Тўйларимиз миллий қадриятларимиз ифодасига айлансин!

/
Тўйларимиз миллий қадриятларимиз ифодасига айлансин!
 
Тўй ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда эъзозланадиган, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштиришга, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, одамларни яхшиликка ундайдиган, уларга шодлик, хурсандчилик бағишлайдиган маросим ҳисобланади. Юртимизда кўп асрлар давомида тўйлар ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ ўзига хос гўзал анъаналар, улуғвор қадриятлар, беқиёс урф-одатлар юзага келган. Афсуски, тўй ва маросимларимиз ҳамма вақт ҳам ана шу энг яхши анъаналаримиз, урф-одатларимизга мувофиқ белгиланган меъёрлар асосида ўтказилавермайди. Уларни ўтказишда баъзан ҳаддан ошиқ исрофгарчиликлар, баъзи ҳолларда дабдабабозлик, шуҳратпарастликлар, айрим пайтларда тўй ва маросим ўтказиш орқали ўзини, кимлигини кўрсатиб қўйишга уринишлар, халқнинг урф-одатлари, қадриятларини менсимаслик каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу ҳолат эса тўй ва маросимларни ўтказишда турли иллатларнинг пайдо бўлишига имкон беради. Натижада бир-икки оиланинг тўй ва маросимларида бўй кўрсатган бундай камчиликлар, иллатлар бора-бора жамият ёки умуммиллатнинг муаммоларига айланади.
 
Тўй эгасининг базм, маърака, маросим муносабати билан ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйишга, бошқалардан кам эмаслигини намойиш этишга интилиши билан боғлиқ манманликлар, шу сабабли келиб чиқадиган дабдабабозлик, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик каби иллатлар ҳеч бир даврни четлаб ўтмаганлиги тарихий манбаларда ҳам намоён бўлади. Эътибор беринг, буюк аждодларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Никоҳ тўйида бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исрофгарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир”, деган сўзларини энг саҳиҳ ҳадис сифатида эътироф этишади. Бундан англашиладики, милодий VII асрда ҳам тўй ўтказишда риёкорликлар, исрофгарчиликлар мавжуд бўл­ган. Пайғамбаримиз бу иллатлардан халос бўлиш йўлларини исломий йўл билан кўрсатиб берган.
 
Буюк маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқларига қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанни сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавм­дан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?”, деб надомат билан ёзишига кўра, ХХ аср аввалида ҳам тўйларни ўтказишда дабдабабозлик, шуҳратпараст­лик, маишатпарастлик, исрофгарчилик каби иллатлар давом этганлигини кўрсатади.
 
Тўғри, ҳаёт тараққий этгани, юксалгани сайин тўй ва маросимларни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келади. Бундан ташқари, хал­қимиз бошқа миллатларга нисбатан тўйга алоҳида эҳтиром билан қарайди. Топган-тутган маблағининг асосий қисмини тўйга сарфлайди. Бу жараёнда ўзига тўқ, маблағи кўпроқ баъзи кимсалар эса ҳаммадан ошириб тўй қилишга, маросим ўтказишга, бош­қаларга ўзини кўрсатиб қўйишга интилади. Натижада тўй ва маросимларга кўп маблағ сарфланади, исрофгарчилик бошланади, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик юзага келади. Эътибор беринг, бундан 25-30 йиллар илгари оммавий ахборот воситаларида никоҳ тўйларида куёв томондан кўп миқдорда қалин пули олинаётганлиги, ҳар хил кийим-кечаклар, кўплаб саруполар талаб қилинаётганлиги, тоғорабозликлар кучайгани, келин томон зиммасига унинг бисоти учун хориж мебели, чет эл ки­йимлари, гиламларини олиш юкланаётганлиги, маросимбозлик, ҳадябозлик, шуҳратпараст­лик каби иллатлар авж олганлиги ҳақида сўз юритиларди. Шу сабабли 1998 йилда Биринчи Президентнинг мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш борасида фармони эълон қилинди. Бу фармонда тўйлар, тантаналар, маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка берилиб, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби асоратларга барҳам бериш масаласига эътибор қаратилганди. Бу фармон юртимизда тўй ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ баъзи камчиликларни бартараф этишга имкон яратди. Аммо...
 
