Ярим йилда 6 196 фуқаро “Патронаж” орқали

/
Ярим йилда 6 196 фуқаро “Патронаж” орқали партияга аъзо бўлди
 
Ўтган йилда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилига амал қилган ҳолда иш олиб борди.
 
Партия ғояларини кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида партиянинг Марказий аппарати томонидан сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Жумладан, ҳар ҳафтанинг сешанба куни республика миқёсида маҳаллаларда сиёсий ўқувлар ташкил этиш, чоршанба кунлари сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўрнатиш, ҳар ҳафтада ҳудудий кенгашларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирликларининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда туркум тадбирлар ва қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган соҳа мутахассислари иштирокидаги учрашувлар ташкил этди.
 
Айниқса, 2019 йил сайловлар йили бўлгани учун партия ўз фаолиятида янги саҳифаларни очди. Партия лойиҳалари ҳам сайловлар арафасида жонланди, сайловчиларни кенгроқ қамраб олди.
 
Янги лойиҳа
“Партия патронажи” — янги лойиҳа. У ташкил этилганига атиги 6 ой бўлди. Аммо бу сиё­сий партиялар фаолиятида шу вақтгача қўлланилмаган тажриба, янги ғоя бўлгани сабаб ижобий натижаларни қайд этишга улгурди.
 
Юртдошларимиз орасида сиёсий ҳаётдан бохабар бўлиб борувчилар, жумладан, сиёсий партиялар фаолиятини мунтазам кузатувчилар талайгина. Кузатувлар асносида у ёки бу сиёсий партия ғояси маъқул келади, жараёнларда бирга қатнашиш, ўз фикрини билдириш истаги туғилади. Аммо оиласи ва ишидаги банд­лик, вақт масаласи муаммо туғдиради.
 
Лойиҳага кўра, ҳар бир ҳудудий кенгашда партияга аъзо бўлиш истагида бўлган, аммо партия ташкилотига ташриф буюришга вақти ва имкони йўқлардан чақирувлар қабул қилинди. Шу асосда уларнинг хонадонлари ёхуд иш жойларига партия вакиллари бориб, фуқароларимизни аъзо қилдилар. Ҳужжатлар жойида расмийлаштирилди.
 
Мақсадимиз – халқ ичига чуқур кириб бориш
“Партия патронажи” эндигина эълон қилинган даврда ундан ижтимоий тармоқлар ор­қали асосан ёшлар хабардор бўлиб, қизиқиш билдирган бўлса, кейинроқ бу лойиҳа маҳаллаларда кенг ёйилди. Кексалар ва ногиронлиги бор шахс­лар ушбу қулайликни ҳис этган ҳолда туман кенгашларига қўнғироқ қилдилар. Зеро, “Партия патронажи” фуқаролар вақтини тежади, халқни “Адолат”га янада яқинлаштирди, фуқаролар хонадонларида партия билетини қабул қилибгина қолмай, сиёсий куч ғоялари билан тўлиқ танишдилар, саволларига жавоб олдилар.
 
— Партия лойиҳалари ичида “Патронаж” лойиҳаси алоҳида ажралиб туради. Унда аҳолини ўзига жалб этган биринчи нарса янгилик ва қулайликдир, — дейди “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Мафкуравий ишлар бўлими мудири Фазлиддин Зияев.  — Халқ билан мулоқот — бугунги кунда самарага етакловчи иш услубларидан бири. Ушбу лойиҳа ҳам кенг жамоатчилик ичига чуқур кириб боришга асосланган. Шу жиҳатдан ҳам у кўплаб фуқароларни ўзига жалб эта олди. Шиддат билан давом этаётган бугунги замонда барчанинг вақти тиғиз. Кун бўйи иш билан банд бўлган фуқарода партияга аъзо бўлиш истаги мавжудлигига қарамай туман кенгашига келиш учун вақт ажратолмайди. Бундан таш­қари, қариялар, ёш болали аёллар, ногиронлар, имконияти чекланганлар орасида ҳам “Адолат” ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда аъзо бўлиш истагини амалга оширолмайдиганлар бор. Уларга “Партия патронажи” асосида аъзоликка қабул қилиш тадбири жуда қўл келди.
 
Тоғли ҳудудни кезган “Патронаж”
Таъкидлаш ўринлики, “Пар­тия патронажи” фуқароларимизга қулайлик яратиш билан чекланиб қолгани йўқ. Бу айни вақтда партия учун ҳам самарали ишлаш механизмини яратди. Лойиҳа бошланганидан бери аъзоларимиз сони сезиларли даражада ошди. Туман кенгаши раислари учун халққа яқин бўлиш, хайрихоҳларимиз билан мулоқот ўрнатиш, сафимизни кенгайтириш имкони туғилди. Мазкур лойи­ҳанинг йўлга қўйилгани  партия тарафдорларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш билан бирга, аъзоларимиз сони  кун сайин ортиб боришига хизмат қилмоқда. Бу ўз ўрнида “Адолат”­нинг аҳоли  орасидаги  танилувчанлиги ва нуфузини оширмоқда.
 
— Хабарингиз бор, Бўстонлиқ туманининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан иборат, аҳоли яшаш пунктлари бир-биридан олисда жойлашган, — дейди Бўстонлиқ туман кенгаши раиси Акром Сайдалиев. — Шу боис, партия йиғилишлари ва учрашувларига фуқароларнинг қўпроқ жалб қилиш, партия фаолияти ҳақида маълумотларни самарали етказиб бориш ҳамда аъзо бўлиш истагидагиларга ноқулайликлар туғдирарди. Натижада аҳолининг аксарият қисми партия фао­лиятидан бехабар қоларди. “Партия патронажи” лойиҳаси ташкил этилганидан кейин бу муаммолар ўз-ўзидан барҳам топди. Энди биз фуқароларимизга қулайлик яратиб бериш мақсадида, ортиқча сарсонгарчиликларсиз, уларнинг таклифига биноан, истаган вақт ва манзилларида учрашувларни ташкил этмоқдамиз.
 
