Кўнгил хазинаси — омад харитаси

/
Кўнгил хазинаси — омад харитаси
 
Яқинда адабий нашрларнинг бирида яхши китобларни ўқиш — турли онкологик хасталиклар, миянинг эрта қариши, ақли заифлик, Альцгеймер касалликларининг олдини олишида ёрдам бериши ҳақидаги маълумотни ўқиб қолдим. Дарҳақиқат, китоб мияни дои­мий машқ қилдириб, янгидан-янги маълумотларни ўзлаштиришга, қайта ишлашга мажбур қилади. Натижада ақл тиниқлаша бошлайди, дейилади мақолада.
 
Ҳатто Буюк Британияда китоб терапевти деган касб бор экан. Бундай мутахассислар китоб ўқитиш орқали руҳий муаммолар қуршовида қолган кишиларни даволаркан. Масалан, иқтисодий қийинчиликдан хавотирга тушган ўрта ёшдаги кишига Фрэнсис Скотт Фицжеральднинг “Буюк Гэтсби”, Сол Беллоунинг “Хендерсен — ёмғир қироли”, Айрис Мердокнинг “Қўнғироқ” номли китоблари тавсия этилади. Аёлларга Одри Ниффенеггер қаламига мансуб “Вақт сайёҳининг рафиқаси”, Том Роббинснинг “Жаз оҳанглари” китоби маъқул саналади.
 
Кўплаб хорижий давлатларда яхши бир одат бор. Одамлар китоб ёки газета-журнални ўқиб бўлгач, хиёбондами, бекатдами ўриндиққа қўйиб кетади. Унинг ўрнига ўтирган бошқа одам ўша нашрни бехижолат ўқийверади. Мисол учун, Александр Дюманинг “Уч мушкетёр” романи ҳам Париж булварларида ўқилган, ташлаб кетилган китоблар кўринишида дунёга келган.
 
Шу билан бирга, Боку шаҳридаги денгиз бўйида дам олишга борсангиз, агар ўриндиқлар бекор ўтирганлар билан банд бўлса, назоратчилар “Илтимос, китоб ўқиётганларга жой беринг”, деган эслатмани ёдингизга солиб қўйишади.
 
Хитойда ҳам ҳукумат томонидан махсус газета ва китоб­лар ўқиладиган кичик кутубхоналар ташкил этилган. Истироҳат боғлари, тарихий-маданий ёдгорликлар, кўнгилочар масканларда одамлар (асосан ўрта ва кекса авлод вакиллари) мутолаа қилади. Ҳукумат 16,8 миллиард юань маблағ сарфлаб, мамлакат миқёсида 600 мингта махсус ўқиш хоналарини қуриб, фойдаланишга топширган. Шаклан кутубхоналарга ўхшаш бу масканларда одамлар газеталарнинг янги сонини, китобларни бепул ўқишлари мумкин.
 
Мамлакат ривожини таълим асосига қурган японлардан ҳам ибрат олса арзийди. Улар ҳар куни қирқ дақиқалик вақтини, албатта, мутолаага ажратар экан. Бу одат оилада болаликдан шакллана боради.
 
Хуллас, тараққиётни кўзлаган давлат борки, халқини китобга ошно этишнинг турли йўлу усулларини излаётир. Савол туғилади: нега энди бунга чора излаш керак? Нега китобсеварликка тарғибот зарур бўлиб қолди? Ахир, ҳамма китобни шундоғам ўқиши керак эмасми?!
 
Ўтмишда ота-боболаримиз илмга ташна, китобга меҳр қўйган халқ ҳисобланган. Тарихдан бизга маълумки, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур қайси давлатни ишғол қилса, ўша давлатнинг кутубхонаси билан танишган. Ўзига ёққан китобларни ҳамиша ёнида олиб юрган, бўш вақти бўлдики, китоб мутолаа қилган. Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино подшоҳнинг қизини даволаб оёққа турғизгани эвазига сарой кутубхонасидан фойдаланишни сўраган. Шу каби тарихий воқеалар халқимизнинг азалдан билимга ташна, китобга ихлосмандлигидан дарак беради.
 
Мутолаа учун кенг имконият пайдо бўлган бугунги давримиз кишилари ўртасида китобхон, китобсевар, китобпарвар, китобйиғар... сифатида тилга тушган турли инсонларни учратамиз. Китобхон кишилар китобни сотиб олишга имконияти бўлмаса-да, бировдан олиб бўлса ҳам ўқишни давом эттираверади.
 
Мамлакатимизда ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал эҳтиёжини қондириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Китоб байрами”,  “Мен, отам-онам, бобом ва бувим — китобхон оила”, “Энг яхши китобхон оила”, “Маҳалламизнинг китобсевар оиласи”, “Бир фарзандга уч китоб акцияси”, “Китобхон мактаб” каби тадбирларнинг самараси катта бўлмоқда.
 
