Солиқ ислоҳотларининг янги босқичи

/
Солиқ тизимидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳеч кимни — тарбиркорларни ҳам, жисмоний шахс сифатида солиқ тўловчиларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Чунки солиқ тизимида ислоҳотларни амалга оширмай туриб эртанги кунимизни, фаровон жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис кейинги икки йилда солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони ҳамда 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шулар жумласидандир.
Мухбиримиз Ургут тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Зариф Аминов билан солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, давлатимиз раҳбарининг юқорида номлари келтирилган фармон ва қарорлари ижроси хусусида суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Асосий мақсад солиқ тўловчилар зиммаларидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари, нима учун солиқ тўлаётганликларини тўлиқ ҳис қилишлари, бу жараёнларда давлат солиқ хизмати органларидан рози бўлишларига эришишдан иборат.
Шунингдек, солиқ тўловчилар даромадини яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлашлари учун маъмурий тартиб-таомилларни камайтириш, соддалаштириш, иқтисодиётда хуфёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш, бу орқали солиққа тортиладиган базани ва инсофли солиқ тўловчилар сафини кенгайтириш асосий масалалардан бири этиб белгиланди.
Текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бу, ўз навбатида, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва олдини олишга хизмат қилади.
— 2019 йил 1 январдан бошлаб, ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (пул айланмаси) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилди. Бу борада Ургут туманида қандай ишлар амалга оширилаяпти?
— Бугунги кунда туманимизда умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчилар — 102 та юридик шахс ҳамда 24 та якка тартибдаги тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи тизимига ўтиш лозимлиги сабабли уларга туман давлат солиқ инспекциясидан малакали мутахассислар бириктирилди. Хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бош ҳисобчилари билан суҳбатлар ўтказилиб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатлар бўйича масъул ходимлар томонидан тушунтиришлар бериб борилмоқда. 2019 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтган корхоналар — улгуржи ва чакана савдо бўйича 26 та, қурилиш — 8 та, дорихона — 3 та, ишлаб чиқариш — 63 та, умумий овқатланиш — 1 та, қишлоқ хўжалигига ихтисослашгани — 1 та. Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлгани 34 та. Товар айланмаси 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлгани эса 68 тани ташкил этади.
— Солиқ кодексининг 197-моддасида қўшилган қиймат солиғи тўловчилари белгилаб қўйилган. Қўшилган қиймат солиғини жорий этишдан қандай мақсад кўзлангани ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз?
— Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларининг бажарилишида корхоналарнинг маъмурий харажатлари ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилмоқда. Мазкур тартиб солиқ маъмуриятчилиги сифатини яхшилаш учун асос шакллантириш имконини берадиган ўтиш даври бўлиб, 2021 йил 1 январгача бўлган даврга жорий қилинади. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини айланмаси 3 миллиард сўмдан ошмайдиган корхоналар қўллаши мумкин. Бу тартибга ўтиш солиқ органларига белгиланган шаклда тақдим этилган аризага асосан амалга оширилади. Соддалаштирилган тартиб бўйича қўшилган қиймат солиғи харид қилинган товар(иш, хизмат)лар учун тўланган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда соф тушумдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш орқали камайтирилади, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади.
Бундан ташқари, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди. Бунинг ўрнига пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар, меҳнат фаолияти ҳисобга олинмайдиган шахслар, шунингдек, солиқ бўйича солиқ агентлари ҳисобланмайдиган манбалардан даромад олувчи шахслар учун жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган ягона ижтимоий тўлов жорий этилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ягона солиқ тўловчи ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланди.
Хусусан, чакана савдо соҳасида солиқ тўловчилар аҳолиси 100 минг кишидан кўп шаҳарларда 4 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида 2 фоиз, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда 1 фоиз, алкоголь, тамаки, бензин, дизель ёқилғиси, сиқилган ва суюлтирилган газ реализацияси билан шуғулланувчи шахслар 4 фоиз, улгуржи савдо корхоналари учун 4 фоизлик солиқ ставкаси амалда бўлади.
Мазкур қарорга мувофиқ, ягона ижтимоий тўлов ставкалари солиқ солинадиган базага нисбатан бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун 25 фоиз, бошқа юридик шахслар учун 12 фоиз миқдорида белгиланди.
Суҳбатимиз сўнггида айтиб ўтишни истардимки, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар пировардида мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
“Adolat” мухбири Олим ҲАКИМОВ суҳбатлашди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари базасида қорамолчилик, паррандачилик, асаларичилик билан бир қаторда балиқчиликни ривожлантириш...
01 янв 1970
Самарқанднинг нақшинкор манзараларини ўзида акс эттирган, оҳиста чертганда жаранглаб овоз чиқарадиган нафис чиннилари жаҳон бозори сари йўл олди.&n...
01 янв 1970
Ҳосилдорлиги юқори, сифати жуда яхши. Боз устига жамоа боғларни янада кенгайтириш мақсадида интенсив дарахт кўчатларини етиштиришни йўлга қўйган.&n...
01 янв 1970
Термиз туман адлия бўлими томонидан Термиз туманида фаолият юритаётган “Шерали полвон Қобилжон ўғли” хусусий фирмаси бошлиғи Қ.Убаев АТ...