Номзодлар уйма-уй юрди
Сайловлар арафасида “Пар­тия патронажи” қизғин тус олди. Ҳудудлардан кўрсатилган номзодлар туман кенгашлари вакиллари ҳамроҳлигида хонадонларга боришди, уйма-уй юришди. Фуқароларимиз учун номзод — бўлажак депутат қўлидан партия билетиолиш ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлади.
 
— “Партия патронажи” лойиҳаси барчамизни якдиллик билан бирлаштирди. Айниқса, халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларни ҳал этиш, мурожаатларнинг моҳиятига эътибор қаратган ҳолда уларнинг амалий ечимларини топишга имкон берди, —  дейди Когон туман кенгаши раиси Мактуба Ҳамроева. — Қувонарлиси, партиямиз хайрихоҳлари кўпайди, партиямизнинг дастури, унинг номзодларини қўллаб-қувватловчилар сони ошди. Когон туманида ташкил этилган “Партия патронажи”га 170 маротаба чақириқ келиб тушди. Муҳими, улар орасида 18 баҳорни кўрган ёшларимиздан тортиб, 91 ёшли онахонларимизгача бор. Шубҳасиз, хайрихоҳларимиз билан учрашувлар давомида уларга партиямизнинг ўз олдига белгилаб олган мақсад ва вазифаларини тушунтириб бордик.
 
 
“Партия патронажи”
Ўз имижини яратди
Лойиҳага ҳар бир туман кенгаши ижодий ёндошди. Партия ташкилоти “Патронаж сумкаси”га эгалигидан таш­қари Хоразм вилоят кенгаши лойиҳанинг ҳудудий координаторлари учун алоҳида форма — “Патронаж нимчаси”ни жорий қилди. Ўз имижига эга партия вакиллари маҳалла аҳолисининг эътиборини торт­моқда. Бундан таш­қари, лойиҳа доирасида патронаж хизмати вакиллари аъзо бўлаётган кексалар ва ногиронлиги бор шахсларнинг кўнглини кўтариш мақсадида улар хонадонларига сов­ға-саломлар, тар­ғибот материаллари билан бораётгани эътиборга лойиқ.
 
— Мен туман марказидан  узоқда яшайман. Ўзим педагогман. Ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб, янгиликлардан хабардор бўлиб бораман, — дейди Сурхондарё вилоятидан мазкур лойиҳа асосида сафимизга қўшилган Соҳиба Муҳаммадиева. — Асосан сиё­сий партия­ларнинг фаолиятини кўриб, партияга аъзо бўлиш истаги пайдо бўлган эди.  Шу истак сабабли дастлаб мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг дастурлари билан танишиб чиқдим ва “Адолат” партиясига аъзо бўлишни мақсад қилдим. Аммо иш-уй деб икки ўртада партия­га аъзо бўлишга вақт топишим, тўғриси, қийин бўлди. Одатдагидек ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, “Партия патронажи” ҳақидаги эълонни кўрдим-у қўнғироқ қилиб, боғландим. Шу куннинг ўзида партия аъзолигига қабул килиш учун Ўзбекис­тон «Адолат» СДП Олтинсой туман кенгаши раиси уйимизга келди. Бундай имкониятни кўриб хурсанд бўлган турмуш ўртоғим ҳам “Адолат” партиясига аъзо бўлиш истагини билдириб, ариза ёзди. Ўз уйимизда партия билетларини олдик.
 
 
Қайси Ҳудудда
чақирувлар кўп бўлди?
“Партия патронажи” сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда эълон қилинганидан кўп ўтмай фуқаролардан мурожаатлар келиб туша бошлади. Лойиҳанинг “илк қалдир­ғочи” Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобланади.
 
 
Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, энг кўп аъзо Хоразм (1570 нафар), Сирдарё (1091 нафар), Навоий (1055 нафар) вилоятларидан қабул қилинганини кўриш мумкин. Шунингдек, Бухоро (545), Қашқадарё (460), Самарқанд (354) вилоятлари лойиҳада фаол иштирок этди. Тошкент шаҳри (54) ва Тошкент вилояти (54)да эса нисбатан кам чақирувлар қайд этилди. Аммо бу ҳали якун дегани эмас. Зеро, лойиҳа давом этмоқда. Айни вақтда ҳам “Партия патронажи” республикамизнинг барча туманларида чақирувлар қабул қилиш ва хоҳловчиларни ўз хонадонида партия аъзосига айлантириш билан банд. 2020 йилда лойиҳамиз янада кучайи­ши, бу орқали партиямиз аъзолари сон ва сифат жиҳатдан ошишини кутиб қоламиз.
 
 
Дурдона АЛИМОВА,
лойиҳа координатори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жойларда тарғибот ишлари олиб бор...
01 янв 1970
Ўтган йилда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилиг...
01 янв 1970
Фарзандлар тарбияси, оила мустаҳкамлигини таъминлашда, айниқса, катта ёшдагиларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Ўрганишлар натижасида “Наврўз” ШФЙ ҳудудида жойлашган 11-сонли “Шодлик” мактабгача таълим муассасаси биноси ачинарли аҳволг...