Илм-фан истиқболига ишонч ортди

/
Илм-фан истиқболига ишонч ортди
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўпчилик интиқлик билан кутди. Чунки унда янграйдиган гаплар нафақат депутат ва сенаторлар, балки бутун халқимизга тааллуқли бўлишини барча бирдек ҳис этиб турганди.
 
Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Айниқса, эндигина ишини бошлаган халқ вакиллари ўз фаолиятлари учун зарур вазифаларни белгилаб олиш имкониятига эга бўлди. Шахсан мени қувонтирган жиҳати – Мурожаатномада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастуридаги устувор масалалар қайта-қайта тилга олинди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан мамлакатимизда 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номланиши қалбимизни жунбушга келтирди. Бинобарин, илм-маърифат ривожисиз юрт тараққиётига эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
 
Партия Сайловолди дастурида “Илм­лилик — саодатдир, илмсизлик — мусибат!” дея бежиз таъкидланмаган. “Адолат” СДП таълимга инвестиция киритишни келажакка сармоя киритиш, деб ҳисоблайди. Бу эса халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир. Мурожаатномада ҳам сайловолди дас­туримизга ҳамоҳанг тарзда таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. 
 
Мурожаатномада санаб ўтилган ва айни вақтда партиямиз Сайлов­олди дастуридан ўрин олган масалалардан яна бири болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини кўтаришдир. Шунда фарзандларимиз болаликдан билим олиши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эришамиз. Зеро, ёшликда олган билим тошга ўйилган нақшдир.
 
Президентимиз томонидан олий таълим муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш таклиф қилинди. Айниқса, олий маълумотлилар сафини шартнома асосида эмас, давлат гранти асосида ўқувчи талабалар ҳисобига оширилиш лозимлиги барчанинг кўнглидаги гап бўлди. Бу борада “Адолат” СДП олий ўқув юртларига кириш квоталарини бос­қичма-босқич ошириб бориш, ўқув юртлари учун умумий қабул квоталарини белгилаш тажрибасидан воз кечиш механизмини ишлаб чиққан.
 
Мурожаатнома турли соҳа вакиллари фаолиятига оид хулосаларни ўз ичига олди. Икки касб вакиллари эса алоҳида тилга олинди. Булар — педагоглар ва шифокорлар. Уларнинг билимини ошириш, эл-юрт орасида обрўсини юксалтириш, даромадларини кўпайтириш лозимлиги уқтирилди. Ҳақ гап! Давлат равнақи, халқ баркамоллигини кафолатлаш учун ушбу икки соҳани ислоҳ этиш, касб вакиллари мақомини кўтариш муҳим масала. Бунга эса қонунчилик йўли билан — ўқитувчи мақомини ошириш, тиббиёт ходимларини тажовузлардан ҳимоялашга оид қонунлар орқали эришиш мумкин.
 
Юртбошимиз нутқида ички миграция ва доимий рўйхатдан ўтиш борасидаги муаммо кўтарилиб, бу борада аниқ ечим берилгани айни муддао бўлди. “Ўз фуқароларимиз оёғига ўзимиз кишан солмаслигимиз керак”, деди Президент.
 
Дарҳақиқат, “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш пайти келди. Фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш — “Адолат” СДПдан сайланган депутатларининг ҳам олдида турган асосий вазифалардан биридир.
 
Шунингдек, маърузада Шавкат Мирзиёев жамият ривожига ғов бўлаётган бир иллатни куюнчаклик билан айтиб ўтди. “Коррупция иллатини йўқ қилмасак, бирорта соҳа ривожланмайди” дея адолатли хулоса ясади ва “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиш даркорлигини таъкидлади. “Ҳалоллик билан юзи ёруғ раҳбарнинг лавозимда ҳам умри узоқ бўлади”, дея алоҳида урғу берди Юртбошимиз.
 
Мурожаатномада ўзимиз учун кўплаб вазифалар белгилаб олдик. Ундаги айрим масалалар қалбимиздаги истак бўлиб, халқимиз узоқ йиллардан бери кутаётган ислоҳотлардан хушхабар берса, маърузада кўтарилган баъзи фикрлар биз учун мутлақо янгилик сифатида янгради ҳамда бошлаётган фаолиятимизга янгича руҳ бағишлади.
 
Шуҳрат ПОЛВАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. ...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъ...