП­дан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган вакилларидан депутатлик гуруҳлари тузилди. Сайловларда партиянинг қўли баланд келиб, айрим туманларда яққол устунликка эришганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, Иштихон туманида маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик органида партиянинг 20 нафар депутати кўпчилик овозга эга бўлиб, қатор ижтимоий-иқтисодий қарорлар қабул қилинишида ташаббускор бўлди. Партия шу тариқа сиёсий фаолиятини шакллантириб, одамлар орасида “Адолатчи партия” деган номга эга бўлди.
 
“Адолат” СДПнинг чорак аср мобайнида Самарқанд ва унинг шаҳару қишлоқларида қўлга киритган энг катта ютуқлари нималардан иборат бўлди?
 
Биринчидан, партия сиёсий рақобат майдонига аниқ мақсад ва вазифалар билан кириб келганлигини исботлаб, ўз электоратини шакл­лантира олди, жамиятдаги соғ­лом кучларни ўз атрофига тўплаб, уларнинг депутатлик ва давлат бош­қаруви ишларига партия номидан иштирок этишларини таъминлади.
 
Иккинчидан, маҳаллий Кенгашлар сес­сия­лари ва доимий комиссияларида муҳим қарорлар қабул қилинишини таъминлаб, кўплаб ижтимоий муаммоларга мос ечим топа олди. Барча даражадаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан бошқарув идораларига киритилган депутатлик сўровлари деярли 20 маротаба кўпайгани ва уларнинг ижроси тўлиқ таъминлангани шундан далолат беради.
 
Учинчидан, партия барча йўналишдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, фуқаролар манфаатларига дахлдор кўплаб масалаларни биргаликда ҳал этишга муваффақ бўлди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммунал соҳадаги суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, таълим, тиббиётдаги шароитларни яхшилаш борасидаги ўрганишлар ва таклифлар ўз натижасини бериб, халқнинг партияга ишончини мустаҳкамлади.
 
Вилоятда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, қуёш фотоэлектростан­циясини барпо этиш, боғдорчиликда томчилатиб суғориш усули(бундай майдонлар бугун 10 минг гектарга яқин)ни кенг йўлга қўйиш, инновацион таклифлардан фойдаланиб, саноат корхоналарини қайта модернизациялаш, олис қишлоқларда касаначилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш сингари вазифаларни ҳал этишда “Адолат”чилар ташаббускор бўлишмоқда.
 
Шунингдек, ёшларнинг ташаббус ва иқтидорларини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда “Адолат мезони”, “Адолат ўғлонлари”, “Адолат билимдонлари”, “Адолат маликаси”, “Адолатни мадҳ этгум”, “Конститутция илҳомлари” каби ўнлаб кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолибларни рағбатлантириш йўлга қўйилган. Бундай истеъдодли, иқтидорли ёшлар “Истеъдод клуби”га бирлашишган. “Адолатли қайнона”, “Адолат маликаси”, “Партиянинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловлари барча туман, шаҳар кенгашлари томонидан ўтказилиб, республика босқичида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Тайлоқ туманидан иштирок этган партиядошларимиз кетма-кет фахрли биринчи ўринга сазовор бўлиб келишаётгани қувонарли.
 
Тадбир сўнгида партияни кенг омма орасида тарғиб этишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган партия фахрийлари, фаол аъзолари ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
 
Тадбирнинг иккинчи қисмида партия фаоллари Каттақўрғон шаҳридаги “Дўстлик”, “Баҳористон” маҳалла фуқаролари йиғинларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Уларнинг дарду ташвишлари билан ўртоқлашиб, яшаш шароитларини, мавжуд муаммоларини ўрганди.
 
**
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Иштихон туман кенгаши ташаббуси билан 21-сонли мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топган куннинг 25 йиллиги муносабати билан “Куч — адолатда” шиори остида бадиий кеча бўлиб ўтди.
 
Тадбирда туман ҳокимлиги, туман  тиббиёт бирлашмаси, туман халқ таълими бўлими, туман маданият бўлими вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, халқ депутатлари Иштихон туман кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДП­дан сайланган депутатлар, бошлан­ғич партия ташкилоти раислари, “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” аъзолари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
 
Тадбирда партия туман кенгаши раиси Шарофиддин Астонов партиянинг ташкил топиши, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг мақсад ва ғоялари, ўтган 25 йил давомида унинг ташаббуси билан амалга оширилган ишлар, депутатларнинг фаолияти, партия лойиҳалари, унинг келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди.
 
Шунингдек, сўз олганлар халқимиз орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, жамиятда ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим ва тиббиётни янада чуқур ислоҳ этишда, оилалар учун муносиб турмуш шароитларини яратишда партия томонидан илгари сурилаётган мақсад, вазифаларнинг ҳаётий ва долзарб аҳамияти ҳақида тўхталдилар.
 