Аммо бу борадаги камчиликлар ҳам, иллатлар ҳам бартараф бўлмади. Негаки, тўй-тантаналар, маърака-маросимлар ўтказишда исрофгарчилик, базм­бозлик, ортиқча харажатбозлик каби бемаъни одатлар бирданига пайдо бўлган эмас. Улар ойлар, йиллар, асрлар давомида йиғилиб иллатга айланган. Бу иллатлар эса ҳар бир давр­да шакл-шамо­йилини, қиё­фасини ўзгартирган ҳолда ўзини турли кўринишларда намоён қилиб туради. Айтайлик, авваллари хоразмлик ота тўрт ўғлини уйлантириш учун келин томонга қалин пули топиб беролмай қийналган бўлса, бугун тошкентлик ота тўрт қизини турмушга чиқариш учун бор мол-мулкидан ажралаётгани сир эмас. Ёхуд Зарафшон водийсида, Қашқа воҳасида қизлар учун ёшлигидан сандиқ-сандиқ сеп йиғилган бўлса, эндиликда қизи учун уй ҳадя қилиш одатга айланмоқда. Водийда куёвлар қирқ кун мобайнида келин томонидан ҳар кун келадиган ноз-неъматларни, овқатларни ейиш билан банд. Ўғил тўйларда одамларнинг кўзи учун даврада айланадиган “прокат” отлар ўрнини аллақачон енгил машиналар эгаллади. Тўйлар, маросимлар аввалгидек уйларда эмас, миллион-миллион сўмлар эвазига муҳташам тўйхоналарда, рес­торан­ларда дабдабабозлик билан ўтказишга киришилди. Келин-куёвлар бир-икки эмас, ўн-ўн бешталаб машиналарда тараллабедод айланишга ружу қўйишди. Тўйларда бир-иккита эмас, ўнлаб санъаткорлар “хизмат”га бел боғлашди.
 
Бунинг устига тўйларда санъаткорлар билан боғлиқ равишда қадриятлар, урф-одатларимизга зид бўлган бошқа иллатлар ҳам пайдо бўлди. Маълумки, илгарилари тўй эгаси ва тўйда иштирок қилаётганлар пулни ашулачи ёки раққосанинг чаккасига қистиришарди. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам санъаткорларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланарди. Ке­йин эса патнисларга терилган даста-дас­та пуллар келин-куёвларнинг оёғи остига ташланадиган бўлди. Ёки бўл­маса, дас­та-даста пуллар ёшларнинг бошлари узра сочилди. Ердан териб олинган пуллар яна ашулачининг, раққосаларнинг устидан тўкилди. Келин-куёв бошчилигидаги ёшлар пуллар тўкилган гиламлар узра ғарбнинг аллақандай куйларига ирғишлайдиган бўлдилар. Бу ҳолатлар одоб-ахлоқимизга, миллий урф-одатларимизга, умуман, инсонийлик шаънига мутлақо зид эканлигини на ўзини кўрсатишга интилаётган шуҳратпараст тўй эгаси, на пулга нафси ҳакалак отган “отарчи” мулоҳаза қилмайди...
 
Натижада тўйларнинг, маросимларнинг аксарияти халқ­нинг пешона тери эвазига қўлга киритилган миллион-миллион сўм пулларни базм­бозлик, шуҳратпарастлик, манманлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликлар учун сарф қиладиган воситага айланиб қолди. Эътибор беринг, оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Тошкент шаҳрида 2018 йилда тўйлар учун ўрта ҳисобда 3 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланган экан. 3 миллиард долларни сўмга айлантирсак салкам 3 триллион сўм бўлади. Хўш, бир Тошкент шаҳрида тўйлар учун 3 триллион сўм сарфланган бўлса, республика миқёсида тўйларга сарфланган маблағлар қанчани ташкил этар экан? Ҳар қалай улар миқдори 20-25 триллион сўмдан кам бўлмаслиги аниқ. Бу ҳаётда бизлар йўл қўяётган камчиликларнинг, исрофгарчиликлар, дабдабабозликлар, шуҳратпарастликлар, маросимбозликларнинг аниқ рақами ва аччиқ ҳақиқати.
 
Шу боис 2019 йилнинг биринчи ярмида юртимизда тўй-ҳашамларни, маърака ва маросимларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда, энг яхши анъаналаримизни бугунги кундаги ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар билан уйғунлаштирган тарзда ўтказиш, маросимбозлик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби иллатларга барҳам бериш мақсадида маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар, шаҳарлар ва вилоятларда яшовчи аҳолининг кенг ҳамда илғор қатлами вакилларининг, зиёлилар, оқсоқоллар, илм-фан аҳллари, ёшларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ўрганиб чиқилди. Аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши  ва Сенати Кенгаши томонидан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” Қўшма қарор қабул қилинди. Қарор асосида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилди. Қўшма қарор ва Низомга мувофиқ  жойларда маъракаларни ортиқча маросимбозликларсиз, исрофгарчиликларсиз, миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш йўлга қўйилди. Тўй-ҳашамларни белгиланган тарз­да, 200-250 одамдан кўп бўлмаган, санъаткорлар иштироки икки гуруҳдан ошмаган, дабдабабозлик, исрофгарчиликларга, ортиқча ҳашамдорлик, пул сочиш, шуҳратпарастлик каби иллатларга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш тадбирлари 2020 йилнинг 1 январидан кучга кириши белгиланди. Бу ишларнинг ҳаммаси халқнинг ўз хоҳиш-истаги, иродаси билан амалга оширилди. Бунинг асосида халқимизнинг йиллар давомида пешона тери билан топган маблағини дабдабали тўй-ҳашамларга, маросимбозликларга, ўткинчи ҳою ҳавасларга эмас, бахтли ҳаёт учун, ёшлар келажаги учун, юртимиз равнақи учун сарфлаш ғояси ётибди.
 
Аммо шунга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайловлар туфайли сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда депутатликка номзодлар орасида баъзилари тўй-ҳашамлар, маърака, маросимларни ўтказиш борасида халқи­миз иродаси асосида қабул қилинган бу Қўшма қарор ва Низомни мамлакатимиз Конс­титуция­сига зид деб баҳолашга уринишлар ҳам кўзга ташланди. Улар тўй, маросим, йиғин ва бошқа анжуманларни қандай ва қай тарзда ўтказиш ҳар бир инсоннинг ўз хоҳиши, истаги деган ғояни илгари сурдилар. Тўғри, тўй-маросим, маъракани қандай ўтказиш ҳар бир шахснинг ҳуқуқи. Аммо бу шахс­нинг жамият, давлат, халқ олдидаги, минглаб йиллар давомида шаклланган қадриятлар, миллий анъаналар олдидаги бурчи-чи? Депутатликка номзодларнинг сайловчиларни ўз тарафига оғдириб олиш борасида амалга оширган бундай чиқишларининг, фикр-мулоҳазаларининг сабабини билиш мумкин. Бу халқни, одамларни ўз мақсади йўлида, яъни депутатлик ўрнини эгаллаш ниятида тўғри йўлдан чалғитиш дейи­лади. Лекин шу ўринда мени бошқа бир нарса ўйлантиради: бу депутатликка номзодлар, агар улар депутат бўлиб сайланган бўлса, халқ учун қонунлар қабул қилишда қандай йўл тутар экан? Бу ўринда масаланинг бошқа томони ҳам бор. Наҳотки, бу масалани ўртага ташлаган собиқ номзод, эҳтимол бугун депутат юртимизда тўй, маросим, маъракалар ўтказишда кўп маблағ сарф­лаш, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, базмбозлик, манманлик каби иллатларнинг сақланиб қолишини, тўй-ҳашамларда одамлар устидан пул сочиб, одобсизлик қилишни, маъракаларни базмларга айлантиришни истаётган бўлса...
 
Бугун тўй, маросимларда, маъракаларда кўзга ташланаётган айрим иллатлар туфайли жамиятимиз ва умуммиллатимиз олдида баъзи муаммолар юзага келаётган экан, уни бартараф этишнинг Қўшма қарор ва Низомда ишлаб чиқилган чора-тадбирлардан бўлак йўли йўқ. Агар биз Қўшма қарор ва Низомда белгиланган ишларни амалга оширсак, тўйларимизда, маросим, маъракаларимизда рўй бераётган ҳар хил иллатлардан қутилиб, бу борада миллий қадриятларимизни тўла намоён қилишга эришамиз. Зеро, асосий мақсад ҳам шундан иборат!
 
Эслатма:Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Қўшма қарори 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирди. Натижада тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда дабдабабозлик, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, ҳаддан ошиқ маблағ сарфлаш каби иллатларга барҳам берила бошланди. Жойларда Қўшма қарорда белгиланган қонун-қоидаларга, тартибларга бўйсунмаган ҳолда тўй ва маросимларни ўтказишга интилаётганлар ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан жазога тортилмоқда. Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида дабдабабозликка, исрофгарчиликка интилган баъзи тўй эгаларининг жазолангани шундан дарак беради. Демак, кўп йиллар, асрлар давомида тўй, маросим ўтказиш билан боғлиқ равишда халқимизни қийнаб келган дабдабабозлик, исрофгарчилик, маросимбозлик каби иллатлар барҳам топмоқда. Тўйларимиз миллий қадриятларимиз ифодасига айланмоқда.
 
Камол Матёқубов,
Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Инсон бу дунёда яшар экан фақат яхшилик қилиши зарур, халққа хизмат қилиши керак. Инсонийлик ҳиммати ҳамма нарсадан устун бўлмоғи шарт!&rdqu...
01 янв 1970
Марғилон шаҳридаги дорихона муассасаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашни ташкил этиш бўйича 3 та дорихонада йўриқномага амал қилин...
01 янв 1970
Бобом “Олим бўлсанг, олам сеники” деб кўп айтарди, ҳар куни “китобингни ўқи”, дейишни канда қилмасди....
01 янв 1970
Банк кредити ёрдамида барча зарур техникаларни сотиб олганмиз, артезиан қудуқ қазиб сув чиқарганмиз...