ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ: 548 нафар кўнгилли 138,3 литр қон топширди

/

ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ:

548 нафар кўнгилли 138,3 литр қон топширди

 

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил юртимизда карантин чоралари қатъий белгиланганлиги оқибатида донорлар сони камайганлиги ва оғир беморлар учун донорлик қони зарур эканлигини инобатга олиб, партия ташаббуси билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” донорлик хайрия акцияси 4 июндан 13 июнга қадар ташкил этилди.

 

Донорлик акцияси республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тар­ғиб қилишга қаратилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳамда Республика қон қуйиш марказида ўтказилган мазкур беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.

 

Акция доирасида республика бўйича жами 548 нафар кўнгилли топширган қон 138,3 литрни ташкил этди.

 

Бу ҳаракатда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва шифокорларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаган бўлажак тиббиётчилар — Андижон давлат тиббиёт инс­титути талабалари ҳам Андижон шаҳридаги қон қуйиш марказига кириб келдилар.

 

 

Бобур Абдулазизов, талаба:

— Очиғи, танлаган касбимни яхши кўраман, беморлар соғлигини тиклашларига астойдил кўмаклашиш асосий мақсадим бўлса ҳам уларга яна қандай ёрдам кўрсатиш мумкинлиги ҳақида ўйламаган эканман. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан акция ташкил этилганини кўриб, қувондим. Айниқса, бемор болажонлар учун қон беришни барча истайди. Бугун ана шундай савобли ишни амалга оширганимиздан хурсандмиз.

 

Бобур каби 15 нафар “Ёш адолат”чилар ҳам донорлар сафига қўшилди. Улар шу куни тенгдошларини ҳам бу ҳаракатда қатнашиш билан соғлом ҳаётга ҳисса қўшишга чақирдилар.

 
 

Мазкур беғараз инсонпарварлик акциясида наманганлик партиядошларимиз ҳам фаол иштирок этишди.

 

 

Заҳрохон АҲмедова, “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси:

 — Сафдошларимиз орасида беғараз донорлик акциясида иштирок этиш истагини билдирганлар кўп бўлди. Бироқ коронавирус панде­мия­си туфайли эълон қилинган карантинда юзага келган шарт-шароит сабабли уларнинг вилоят қон қуйиш марказига боришининг иложи бўлмади. Шунинг учун туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига мурожаат қилдик. Улар вазиятни тўғри тушуниб, марказий шифохонанинг қон қуйиш бўлимида зарур шарт-шароитларни яратиб беришди. Натижада ўттиз нафардан ортиқ киши қатнашган акция муваффақиятли ўтди.

 

 

Зокиржон Ҳожимирзаев, Наманган вилоят қон қуйиш маркази раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи:

— Тиббиёт муассасамизнинг асосий вазифаси  вилоятдаги барча шифохоналарга қон етказиб беришдан иборат. Бу ишнинг ўзига яраша масъулияти бор, албатта. Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорлик қилаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Ҳар йили июнь ойи бошида ўтказиладиган акция яхши анъанага айланиб, мавжуд қон захираларини тўлдиришга хизмат қилади. Бу йил ҳам тадбир уюшқоқлик билан ўтганлиги барчамизни хурсанд қилди.

 

Донорлик акцияси партиянинг Чирчиқ шаҳар кенгаши томонидан Тошкент вилояти қон қуйиш марказида ўтказилди.

 

— Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган олий даражадаги совғасидир, — дейди халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Равшан Дастиров. — Ҳаёт ҳадя этиш савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Акция­да шаҳар ҳокими Санжар Юсупов, 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Болтабоев, спорт, маданият ходимлари, кўплаб кўнгилли инсонлар қон топширди. Кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

 

— Касалликларининг ўз вақтида аниқланиши, замонавий кимёвий терапияларнинг ўтказилиши натижасида беморларда кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади, — дейди вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори Холида Ғаниева. — Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирнинг анъанавий тарзда давом этиши бизни беҳад қувонтиради. 

 

Дурдона АЛИМОВА,

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторлари шакллантирилиб, сиёсий ...
01 янв 1970
Наримон Умаровнинг ишончли вакили Юлдуз Усмонованинг Сайҳунобод тумани ва Ширин шаҳридаги сайловчилар билан учрашуви қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди...
01 янв 1970
Шахмат — қизғин ва қизиқарли курашлар олами, ўйин жараёнида барчанинг диққатини бирдай ўзига жалб этувчи мураккаб вазиятлар, шу билан бирга, ...
01 янв 1970
Таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналардаги шарт-шароитлар ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. ...