Мақсадимиз демократик ижтимоий давлат барпо этиш

/
Мақсадимиз демократик ижтимоий давлат барпо этиш
 
Сўнгги уч йилда давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайди, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятлари кенгайди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг принцип ва тартиби ўзгарди, ҳукуматнинг ваколатлари янада кенгайди, унинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг Халқ депутатлари кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.
 
Шубҳасиз, ушбу жараёнда фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани ислоҳотларнинг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шартига айланиб улгурди.
 
“Адолат” СДПнинг мақсадларидан бири ҳам давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш ҳисобланиб, партия сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши тарафдоридир.
 
“Адолат” СДП вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари кенг жорий этилиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг негизи бўлиши лозим, деб билади.
 
Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга хизмат қи­лади.
 
Партиямиз давлат ва жамият ривожланишида эришилган натижаларни эътироф этиш билан биргаликда, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари фаолияти устидан чинакам назорат олиб боришини ҳам тақозо этади, деб ҳисоблайди. Бу жараёнда, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ҳақиқийлиги, сифат даражаси, ижтимоий жараёнларга таъсири муҳим роль ўйнайди.
 
Шу сабабли, партия Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш ва мувофиқлаштириш, жамоатчилик назорати институтини янада кучайтиришни талаб этади, деб билади.
 
Бунда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик масалалар юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат ижтимоий дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказилиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратилиши, уларнинг со­ғ­лиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокининг кучайтирилиши доимий эътибор марказида бўлиши лозим.
 
Албатта, демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Биз кутилган натижаларга эришиш учун ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.
 
Сайловолди дастурида аниқ режаларни белгилаб олган партиямиз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, халқимизнинг бой турмуш тажрибасига асосланиб, республика аҳолисининг миллий ва маданий анъаналарига, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнларига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшишда давом этаверади.
 
Нурлыбай Каипбергенов  
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатлигига
7-Орол сайлов округидан
номзод этиб кўрсатилган 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП социал-демократия мафкурасига таянади ва ижтимоий адолат, эркинлик, бирдамлик, ғояларини илгари суриб, Марказий...
01 янв 1970
Бугун жамиятимизда юқоридаги фикрлар тўла ўз тасдиғини топиб, аёлларга бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Ҳар бир фарзанд – миллат келажаги. Болаларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, баркамол авлодни тарбиялаш, уларни...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантир...