Газ сўрғичдан чиққан ёнғин фожиага сабаб бўлди

/
Олтиариқ туманининг “Олтиариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Меҳмонали Иброҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилаётган ёнғин хавфсизлиги ва ёнғинга қарши кураш мавзусидаги кўрсатувни кўриб ўтираркан, кўзига дув-дув ёш келди. Чунки кўрсатувдаги тилсиз ёв оқибатида юзага келган мудҳиш ҳолатлар тасвири унга икки йил муқаддам ўз уйида бўлиб ўтган аянчли воқеани эслатганди.
Ўшанда 2017 йилнинг январь ойи эди. Яшаш уйига ўрнатилган иситиш печига қўлбола газ сўрғич ва резина шланг орқали газ тортилган. Тун ярмида чироқ ўчиб-ёнгач, хона газ ҳидига тўлган. Хонадон соҳиблари чироқни ёққанда кучли портлаш ва ёнғин юз берган. Бунинг оқибатида кўрилган моддий зарар ҳам майлику-я, энг ачинарлиси, М.Иброҳимовнинг ҳомиладор келини портлаш қурбони бўлган.
Фарзанд доғини ҳеч кимга кўрсатмасин экан. Шундан буён Меҳмоналининг қудалар олдида ҳам боши эгик, ичига чироқ ёқса ёришмайди. Қачон ва қаерда ёнғин хусусида гап кетса ёки юқоридагидек унинг мудҳиш оқибатларини кўрганда келинини эслаб, йиғлайди. Ўшанда уйига қўлбола газ сўрғич келтириб, тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганини ўйлаб, юраги эзилади.
Ёки 2018 йил якунида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилмаслик оқибатида яна бир маҳалладошимиз Жумақўзи Васиевнинг 5 хонали уйи барча жиҳозу анжомлари билан бирга куйиб кул бўлди. Уйнинг тўрт девори қолди, холос.
Албатта, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Пировардида, кимдир ҳаётдан эрта кўз юммоқда, гўдаклар тирик етим бўлмоқда, айримлар эса яримжон бўлиб, ногиронга айланмоқда. Бу каби аянчли воқеалар ва ёнғинларнинг олдини олиш борасида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди, туман ва шаҳарларида ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда профилактика инспекторлари, фаоллари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр ва газ таъминоти идоралари вакилларидан иборат махсус гуруҳлар тузилган. Аммо ҳамюртларимиз газ сўрғич ва қўлбола иситиш мосламаларидан онгли равишда воз кечмас эканлар, тилга олингани каби аянчли воқеалар барҳам топмайди. Ҳар йилги куз-қиш мавсумида такрорланаверади. Қолаверса, жамоатчилик, яъни қўни-қўшни, маҳалла-кўй ва ён-атрофдагилар ҳам бу масалада бир-бирига эътиборли бўлиши, қонунбузилиш ҳолатидан хабар топган шахс тегишли идораларга хабар бериши муаммога чек қўйишнинг энг мақбул йўлидир. Негаки, қўни-қўшни ва маҳалладошлар ким газ сўрғич ёки ностандарт иситиш мосламаларидан фойдаланаётганини жуда яхши билади. Шу боис бундай тоифадаги шахсларнинг эҳтиётсизлигидан шунчаки нолиб қўявермасдан уларнинг хатти-ҳаракатига кўпчиликнинг назорати тарзида барҳам бериш айни муддао бўларди.
Шу йилнинг 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Президентимиз ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи хусусида сўз юритиб, кейинги вақтда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини, бунинг асосий сабаби эса иситиш жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш етарли даражада назорат этилмаётганини кескин танқид қилди. Энг муҳими, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ҳамда дахлдор вазирликларга иситиш жиҳозлари, мўри ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатига масъул давлат идорасини белгилаш, газ ва кўмир асосида иситишга мўлжалланган бино-иншоотларни ис газини ўлчаш ускуналари билан жиҳозлаш бўйича техник регламент ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Бундан ташқари, куз-қиш мавсуми бошланди дегунча кунда-кунора уяли телефонларимизга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Иситиш печларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилинг. Ностандарт печлардан фойдаланманг. Ис газидан заҳарланишдан сақланинг” деган мазмундаги хабарномаси келиб туради. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасида электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Лекин айрим кишилар қачонки ёнғиндан азият чекиб, боши деворга урилмагунча бундай огоҳлантиришларга, қонун талабларига ҳамда масъул идоралар ходимларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тушунтириш ва тарғибот ишларига қулоқ тутавермайдилар.
Шу ўринда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид айрим таклиф ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Масалан, ИИБ ЁХБ ва бошқа идоралар вакиллари текшириб келгудек бўлса, газ сўрғич ва қўлбола иситиш мосламалари мавжуд хонадонлар соҳиблари дарҳол уларни яшириб қўйишади. Улар кетишгач яна аввалгидек фойдаланаверишади. Мажбурий ижро бюроси ходимлари электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати юзасидан жойларда тушунтириш ва назорат ишларини олиб боришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Айниқса, масъул идоралар қўлбола иситиш мосламалари ва газ сўрғич ишлаб чиқарувчиларни аниқлаб, уларга нисбатан қонуний чора кўриши зарур. Энг муҳими, бозорларда ҳаёт учун хавфли бўлган бундай ускуналар сотилишига чек қўйиш шарт. Шу билан бирга, хонадонларни электр ва газ тармоғидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатларига йўл қўйган масъул ходимларнинг жавобгарлик масаласини ҳам унутмаслик лозим.
Шу ўринда айрим саволлар пайдо бўлади. Яъни бундай асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариб ёки хориждан олиб кириб бозорларимизда сотаётган бизнесменлар бу ускуналар одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётганини ўйлашмайдими? Фожиалар қурбонлари кимнингдир фарзанди, онаси, отаси, опа-сингил, ака-укаси эканлиги уларга заррача ҳам таъсир қилмайдими? Газ сўрғичдан чиққан ёнғин бир хонадонни бор-будидан, жигарларидан айириб қўйса, бизнесдаги ҳалоллик, виждон тушунчаси қаёқда қолди — ҳаммаси пулга алмашиб кетганми? Бундай “тадбиркор”ларнинг хавфли товарлари нималарга “қодир” бўлаётгани ҳақида эшитиб-кўрган пайтида уларнинг афсусланмагани “бозори чаққон” бўлишга интилишаётганидан ҳам аён. Одамлар нима бўлса бўлсину “бизнес” зарар кўрмасин экан-да, шундайми?
Бошқаларга ибрат маъносида оммавий ахборот воситаларида аниқланган ҳолатлар ҳақида ёритиб бориш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, ёнғин тилсиз ёв эканлигини ҳамиша ёдда тутайлик.
Абдуҳалил МАМАТОВ,
меҳнат фахрийси, Олтиариқ тумани

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кўпни кўрган, ҳалол меҳнати, эришган марралари билан эл-юрт ўртасида юксак ҳурматга сазовор, Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтиришга ҳисса қўшган...
01 янв 1970
Уруш йиллари халқимизнинг маънавий қадриятлари, меҳр-оқибати, эзгу инсоний фазилатлари ва олижаноблиги яққол намоён бўлди....
01 янв 1970
Ғузор туманидаги молия иқтисод коллежида Президентимиз томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли таш...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди.