Бизга «ТТТ» керакми?!

/
Бизга «ТТТ» керакми?!
Ёки “Миллий тикланиш”дан яна бир антиқа ғоя
 
Сайловолди тарғибот-ташвиқот жараёни айни қизғин паллада. Депутатликка номзодлар орасидаги рақобат кучайса кучайдики, асло ортга чекинилгани йўқ. Сайловчилар билан учрашувларда,  оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилаётган дебатлардаги баҳс-мунозараларнинг поёни йўқдек гўё. Ахир, сиёсий партиялар, уларнинг фаоллари бундай тарихий дақиқа, онларни узоқ вақт кутган. Аммо бу имкониятдан ким қандай фойдаланаётгани масаланинг бошқа томони.
 
Очиғини айтганда, дебатларни кузатиб туриб, айрим сиёсий партияларнинг сайловга тайёргарлиги, салоҳиятидан хафа бўлиб кетади, киши. Тўғриси, у сайловдан бу сайловга қадар қисқа бўлмаган муддат – 5 йил вақт ўтган. Наҳотки, шу давр мобайнида сиёсий партияларимиз сайловчиларнинг, ҳеч бўлмаганда, ўз тарафдорларининг муаммосини ўрганолмаса? Ечимини кутаётган оғриқли масалалар кўр-кўрона муҳокама қилинса, бу ҳам етмагандек, давлатга оғирлигини ташламай, фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмасдан вояга етказиш мақсадида ўзга давлатларда умргузаронлик қилаётган ҳамюртларимизни “ўзини ҳурмат қилмасликда” айблашса, очиғи, кишига  алам қилар экан. Ишсизлик, меҳнатига муносиб иш ҳақи берилмаслиги, таълимнинг сифати масалалари-чи? Гўёки бу масалалар бизга эмас, қайсидир бегона юртга тегишлидек... Қанийди, муаммоларга кўз юмиш орқали уларни ҳал қилиб бўлганида эди...  
 
Ачинарлиси, миллий бирдамликка ундаётган айрим сиёсий партияларимиз кўпчиликни “табақалаштирилган тўлов тизими” (ТТТ) атамалари билан чалғитаётганида.
 
Нима эмиш, коммунал тизимдаги тўловларни одамларимиз даромадига қараб тўлаши керак эмиш. Бу “доҳиёна” ғояни ўртага ташлашдан олдин ким қанча даромад олишига оид аниқ ва тўғри маълумот борми бизда, қанчадан-қанча одамлар меҳнат биржаларида ишсиз сифатида эътироф этилгану, яна қанча минглаб инсонлар бу эътирофдан воз кечганини ўрганишса бўлармиди, дегинг келади. Қолаверса, ўз зиммасидаги мажбуриятни, яъни солиқни тўлашда кўзбўямачиликка йўл қўйишга уринадиган айрим “тадбиркорлар”имиз билан курашишнинг ўзига катта ҳажм­даги ресурс сарфланаётганини ўйласак тўғри бўлармиди? Бундай “янгилик”нинг жорий этилишига ҳам давлат, ҳам халқ­нинг катта маблағи сарфланишини башорат қилиш учун иқтисодчи бўлиш ҳам шарт эмас, назаримда.
 
Дейлик, 33 миллионлик халқимиздан меҳнатга лаёқатли 13 миллион нафари ўз даромади акс эттирилган солиқ декларациясини топширди. Коммунал тўловларни ундиришга масъул ҳисобланмиш Мажбурий ижро бюроси солиқ органлари билан ҳамкорликда кимдан қанча тўлов ундиришни аниқлаб ҳам олди дейлик. Лекин истеъмолчи бунга рози бўлармикин? Унга бир ташкилотда ишлаб туриб (агар ишлаётган бўлса) ҳамкасби бошқа сумма, ўзи яна бошқа сумма тўлашга мажбурлигини ким тушунтиради? Ҳам давлатга солиқ тўлайдиган, ҳам ишчи ўрни яратиб қўйган тадбиркор нега яна кўп пул тўлаши керак? Қолаверса, бир ой минг сўм, яна бошқа ойда юз минг сўм даромад топадиганлар нима қилади? Даромади қанча бўлганини исботлаш учун қанчадан-қанча бюрократик тўсиқларга учралишини ўйлаб кўришдимикан? Шундоқ ҳам 13 миллионлик меҳнатга лаёқатли халқимизнинг бор-йўғи 4,6 миллион нафари солиқ тўлашини инобатга олиб, коммунал тизимдаги қарздорликлар қанчалик ошиб кетишини ўйлаб кўришдимикан? Биргина чалкашлик бошқаларнинг бош оғриғига айланиб кетади-ку. Яна жабрини халқимиз тортишини тасаввур қилиш қийин эмас.
 
Назаримизда, бу сиёсий партия нима бўлганда ҳам янги ғояни ўртага ташлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйганга ўхшайди. Велосипедни қайта кашф қилишга уринаётган “Миллий тикланиш”чиларимиз бу кетишда нафақат сайловчиларимиз, балки ўз тарафдорлари, ҳаммаслакларини ҳам йўқотиб қўйиши мумкинлиги ҳақида бош қотиришса бўлармиди? Келинг, яхшиси “Адолат” СДПнинг мафкурасига бироз қулоқ тутинг. Истеъмолчи ўзи сарфлаган энергия учунгина ҳақ тўлаши лозим, ҳисоблагичларни ўрнатиш, уларни қиёсловдан ўтказиш масалалари эса тегишли тартибда давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак. Ана шунда “адолат” тамойиллари бузилмайди. Йиллар давомида синалган механизмдан воз кечиб, халқимизни қийнашнинг нима кераги бор?
 
Аслида рақобатчиларнинг кучли бўлиши бошқа сиёсий партияларни чархлаб бориши керак. Лекин масалани тизимли таҳлил қилиш, кенг жамоатчиликка бир фикр ташлашдан олдин етти ўлчаб, бир кесиш тамойилига амал қилиш борасида “Миллий тикланиш” демократик партиясига омад тилаб қолишдан бошқа иложимиз йўқ экан.
 
 
Саодат СОДИҚОВА,
сайловчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Qalampir.uz интернет нашри раҳбари Қамариддин ШАЙХОВга очиқ хат
01 янв 1970
Тақвим бўйича инсонга содиқ жонивор саналган ит йилига навбат келади.
01 янв 1970
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда....
01 янв 1970
Бундан беш йиллар аввал касбим тақозоси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида бўлган эдим....