Раҳбар ишхонада бўлса, ходим уйига кетолмайдими?

/
Раҳбар ишхонада бўлса, ходим уйига кетолмайдими?

Ёхуд нега баъзи соҳаларда Меҳнат кодексига риоя этилмаяпти?

Қаерда, тартиб-интизом мустаҳкам бўлса, шу ерда иш унуми юқори, албатта, кайфият ҳам шунга яраша бўлади. Буни ёзилмаган қоида дейиш мумкин.

Мамлакатимизда меҳнат муносабатлари қонун билан тартибга солинган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ходим учун иш вақтининг нормал муддатлари белгилаб берилган. Кодекснинг 115-моддасига кўра, ходимлар учун ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти нормаси белгиланган. Яъни 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ҳуқуқий база таъминланган экан, хўш, нега кўп ҳолларда, айниқса, иқтисодий соҳада бу нормаларга риоя қилинмаяпти?

Яқинда интернет тармоғида дунё бўйича қайси мамлакатда бир йилда ўртача иш соати қанчага тўғри келиши ҳақидаги мақолани кўриб қолдим. Унда одамлар энг кўп ишлайдиган давлатлар Мексика ва Коста-Рика деб кўрсатилган. Бу давлатларда ходим бир йилда 2200 соат ишлар экан. Бу бир кунлик иш вақти ўртача 8 соатга тўғри келишини билдиради. Германияда эса, бу кўрсаткич йиллик 1363 соатни ёки кунига 5 соатни ташкил қилади.

Президентимиз томонидан иш вақтини тартибга солиш масаласи анча илгари ўртага ташланди. Афсуски, мутасадди раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, меҳнат муносабатларига бефарқ­лиги натижасида бу борада сезиларли силжишлар бўлмаяпти.

Ўйлаб қарасак, бугунги кунда иш вақтининг нормал муддатига амал қилишда икки кўринишдаги ҳолатга дуч келинмоқда. Биринчиси, ортиқча иш соатларига йўл қўйилаётганидир. Масалан, иш куни соат 9 дан 18 гача қилиб белгиланган бўлишига қарамасдан, ходимлар ушбу муддат ичида бажарилмаган ишларни иш вақти тугаганидан кейин бажаришга мажбур бўлиш­япти, яъни иш соати одатдаги 8 соат ўрнига 10 ёки 12 соатга чўзиляпти.

Бундан кимга фойда, кимга зарар? Тўғрироғи, фойдасидан зарари кўпроқ.

Биринчидан, бу ходимнинг меҳнат унумдорлигини пасайтиради. Иккинчидан, бу ташкилот учун иқтисодий тарафдан ортиқча харажатга (масалан, ортиқча электр энергияси, сув ва ҳоказолар сарфига) олиб келади. Учинчидан, ходимнинг ўз оиласи даврасида ўтказадиган вақти қисқаради. Бу, айниқса, фарзанд­лар тарбиясида ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, ходимларни дам олиш кунлари ҳам асоссиз равишда ишга жалб этиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Энди иккинчи ҳолатга назар ташлайдиган бўлсак, айрим вазирлик ва ташкилотларда иш вақти Меҳнат кодекси нормаларига эмас, аксинча, раҳбариятнинг ишда бўлиш-бўлмаслигига қараб белгиланмоқда. Айримлар раҳбарнинг ишдан кетиш вақтини пойлаш билан умрини ўтказаётгани сир эмас ахир.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар бир соҳада иш ҳажмини аниқ белгилаб олиш, шу асосда ходимларга иш ҳақи тўлаш, белгиланган иш вақтига қатъий риоя қилишни тартибга солиш зарур. Қўшимча меҳнат соати учун тўловларни амалга оширишни йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ.

Энг муҳими, ушбу нормаларнинг бажарилишини қатъий назорат остига олиш, бунинг учун тегишли ташкилотлар нуфузи ва масъулиятини ошириш лозим, деб ҳисоблайман.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Газетанинг 2019 йил 13 декабрдаги 50-сонида эълон қилинган “Ўзимизнинг пулимизни қачон оламиз?” сарлавҳали мақола “Ўзпахтасаноат&...
01 янв 1970
Хумсон қишлоғига ўтган асрнинг 70-йилларидан бери бориб тураман. Кўчалари кенг, файзли, қишлоқ одамлари меҳр-оқибатли, меҳмондўст. Қишлоқ бағридан ...
01 янв 1970
Аждодларимдан қолган эски қўлёзмаларни бирма-бир варақлаб чиқдим. Уларнинг бир қисми эски ўзбек тилида, араб алифбосида битилган ёзувлар экан....
01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан “Электрон рақамли имзо олиш учун ...