— Туманда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари билан яқиндан танишиш мақсадида хонадонма-хонадон юраётганлар ҳам, аҳолининг сиё­сий, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида маҳаллаларда сиёсий ўқувларни ташкил этаётганлар ҳам “адолат”чилардир. Бу ишларни амалга оширишда ҳормай-толмай меҳнат қилаётган, мамлакатимиз сиёсий ҳаё­тида ўз ўрнига эга фаолларимиз меҳнатларининг натижасини кўриб турибмиз, — деди партия фаоли Шаҳриддин Умиров.
 
Самарқанд вилоят
кенгаши матбуот хизмати
 
**
 
Партиямиз ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан  жойларда қатор  учрашув, давра суҳбати, семинарлар ўтказилмоқда.
 
“Адолат” СДП Тошкент  вилояти Оҳангарон шаҳар ва туман кенгаши ташаббуси билан Оҳангарон тумани 40-сонли умумтаълим мактабида “Биз 25 ёшдамиз!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда педагоглар, ўқувчи-ёшлар, шунингдек, “Қизилой” маҳалласи фуқаролари, партия фаоллари иштирок этди.   
 
Тадбирни  туман кенгаши раиси Гўзал Жўраева кириш сўзи билан очиб берди. Унда партиянинг  ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлари тўғрисида  сўз юритилди. Шунингдек, қўлга киритилган ютуқларда партия фахрийлари, фаолларининг  фидойилиги, меҳнатлари тилга олинди. Айни пайтда устозлар изидан дадиллик билан бораётган жамоалар ҳақида  айтилган сўзлар иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.
 
Сиёсий майдонга ижтимоий адолат ғояси билан кириб келиб, мамлакатимиздаги барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда  фаол иштирок этиб келаётган “Адолат” СДП ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилувчи жипслашган куч сифатида олдинга интилиб бормоқда. Партия ҳар доим  ҳуқуқий демократик давлат, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий барқарор турмуш тарзини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйган.
 
Партиямиз аъзолари ва хайрихоҳлари, аҳоли ўртасида социал-демократия мафкурасини тар­ғиб қи­лиш, унинг бошқа мафкуралардан жозибадорлигини асослаш бўйича  қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Натижада “Адолат” СДП аҳоли орасида нафақат қонун устуворлиги ва адолатни тар­ғиб қилувчи, балки социал-демокра­тияни мустаҳкамловчи сиёсий куч сифатида ҳам танилмоқда.
 
Аҳамиятли жиҳати, туманда сўнгги йилларда партия тарафдорлари сони сезиларли даражада ортди. Боиси, партия ғоя ва мақсадларини, лойиҳаларини жойларда  кенг тарғиб этиш, аҳолининг турли қатламларига чуқурроқ кириб бориш, халқ орасида танилувчанлиги ва нуфузи юксалишида партия фаоллари самарали меҳнат қилишмоқда.
 
Тадбир давомида “Адолат”ни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар янгради. Интилувчан, ижодкор, иқтидорли ўқувчи-ёшлардан Асал Қурбонова, Нигора Каримбоева, Икром Абдуллаев, Марҳабо Каримова, Саида Комиловаларнинг партия тарихи, унинг самарали фаолияти, Сайлов­олди дастури, атиргул тимсолидаги логотипнинг мазмун-моҳияти ҳамда партия томонидан ишлаб чиқилган самарали лойиҳалар ҳақида тайёрлаган бир-биридан қизиқарли чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. Энг фаол ўқувчиларга  партия томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
 
**
 
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 25 йиллиги муносабати билан пар­тиянинг Ромитан туман кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Оилада аёлнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партия ходимлари, депутатлар, фаоллар, соҳа мутахассислари ҳамда хотин-қизлар иштирок этишди.
 
Партия Сайловолди дас­турида жамиятда аёлларнинг ўрни ва ролини ошириш, уларнинг сиёсий фаоллигини шакл­лантириш ҳамда уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилган. Тадбирда сўз олган халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши депутати Олима Исломова бугунги кун аёли ҳақида фикр юритди.
 
– Оилада аёл эътиборли бўлса, жамият ҳам шунга қараб ўсади, – дейди депутат. – Бугунги кун аёли ҳар томонлама мукаммал ва соғлом фикрлайдиган бўлиши лозим.
У ҳар бир соҳада фаол, энг яхши она, рафиқа ва келин бўлиши даркор. Жамиятнинг мустаҳкам пойдевори оила бўлса, аёл шу оиланинг бунёдкоридир.
 
Шунингдек, маърузачи туманда аёллар бандлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, фаоллигини ошириш, тиббий маданиятини шакл­лан
тириш хусусида ҳам тўхталди.
– Бугунги давра суҳбати бизга ҳар томонлама сабоқ бўлди. Бошқача айтганда, ҳаёт мактабида қандай фаолият олиб бориш масалалари тўғрисида ўргатди. Дастлаб партия Сайловолди дастурида аёлларга қаратилган эътибор тўғрисидаги маълумотлар асосида сиёсий билимимизни оширган бўлсак, депутат фикри орқали эса бугунги кун аёлининг тимсолини кўрдик. Партия ташаббуси билан бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши барча аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади, – дейди тадбир иштирокчиси Нигина Темирова.
 
