Ибратли ҳаёт йўли

/
Ибратли ҳаёт йўли
 
Кейинги йиларда юртимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш нафақат ҳар бир фуқаронинг, давлат сиёсатининг ҳам устувор йўналишларидан бирига айланди.
 
Зеро, халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришда, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказишда, уларни маънавий юксалтиришда нуроний отахон-онахонларимизнинг ўрни беқиёсдир.
 
“Қариси бор уйнинг париси бор”, дейишади. Демак қайси юртнинг азиз онахонлари, дуогўй отахонлари кўп бўлса, ўша юрт обод ва келажаги буюк бўлади.
 
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси доимо кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром билан муносабат кўрсатади. Нуронийларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш мақсадида уларни тадбирларимизга таклиф қиламиз, фикрларини ўрганамиз, маслаҳатлар оламиз. Чунончи, Сайловолди дастуримизни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам кенг жамоатчиликка мурожаат қилиб, улардан устувор йўналишлар бўйича таклиф ва тавсиялар олдик. Ушбу жараёнда кексалар алоҳида фаоллик кўрсатганлари бизни қувонтирди. Бошланғич партия ташкилотларидаги муҳокамалар чоғида ёши катталардан кўплаб таклифлар йиғилди. Жумладан, Сайловолди дастуримизга киритилган масалалардан – коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини уйғотиш, мактабларда ижтимоий тенглик, ўқитувчилар ва шифокорлар мақомини ошириш каби таклифлар айнан кексаларимиз томонидан билдирилган.
 
Дарҳақиқат, жамиятнинг кекса қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш ижтимоий соҳадаги зарур ислоҳотлардан биридир. Ёши улуғларнинг кўнглини кўтарган, дуосини олган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Зеро, улар нафақат хонадонимиз, балки юртимизнинг файзидир.
 
Ўз ўрнида бугун ёшлар тарбиясида ҳамда жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда нуроний кексаларимиз ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Буни маҳаллаларда катта ҳаётий тажрибага эга оқсоқолларнинг юрт фаровонлиги йўлида қилаётган хизматларида, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидаги қимматли маслаҳатларида кўришимиз мумкин. Ана шундай меҳнаткаш отахонлардан бири — 80 ёшни қаршилаган, юзлаб шогирдларнинг севимли устози, халқ дарди билан яшайдиган Нарзулло ота Эрназаровдир.
 
Нарзулло ота чорвадор оилада туғилган. 1956 йилда ўрта мактабни тамомлаб Самарқанд шаҳридаги раҳбарлар тайёрлаш ўқув юрти ҳамда Самарқанд Қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетида тахсил олган. Дастлабки меҳнат фаолиятини 1964 йилда Хатирчи туманидаги хўжаликда бош ветеринарликдан бошлаган.
Отанинг илк меҳнат фаолияти шўро мафкураси йилларига, Ўзбекистон ҳудудидаги чўлларни ўзлаштириш орқали ташкил этилаётган “совхозлаштириш” даврига тўғри келди. Жумладан, айнан ўша йиллари Навоий вилояти таркибидаги ҳамда Мирзачўл ҳудудидаги минглаб километрларда ястаниб ётган чўллар қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ўзлаштирилган. Шу боис Нарзулла ота ҳам меҳнат фаолиятини 1964 йилда ташкил этилган “Мойбулоқ” жамоа хўжалигида участка бошлиғи лавозимида давом эттирган.
 
1976-1986 йилларда жамоа хўжалигида бош ветеринар ёрдамчиси, тумандаги бўрдоқичилик базасида раҳбар лавозимларида фаолият юритган.
 
Нарзулло ота қишлоқ совети раиси сифатида қишлоқ аҳолиси ҳаётига жавобгар бўлган даври 1986-1990 йилларга, иттифоқнинг таназзулга юз тутиши ва қайта қуриш сиёсати даврига тўғри келади. Мазкур даврларда Нарзулло отадаги чин инсонийлик фазилатлари ҳар қандай ҳолатда имконини қилиб, қишлоқ аҳлига кўрсатилган ёрдамларда, аҳолининг ўша даврлардаги бирдан-бир тирикчилик манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги ва чорва маҳсулотларининг асоссиз тарзда аҳолидан тортиб олинишидан ва аҳолининг машаққатли меҳнатлари эвазига топган даромадлари бошларига бало бўлишидан сақлаб қолишдаги фаолликларини ҳали-ҳануз қишлоқ оқсоқолларининг ҳурмат билан эсга олишларида намоён бўлади.
 
Нарзулло ота кўп йиллик самарали меҳнати давомида нафақат аҳолининг тўкин дастурхонини таъминлашда, балки кўплаб инсонларга ёрдам қўлини чўзишда ҳам фаоллик кўрсатди. Шу билан биргаликда узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида устоз-шогирдлик анъаналарига амал қилган ҳолда минглаб шогирдларга устозлик қилиб, уларнинг жамиятимиз учун етук кадрлар бўлиб етишишига ҳисса қўшди.
 
Нарзулло ота ҳаётий изланишлари ва меҳнат фаолиятида орттирган тажрибаларидан келиб чиқиб, бугун ёш авлод фойдаланиши учун “Табаррук инсон ёди ва хотираларим”, “Фарзандларим ва набираларимга ўгитлар” каби ўнга яқин китоб­ларни чоп эттирди.
 
Нарзулло ота меҳнат фаолиятини якунлаб, нафақага чиққанидан буён бир кун бўлса ҳам халқимиз фаровонлиги ва жамиятимиз ривожи йўлида меҳнат қилишдан тўхтагани йўқ. Қишлоқ четидаги ташландиқ ердан артезиан қудуғи кавлатиб, 7 гектар ерда боғ, фермер хўжалиги ташкил этди. Фермер хўжалиги фаолиятини кенгайтириб бориш орқали кўплаб қишлоқ ёшларининг муносиб меҳнат билан банд бўлишини таъминлаб келмоқда.
 
Агар йўлингиз “Бургансой” МФЙга тушадиган бўлса, йил-ўн икки ой Нарзулло отани қайсидир ободонлаштириш ишларига бош-қош бўлиб юрганини кўришингиз ё бўлмасам, кимнингдир мушкулини енгил қилиш учун елиб-югуриб юрганини эшитишингиз мумкин.
 
Ҳасан Алиев,

“Adolat” мухбири


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...
01 янв 1970
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “...
01 янв 1970
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.  ...
01 янв 1970
Ўғлимни мактабга ўқитувчидан дакки эшитишга юбормайман. Фарзандимни ота сифатида ҳимоя қилишга қодирман. ...