Ватан тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиламиз

/
Ватан тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиламиз
 
Тан олишимиз керак, кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан ҳар бир чиқиши, ҳар бир маърузаси ўзининг мазмуни, кўламдорлиги, танқидий-таҳлилга бойлиги, кишиларга жўшқинлик, некбинлик, кўтаринки кайфият бағишлайдиган дадил ва аниқ келажак режаларни баён этиб бериши билан ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда катта воқеликка айланмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги тарихий нутқи ҳам менда ана шундай таассурот қолдирди.
 
Вақт оқар дарёдай шошиб ўтмоқда. Дунё ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Кўҳна тарих учун жуда қисқа муддат бўлиб туюладиган уч йил ичида мамлакатимизда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, барқарор бозор иқтисодиётини шакллантириш ва тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий соҳалар, жумладан, тиббиёт, таълим ва илм-фан йўналишларидаги ишларни такомиллаштириш бўйича қатор фундаментал ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён бугун ҳам шиддат билан давом этмоқда.
 
Албатта, оз фурсат ичида эришилган улкан натижалар ҳар биримизни мамнун этади. Янгиланаётган Ўзбекистон кейинги уч йилда қўлга киритган улкан ижобий кўрсаткичлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг ўтган йилги “Давлат бошқаруви индикатори”да мамлакатимиз 5 та кўрсаткич бўйича ўз ўрнини яхшилади. Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “Бунга эришиш учун халқ дардини эшитадиган, унинг оғирини енгил қиладиган самарали тизим яратдик, матбуот эркинлиги ҳамда давлат идораларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни бошладик”.
 
Айтиш жоизки, республикамизда 2 та солиқ турининг бирлаштирилганлиги жаҳон айвонида “Бизнес юритиш” рейтингининг солиққа тортиш йўналишидаги кўрсаткичимиз яхшиланишига сабаб бўлди.
 
Бироқ замон талаби шу — энди эришилган муваффақиятлар билан қаноатланиб бўлмайди. Асло. Кечаги натижа бугунни қониқтирмайди. Зеро, муносиб турмуш шароити яхшиланаркан, шунга мутаносиб равишда  халқимизнинг яхши яшашга бўлган талаби ҳам ортиб бораверади.
 
Демак замон, давр, тараққиёт ҳар куни изланишни, янгилик яратишни, одамлар ҳаётини янада яхшироқ томонга ўзгартиришни талаб этмоқда.
 
Юртбошимизнинг қўшма мажлисдаги нутқи фаолиятимизга танқидий руҳда қараши, яқин келажакка мўлжалланган дадил режалари билан алоҳида ажралиб турди.
 
Бир режаларки, эшитган маҳалинг уларнинг маҳобатидан бошинг айланиб кетгудай бўлади. Аммо чуқурроқ разм солсак, шундай серғайрат етакчимиз, меҳнаткаш халқимиз бор экан, мазкур мўлжаллар, албатта, амалга ошади, деган қатъий ишонч пайдо бўлади кўнгилда. Фақат бунинг учун бир тану бир жон бўлиб, белни маҳкам боғлаб ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Зеро, ҳар бир режа аниқ ҳисоб-китобларга, чуқур таҳлилларга асосланганлиги шундоқ кўриниб турибди.
 
Президентимиз нутқида “реал натижадорлик” атамаси ишлатилди. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, жойлардаги ҳокимлар, бутун давлат бош­қаруви тизими ислоҳотлар доирасида қабул қилинган ушбу дастурий ҳужжатлар ижросини қатъий ижро этиб, халқ манфаатларини таъминлагандагина реал натижадорликка эришилади. Зеро, қоғозбозлик даври ўтди, энди ҳар бир топшириқнинг ижроси қоғозга қараб эмас, эришилган пировард натижага қараб баҳоланади.
 
Яна бир муҳим жиҳат. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида яқин беш йил ичида ялпи ички маҳсулотни қарийб 2 баробарга ошириш ёки 58 миллиард доллардан 100 миллиард долларга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб, асослаб ўтди. Бундай ўзига хос “иқтисодий сакраш”га юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, саноат тармоқлари, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал соҳаларни кескин ривожлантириш орқали эришилади.
 
Айни пайтда режадаги муддат ичида инфляция даражасини 5 фоизга камайтириш мўлжалланмоқда, Бу кўрсаткичга эришиш йўллари ҳам маърузада аниқ-тиниқ  кўрсатиб ўтилди: ўзимизда ишлаб чиқарилаётган истеъмол маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш; тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йиллик ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш ва экспорт ҳажмини 30 миллиард долларгача ошириш.
 
Маърузада “Адолат” СДП ғоялари ва Сайловолди дастуримизга ҳамоҳанг ўринлар борлиги бизни янада мамнун этди. Хусусан, давлатимиз раҳбари партиямизнинг дастурий мақсадларидан бири бўлган устувор йўналиш — халқ хўжалигида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мавзусига алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди:
 
“Келгуси беш йилда электр энергияси ишлаб чиқаришни камида 80 миллиард киловатт соатга етказиш, шунинг камида 20 фоизини қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобидан таъминлаш талаб этилади”.
 
Бу 2025 йилга бориб 20 фоиз, демак камида 16 миллиард киловатт соат электр энергияси ҚТЭМ ҳисобидан ишлаб чиқарилади, деганидир. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бу жуда катта кўрсаткич. Мазкур режанинг амалиётга татбиқ этилишида Ҳукумат, вазирликлар, тегишли идоралар билан бир қаторда “Адолат”чиларнинг ҳам фаол иштирок этишлари талаб этилади. Бу, шубҳасиз, партиямизнинг мамлакатимизда мавжуд табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
 
Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида “Фармацевтика соҳасида келгуси 5 йилда маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмининг ички бозордаги улушини 45 фоиздан 70 фоизга ошириш ва экспортни 100 миллион долларга етказиш зарур”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу йўналиш ҳам партиямиз ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизни ўзига жалб этади. Зеро, ички бозорни маҳаллий дори-дармонлар билан таъминлаш четдан кириб келаётган сифатсиз дорилар истеъмолининг олдини олади. Бу эса мамлакатимизнинг энг катта бойлиги бўлган халқимиз соғлигини асрашда жуда муҳим аҳамиятга эга.
 
Энди айрим рақамларга эътибор қаратайлик. Давлатимиз раҳбари маърузасида кўрсатиб ўтилган барча аниқ режаларни рўёбга чиқариш ҳисобидан ишсизлик 7 фоизга камаяди, йилига камида 500 минг иш жойи яратилади, аҳоли даромади 2 баробарга ошади. Демак, кейинги беш йилликда мазкур кўрсаткичларга эришишни таъминлаш, бу жараёнда фаол иштирок этиш янги Ҳукуматнинг, жамоат ташкилотларининг, жумладан Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ва янги сайланган депутатлик корпусининг ҳам олдидаги энг муҳим ва ўта долзарб вазифа бўлади. Бу масъулиятли вазифани бажариш йўлида партиямизнинг ҳар бир аъзоси, албатта, қўлни қўлга бериб, фидойилик билан фаолият юритади.
 
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканм...
01 янв 1970
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларнинг устувор вазифаси бўлмоғи лозим....
01 янв 1970
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...