Давра суҳбати давомида тиббиёт ходимлари ҳам сўзга чиқиб, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш масалалари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари батафсил жавоб беришди.
 
Бухоро вилоят кенгаши
матбуот хизмати  
 
**
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ташкилотлари томонидан сиёсий партия ташкил этилганлигининг 25 йиллиги олдидан “Эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик учун” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, ана шундай тадбир Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Китоб туман кенгаши томонидан туман маданият бўлимида “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият” мавзуида ташкил этилди.
 
Тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, хотин-қизлар ташкилотлари, таълим, тиббиёт муассасалари ходимлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
 
Анжуманда партиянинг вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рўйиддин Раупов маъруза қилди.
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ўз фаолиятини 1996 йил сентябрь ойида бошлаган, – деди Рўйиддин Раупов. – Ўша йиллари партиямиз сафларида саноқли аъзоларимиз бор эди. Ўз вақтида партия олдига қўйган мақсад ва вазифаларини, долзарб ғояларини аҳолига кенг тушунтирдик. Партиямизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларга қўшаётган улуши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашув зарурлигини кенг тар­ғиб этдик. Айниқса, барча жаб­ҳада адолатни қарор топтириш, ошкораликни, аҳоли ўртасида ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз сафларимиз сон ва сифат жиҳатидан ўсишини таъминлади. Партиямиз ташкил этилганлигининг 25 йиллиги нишонланаётган йилда партия ташкилотларимизга 36 мингдан ортиқ аъзо уюшган. 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда вилоят тарихида илк маротаба партия­миздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашига эса 9 нафар депутат сайланди.
 
Шунингдек, тадбирда ҳуқуқ­шунос Дилрабо Чориева, Норсафар Норматов, партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Абдулазиз Абдиев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Эркин Тўхтаев ҳам маъруза қилишди.
 
Тадбир якунида бир гуруҳ фахрийлар ва фаоллар партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. “Адолат” СДПни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Маданият ходимлари ва ёшлар томонидан тайёрлаб келинган “Адолат” СДП босиб ўтган шонли йўл лавҳаларини акс эттирувчи қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилди.
 
“Адолат” СДПнинг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар пар­тиянинг Касби, Миришкор, Муборак, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Чироқчи, Қамаши ва Қарши шаҳрида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.
 
Комил  САХАТОВ,
Қашқадарё вилоят кенгаши
матбуот котиби
 
**
 
Мен таҳсил олаётган Урганч давлат университетида партия вилоят кенгаши томонидан жуда кўплаб тадбирлар, семинар-тренинглар ўтказиб келинади. Партия ишчи-ходимларининг ўз касбини севиши, партиянинг дастур ва ғояларини кенг тарғиб қилиши, уни талаба-ёшларга етказиши мени партия томон чорлайди. Бу йил партия ташкил қилинганлигининг 25 йиллиги нишонланаётганлигини эшитиб, жудаям қувондим. Сабаби, мен ҳам бу йил 25 ёшга тўлдим.
 
Ўтган ўқув йили менинг ҳаётимда қувончли воқеаларга бой бўлди. Мен Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан таъсис қилинган “Адолат стипендияси” совриндори бўлдим. Бу эътибор менинг — “Адолат” тенгдошининг қалбимда ифтихор туйғуларини янада юксалтирди, ўз иқтидоримга бўлган ишончимни янада мустаҳкамлашга, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимга  турки бўлди.
 
Ўқишдан бўш вақтларимда партия вилоят кенгашига келиб, партия фаоллари тажрибасидан олаётган билим ва кўникмаларим ҳам келгусида яхши мутахассис бўлиб фаолиятимни бошлашимга хизмат қилади. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда ёш адолатчи сифатида фаол иштирок этганлигим сабабли партия вилоят кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирландим. Бу ҳам менинг партиямнинг дастурий ғояларини амалга ошириш орқали бор куч-ғайратимни, билим ва кўникмаларимни юртим тараққиёти учун сафарбар этишга хизмат қилади. 
 
Мухтасар айтганда, бугунги кун ёшлари ҳар тамонлама фаол, интилувчан бўлиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг порлоқ келажаги йўлида жонбозлик кўрсатмоғи даркор. Зеро, юрт келажаги ватанпарвар ёшлар қўлида эканини, бу борада эса Президентимизга камарбаста бўлиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишни унутмаслигимиз зарур.  
 
Азамат МАДРИМОВ,
УрДУ талабаси, ёш адолатчи
 
 
 

 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқаро матбуот маркази Сирдарё вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари учун брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
Фуқаролардан 9 та ёзма ва 30 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушгани ҳамда ўз ижобий ечимини топгани эътиборга молик. ...
01 янв 1970
Нукус шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди....
01 янв 1970
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлик корпуслари ҳудудларда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади....