Айбсизлик презумпцияси... Қонунчилигимизда йўқми?

/

Айбсизлик презумпцияси... Қонунчилигимизда йўқми?

Азиз ўқувчи, газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб янги рукнимиз остида ҳафта давомида одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлган, эл орасида энг кўп муҳокама қилинган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириб боришга ҳаракат қиламиз. Бунда мамлакатимиз ёки хорижий давлатларда юз берган муаммоли вазиятлар, баҳсли воқеалар хусусида фикр юритамиз. Дарвоқе, Сиз, азиз газетхонлар, нафақат янги рукн остида чоп этиладиган мақолаларимизнинг ўқувчилари, балки муаллифлари ҳам бўлишингиз мумкин. Марҳамат, ҳафта давомида сизни ҳайратлантирган, жунбушга келтирган мавзулар ҳақида ёзинг ва бизга жўнатинг. Агар таҳрир ҳайъатига маъқул келса, албатта, чоп этамиз.

Ўтган ва якунланаётган ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси, шубҳасиз, таниқли актриса ҳамда унинг ўғиллари орасидаги муносабатлар бўлди. Албатта, бугун сиз-у бизнинг ихтиёримизда ижтимоий тармоқ аталмиш чегара билмас дастёр бор. Бу дастёр-воситадан фойдаланиб ахборот уммонида хоҳлаганимизча сузишимиз, билган-билмаган нарсаларимиз ҳақида ўқишимиз, ёзишимиз, хуллас, кўнглимизга келган ишни қилишимиз мумкин. Ҳеч ким мушугимизни “пишт”, товуғимизни “кишт”, деёлмайди. Агар деб кўрсин-чи, дарров “Бизда демократия буғилаётгани” ҳақида дунёга дод соламиз. Бу ҳам бўлса бир “пиар”да. Шу баҳонада ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларимиз сонини ошириб оламиз...

Майли, мавзудан четлашмайлик. Хуллас, ўтган ҳафтада актриса оиласида юз берган воқеа ижтимоий тармоқлар ва айрим телеканалларни “портлат”ди. Вазият шу даражага бордики, айрим блогерлар актрисанинг уйигача “бостириб” боришди. Агар нотўғри айтаётган бўлсам, олдиндан узр сўрайман. Чунки ярим кечаси бировнинг уйига бориб, эшигини очишни талаб қилишни “бостириб” боришдан бошқа сўз билан ифода қила олмадим.

Актриса уларга эшигини очмагани яна янги шов-шувлар тўлқинини пайдо қилди. Тўлқин шу қадар кучайиб кетди-ки, охир-оқибат туман ҳуқуқ-тартибот идоралари журналист ва блогерлар учун брифинг ташкил қилишди. Одатда, брифинг деганида савол-жавоб бўлмайди. Муайян бир воқеа-ҳодиса юзасидан ахборот берилади.

Биз юқорида тилга олган брифингда эса актрисани минбарга чиқариб қўйиб, муҳокама қилишди. Брифингда янграган “Биз бир кеча ухламадик. Сиз нега кечаси эшигингизни очмадингиз?”га ўхшаш бир-биридан ғализ саволлар кишининг энсасини қотирди. Яхшиям ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бор экан. Воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтиб, базўр брифингни тугатиб олишди.

Оқибат нима бўлди? Оқибат шу бўлдики, ижтимоий тармоқлар яна бир кун “портлади”. Ҳар ким оғзига келганини айтди, ёзди. Ҳаттоки, актрисани “оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш” масаласи ҳам кун тартибига чиқди...

Ана шундан кейин айрим эл таниган, ўзларича “машҳур” хонандаларимизга навбат тегди. Улардан бири таниқли актрисани “умуман танимаслигини”, у ҳақда “ҳаттоки эшитмаганини” писанда қилиб, лекин “болага ичи ачиётганини, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, курашмоқчи” эканини эълон қилди. Ва ўзича “очко” ишлади...

Хўш, ҳамма гапириб, айтиб, ёзиб бўлган экан, биз бу мавзуни нега қаламга олаяпмиз?

Ўз фикрларимизни айтишдан аввал қайд этиб ўтайлик, биз бу мақоламиз билан кимнидир “оқ” ёки бош бировни “қора”, дейиш фикридан мутлақо йироқмиз. Бизга бундай ваколат ҳам берилмаган.

Ҳамма гап шундаки, қонунчиликда айбсизлик презумп­цияси деган тушунча мавжуд. Бу тушунча шуни англатадики, суд ҳукм чиқармагунга қадар, ашаддий қотил ҳам гумонланувчи ҳисобланади. Уни айбдор, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шундай экан, ҳали тергов ҳаракатлари якунига етмасдан, ҳали суд ўз якуний сўзини айтмасдан туриб бир оиланинг шахсий ҳаётига аралишишга қанчалик ҳаққимиз бор? Биз киммизки, ярим кечаси аёл кишининг эшигини қоқиб, у эшигини очмаса, эл орасида “Нега эшигинг­ни очмадинг”, деб дағдаға қиламиз? Биз киммизки, бировларни “бурчакка турғазиб қўйиб”, шахсий ҳаёти ҳақида савол-жавоб қиламиз? Биз киммизки, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда хоҳласак бировни айбдор, бировни айбсиз дея эълон қиламиз? Биз киммиз ўзи, барака топкурлар?! Бизга ким бундай ҳуқуқ берди?..

Яна қайтариб айтамиз, биз ўша актрисани оқлаш ёки қоралаш фикридан мутлақо йироқмиз. Айтмоқчи бўлганимиз, қонун устувор бўлган давлатда, ҳуқуқий демократик жамиятда сўнгги сўзни ҳамиша суд айтади. Суд сўнгги сўзини айтгунча, бировларнинг шахсий ҳаётига, янаям очиқроқ айтганда, “кўрпасининг остига” мўралашга ҳаққимиз йўқ.

Хулоса ўрнида яна бир гап. Агар муҳокама қиламиз десак, атрофимизда арзирлик муаммолар камми? Албатта, муаммолар бор. Ҳатто керагидан ортиқ. Ўтган ҳафтада водий вилоятларининг бирида икки ёш гўдак газ иси туфайли ҳаётдан кўз юмди. Пойтахтда она-бола газ иси қурбони бўлди. Бу фожеаларнинг айбдори ким? Ёш гўдакларнинг ўлими учун ким жавоб беради? Жамоатчиликми? Жамиятми? Ота-онасими? Ёки ўз вазифасини етарли даражада уддалаёлмаётган газ идорасидагиларми?..

Нега бу жавобсиз саволлар Сизларни қизиқтирмайди? Нега бундай ижтимоий муаммолардан кўз юмиб, ҳафталаб бир оиланинг шахсий ишига аралашиб юрибмиз? Нега?..

Афсуски, ҳозирча биз бу саволларга жавоб топа олмадик. Балки Сизлар жавоб берарсиз, “жонкуяр” ҳамкасблар?!

Зарафшон ҚАЛАНДАРОВА,

“Adolat” мухбири


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълум бўлишича, Отаниёз эндигина 16 ёшга тўлган.
01 янв 1970
Деҳқон — ер султони, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ер билан тиллашган, унга меҳр берган киши борки, ўз олдига қўйган мақсадига эришади....
01 янв 1970
Ҳуқуқий тарбия — демократик жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим омилларидан бири саналади. ...
01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....