“Адолат” СДП фракцияси Ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқди

/
“Адолат” СДП фракцияси Ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқди
 
2020 йил 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш масаласи киритилиб, бунда фракция аъзолари “Халқ манфаати ҳамма нарсадан устун” тамойили доирасида иш кўрди.
 
Қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларини Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
 
Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифи асосида жорий этилган ушбу амалиёт биринчи навбатда ҳукумат аъзоларининг масъулиятини янада оширади ва ҳақиқий Халқ уйига айланиб бораётган парламент ролини янада юксалтиришга хизмат қилади.
 
Фракция йиғилишида ҳар бир ҳукумат аъзоси лавозимига номзодларнинг Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режаси алоҳида кўриб чиқилди. Депутатлар улар томонидан илгари сурилаётган истиқболли режаларни бажаришдаги аниқ стратегиянинг мавжудлиги ҳамда номзодларнинг шахсий фазилатлари, айниқса, салоҳияти, ватанпарварлиги, фаоллиги ва фидойилигига алоҳида эътибор қаратишди.
 
Йиғилишда депутатлар Ҳукумат аъзолигига номзодлардан жамиятимиздаги бугунги долзарб масалалар ва халқ фаровонлигини янада оширишга қаратилган вазифалар бўйича режалари тўғрисида саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда батафсил жавоблар олишди.
 
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида куни кеча бўлиб ўтган йиғилишларда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан коррупцияга қарши кескин курашиш муҳитини яратишда парламентнинг ролини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилганди. Айниқса, ушбу иллат авж олган таълим, соғлиқни сақлаш ва қурилиш каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқатдан ҳам ушбу соҳаларда коррупцион ҳолатлар мамлакатимизнинг изчил ривожланишига тўсқинлик қилувчи омиллардан биридир. Шундан келиб чиқиб, депутатлар олий ва ўрта махсус таълим вазири, соғ­лиқни сақлаш вазири ва қурилиш вазири лавозимига номзодларга ўз соҳаларидаги коррупцион ҳолатларга барҳам бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни тавсия этишди.
 
Шунингдек, йиғилишда мамлакатимизда таълим тизимини модернизация қилиш, уни қайта қуриш, фан, техника, технология, иқтисодиётнинг замонавий ютуқлари асосида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, кадр­лар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида баҳоланди.
 
Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари мамлакатимизда ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш ишларининг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, мамлакатимизда касб-ҳунар таълимининг самарали тизимини ташкил этиш ва мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш, тоифаланган касб-ҳунар таълим муассасаларини ташкил этиш истиқболлари юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.
 
Фракция аъзолари томонидан истиқболдаги режада кейинги беш йилликда мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқаришни камида 80 миллиард киловатт-соатга етказиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегик вазифани изчиллик билан амалга ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, энергетика вазири номзодининг энергиянинг камида 20 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига таъминлаш борасидаги вазифаларига депутатлар алоҳида эътибор қаратдилар.
 
Фракция аъзолари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги долзарб муаммолар, хусусан, малакали кадрлар етишмаслиги, аксарият ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар сонининг ҳаддан зиёд кўплиги ҳамда янги мактаб биноларини қуриш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этдилар.
 
Шу билан бирга, бугунги кунда айрим ижро ҳокимияти органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг замонавий талабларга жавоб бермайдиган институционал асослари ва улар фаолиятининг принциплари ўтказилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳамда қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилаётгани таъкидлаб ўтилди.
 
Хусусан, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ҳамда кон­цепция­ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, бир қатор ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича олдинга қўйилган мақсадларга эришишда айрим камчиликлар кўзга ташланаётгани қайд этилди.
 
Шунингдек, депутатлар соҳадаги тизимли муаммоларни бартараф этиш, инновацион ривожланишнинг замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш борасида ҳукумат қандай чоралар кўрилиши кераклиги масаласи муҳокама этишди.
 
Йиғилиш якунида фракция кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги “Адолат” СДП
фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....