Жумладан, мактабимизда “Энг зўр китобхон”, “Энг яхши иншо муаллифи”, “Ифодали ўқиш устаси”, “ўазалхон ўқувчи”, “Мен севган қаҳрамон”, “Мен севган адиб”, “Жаҳолатга қарши — маърифат” каби танлов ва тадбирлар ўтказиб келинмоқдаки, бу каби тадбирлар ёшлар қалбида китобга ўлган муҳаббат уйғотмоқда. Тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчиларни китоб совға қилиш орқали рағбатлантириб бориши ҳам йўлга қўйилган.
 
Китоблар — нафақат катталар, балки, энг аввало, болаларнинг ақлий ривожланишида, тасаввури кенгайишида, маънавий олами бойишида асосий туртки бўлади. Айниқса, китобни овоз чиқариб ўқиш натижасида ўқувчининг талаффузи ва нотиқлик қобилияти ошади. Фарзандларига бу усулда китоб ўқиб бериш оиланинг янада аҳиллашувига хизмат қилади.
 
Бироқ транспорт воситаларида кета туриб ёки ётган ҳолда ўқиш, қоронғи ва ёруғлик кам тушган жойда мутолаага шўнғиш — соғлиқ учун зарарли ҳисобланади.
 
Назаримизда, орзу-умидсиз одамгина мутолаа қилмайди, дангасалик қилиб, баҳона излайди. Улар бутун умр китобсиз яшашга маҳкум! Инсоннинг ўзига бўлган ишончи, эътиқоди билим олишга ундайди. Ҳеч қандай куч уни бу йўлдан қайтара олмайди.
 
Боланинг қалби маърифатга, муҳаббатга, эзгуликка тўлиб улғайишига биз, катталар, ота-оналару устозлар бирдек масъулмиз. Бунда болаларга айнан биз китоб хазиналаридаги омадли инсонларнинг ютуғи сирларини ўргатиб бориш, амалда ҳам уларга ўзимиз китоб ўқиб намуна кўрсатишимиз зарур.
 
Бугун нафақат ёшларимиз, катталар ҳам ўз вақтларини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда. Бу беҳуда, мақсадсиз ўтган вақт, умр дақиқалари эмасми?
 
Китоб — билимлар хазинаси бизга ҳаётни севишни, тўғри яшашни, кўнгилга эрк беришни, эзгуликни ўргатади. Кимки ҳаётни севса, ардоқласа, ундан завқ олса — шубҳасиз, узоқ умр кўради. Чунки, соғлом бўлиш, фаровон ҳаёт кечириш сирлари китоб аталмиш хазинададир.
 
Мана, техниканинг ютуғидан унумли фойдаланиб, аудио китобларни эшитиб юрганлар қанча?! Ҳар кеч “Ўзбекистон”, “Маҳалла” радиоканалларида бадиий асарларнинг радио тал­қини эфирга узатилади. Дангасароқ одам шуларни тинглаб ҳам китоб ўқигандек завқ олиши мумкин.
 
 “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов журналистлар билан суҳбатда: “Ҳеч қайси жиноят китоб устида амалга ошмайди. Одам телевизор кўриб, видео кўриб, компьютердан туриб, тўйдан чиқиб жиноятга қўл урган бўлиши мумкин, фақат китоб ўқигандан кейин эмас...” деган эди. Ҳақ гап. Китоб қўлимизни пулга тўлдириб қўймаслиги ростдир, лекин жиноятдан, кишандан сақлашига нима дейсиз? Энг бебаҳо неъмат — умрингизни тўрт девор ичида бесамар ўтишидан асрамайдими?! Демак, гап фақатгина моддий фаровонликда ҳам эмасга ўхшайди.
 
Болани бир умр китобхонликдек оғир ва завқли меҳнатга тайёрлашда оиланинг ўрни беқиёс. Ота-она фарзандида мутолаага меҳр уйғотиши баробарида уни тарбиялаб ҳам боради. Масалан, номаъқул иш қилган фарзандни уриш, танбеҳ беришдан кўра бирор асардан ибратли мисол келтириш орқали тўғри йўлга солган яхши эмасми? Бу билан гўдак хушхулқли бўлиб ўсади, қолаверса, ўша асарни топиб, ўқишга иштиёқи ортади. Туғилган кун ёки рағбатлантириш учун ҳар бир ота-онанинг совғаси китоб бўлса, қанийди! Баъзан акс-таъсир ҳам фойда беради.
 
Китоблардан топган ҳикматим, олган хулосам оддий. Умри давомида битта китобни варақламай ҳам яшаб ўтиш мумкин, бироқ ўзини ҳурмат қилган одам, албатта, китоб ўқийди. Китобхон — ўзини тафтиш қилишга, дунёни англашга уринган одам.
 
Дилбар ТОЖИЕВА,
Чилонзор туманидаги
79-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Нукус шаҳри номининг келиб чиқиши: “Қадимда милоддан олдинги IV асрдан милодий IV асргача бу ерда “Шўрча” деб аталган қалъа бўлга...
01 янв 1970
Мустақиллик қалбларимиздаги Ватан туйғусини баланд тоғлар каби юксалтирди. 
01 янв 1970
Ҳазорасп Хоразмнинг қадим масканларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи 2700-2800 йилга тенг эканлиги аниқланди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди.