Маданият соҳасидаги муаммоларга ечим изланди

/
Маданият соҳасидаги муаммоларга ечим изланди
 
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий маданиятни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ўзбек маданияти ва санъати соҳаси учун катта воқеа бўлган эди. Ушбу ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси” мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудини унинг хусусияти, этник ва эстетик қирраларига қараб алоҳида-алоҳида қамраб олган бўлиб, ҳар бир ҳудуд маданиятини ривожлантириш бўйича муайян вазифаларни белгилаб бермоқда.
 
Ушбу “Йўл харитаси” ўзининг тузилишига кўра, бетакрор ғоявий мажмуани ташкил этиб, бирор-бир қонун ҳужжатига ўхшамайди. Унда ўз аксини топган мақсад ва вазифалар истиқболда юртимиз маданияти тизимига оид бошқарув принципларининг ҳам тараққий этишини тақозо этади.
 
Ушбу ҳужжатнинг бажарилишини таъминлашнинг мантиқий давоми ўлароқ, 2020 йил 26 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Жорий йилнинг 12-13 июнь кунлари мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ҳудудларда тарғибот-ташвиқот қилиш мақсадида Бухоро вилоятига сафар уюштирилди. Ташриф доирасидаги тадбирларда Бухоро вилоят Маданият бошқармаси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Бухоро вилоят бўлими,  театр,  музей,  цирк ташкилотларининг мутасаддилари иштирок этди. Муҳокамалар чоғида иштирокчилар  ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, қарорнинг бажарилишига оид  таклифлар беришди.
 
Таклифларни ўрганиш чоғида аниқланган муаммоли масалалардан бири Бухоро вилояти ҳудудидаги маданий мерос объектларини кадастрлаштириш соҳасига тегишлидир. Қарорга кўра, маданий мерос бошқармаси рўйхатида турувчи барча объектлар бундан буён ҳудудий маданият бош­қармалари тасарруфига ўтказилиши белгиланган.
Маълумки, Бухоро вилояти ўзининг бой маънавий мероси билан бошқа вилоятлардан ажралиб туради. Унга тегишли бўлган тарихий архитектура объектлари жуда кўп. Уларни кадастрлаш эса қарийб 400 миллион сўм маблағ талаб этади. Соҳа мутасаддилари ушбу масалани кўтарар экан, ҳар бир объектни маданий мерос бошқармаси рўйхатидан маданият бошқармаси рўйхатига ўтказишда алоҳида хатлов ва экспертиза талаб этилишини ва бу масаланинг ечимида катта ёрдамга муҳтож эканини билдирди.
 
Бухоро вилояти маданият бошқармаси мутасаддилари ҳамда мутахассислар томонидан билдирилган кейинги таклифга кўра, Бухоро театрида фаолият юритадиган ижодий гуруҳнинг иш самарадорлигини ошириш учун театр биносидан узоқ бўлмаган жойда хизмат турар-жойи барпо этиш зарурати бор. Ушбу турар-жойнинг қурилишини давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга ошириш мақсадга мувофиқ экани таъкидлаб ўтилди.
 
Қарорда белгилаб қўйилган муҳим масалалардан яна бири — аҳоли, хусусан, ёш авлоднинг маънавий тарбиясини таъминлаш мақсадида музейларда “очиқ эшиклар куни” ташкил этилади. Ушбу тадбирнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда музейлар бўйлаб саёҳат қилиш қулайлигини рўёбга чиқарадиган автобуслар маршрутини йўлга қўйишнинг мақсадга мувофиқлигидир. Зеро, бундай қулайликнинг мавжудлиги нафақат аҳоли, балки Бухорога ташриф буюрадиган туристлар учун ҳам қўшимча қулайликлар яратади.
 
Таълим соҳаси мутахассисларнинг фикрига кўра, музейларнинг “очиқ эшиклар куни”да қилинган саёҳат натижасида умумтаълим мактабларида иншолар танлови ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
 
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасида тайёрланаётган «Маданият тўғрисида»ги қонун лойиҳасига ҳам ўз таклифларини бердилар.
 
Унга кўра, юртимизнинг бой мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодга бекаму кўст етказиш борасида аниқ механизмга эга бўлган норма киритилиши шарт. Шунингдек, моддий ва номоддий мерос, тарихий объектлар, санъаткорларнинг ижро мактаблари юксак бадиий қимматга эга бўлиб, қонун ҳимоясида бўлиши зарур экани айтиб ўтилди.
 
Бухоро вилояти аҳлидан келиб тушган энг муҳим таклифлардан яна бири — маданият ва санъат йўналишидаги ўрта махсус таълим тизимини аввалгидек 4 йиллик шаклга қайтариш ҳамда битирувчиларга диплом бериш орқали ёш авлоднинг иш билан таъминланиш даражасини кўтариш масаласи бўлди.
 
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулияти ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизнинг яқин беш йилликдаги аниқ истиқболини белгилаб, тараққи...
01 янв 1970
Ўзбекистонда навқирон авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор...