Фахрли касбга муносиб бўлайлик

/
Ўқитувчилик — инсонни маънан юксалтирадиган ва қалбда фахр уйғотадиган касб. Касб деб айтаяпману аслида бу шунчаки касб эмас, инсонга Яратган томонидан берилган истеъдод, иқтидор десак, тўғри бўлади. Негаки, ҳамма ҳам болаларга юксак даражада таълим ва тарбия бериш қобилиятига эга бўлавермайди. Баъзилар ўз фарзандларига ҳаётда тўғри йўл кўрсата олмай қийналадилар. Ўқитувчилар эса фаолияти давомида бир неча минглаб болаларнинг онгу тафаккурини билимлар билан бойитади, уларга ҳаёт сабоқларини беради.
 
Бундай улуғвор ишларни амалга ошириш учун муаллимнинг чўнтагида “ўқитувчи” деган ҳужжатдан ташқари унда илмий тафаккур, болалар қалбига йўл топишдек юксак иқтидор, қобилият, Ватанга фидойилик, халққа меҳр-муҳаббат каби беназир туйғулар, хусусиятлар ҳам бўлиши керак. Ана шундагина у ҳақиқий маънода ўқитувчи, устоз деган юксак номга сазовор бўлади. Бугун юртимизда ўқитувчилар орасида бу номни улуғлаётган устозлар борлиги, улар сафи кўпайиб бораётганлиги кўпчилик қатори мени ҳам қувонтиради.
 
Сир эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларида халқ таълими тизимига ҳам эътибор қаратилиб қатор ислоҳотлар, янги лойиҳалар амалга оширилган эди. Лекин бу эътибор ва ислоҳотлар мамлакатимиздаги барча мактабларга бирдек етиб бормади. Талаб ва назоратнинг сустлиги учунми ёки бошқа сабабларга кўрами, чекка ҳудудлардаги мактаблар ҳолати ва фаолияти аввалгича қолаверди.
 
Меъморий жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган мактабларда таълим эмас, фақат тарбия берилган пайтлар ҳам бўлди. Мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи пасайиб кетган даврларни ҳам кўрдик. Баъзи ўқитувчиларнинг маблағ камлиги сабабли ўз касбини ўзгартириб, бошқа соҳаларга ўтиб кетганига ҳам гувоҳ бўлдик. Аммо ҳақиқий муаллимлар, устозлар ҳар қандай шароитда ҳам бу соҳадан воз кечмадилар. Бу соҳада фидойилик кўрсатдилар.
 
Эндиликда, айниқса, кейинги уч йил ичида халқ таълими тизимига бўлган муносабат ҳам, эътибор ҳам тубдан ўзгарди. Мамлакатимиз Президентининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлодга таълим-тарбия беришни кучайтириш, улар маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ 6 та фармони ва қарори қабул қилинди. Мактаблар учун янги бинолар қурилди, коллежларнинг янги иншоотларидан фойдаланиш имконияти туғилди. Ўқитувчиларнинг, устозларнинг ойликлари аввалги маошларига нисбатан 3-4 бараварга оширилди. Муаллимлар таълим-тарбия жараёнидан бошқа ишларга жалб қилинмайдиган бўлди. Айни пайтда ана шу ишларнинг ҳаётда амалга оширилиши учун Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори эълон қилинди.
 
Мактаблар фаолиятини янада яхшилаш, ўқитувчилар учун кенг имкониятлар яратиш ишлари бугун ҳам давом эттирилмоқда. Бир эсланг, шу йилнинг 23 августида Президентимиз раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, мактаблар фаолиятини юксалтириш, ўқитувчилар ва ёшларга эътиборни кучайтириш масалаларига бағишланиб видеоселектор ўтказилган ва унда давлатимиз раҳбари “Мактаб — бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак”, дея таъкидлаган эди. Ёки Президентимизнинг шу йил 29 апрелдаги фармони билан халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқлангани ва унда таълим тизимида 48 та мақсадли кўрсаткичга эришиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилгани бу соҳага яна бир алоҳида эътиборнинг намунасидир.
 
Яна бир гап. Мамлакатимизда бу йил ўтадиган сайловлар муносабати билан «Адолат» партиясининг Сайлов­олди дас­турида ҳам, депутатликка номзодларнинг режаларида ҳам халқ таълими соҳасини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида ўрин берилган. Бу ҳам ўқитувчи сифатида нафақат мени, ҳар қандай одамни қувонтиради, фахрлантиради.
 
Кеча матбуотда Президентимизнинг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилиниши соҳага амалий эътиборнинг яна бир кўриниши бўлди. Қарорда мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос, экологик тоза материаллар ва энергиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва рекон­с­т­рукция қилиш, умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш, “Замонавий мактаб”ларнинг дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлик даражасига, ўқув-тарбия жараёнига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига, раҳбар ва педагог кадрларга қўйиладиган талабларни янгилаш каби қатор устувор вазифалар қўйилган. Бу вазифаларни амалга оширишга 2020 йилнинг баҳоридан ишга киришиш белгиланган. Шундай экан, халқ таълими тизимида “Замонавий мактаб”лар илм-фан, таълим, тарбия жараёнларида бутунлай янги, замонавий йўналишларни яратиб бериши шубҳасиз. Бунда педагог кадрларга бўлган талабнинг кучайиши соҳани тубдан ислоҳ қилишга имкониятлар очиб беради.
 
Умуман, халқ таълими тизимига, ўқитувчилар, устозлар фаолиятига жиддий эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Зеро, мамлакатнинг эртанги тақдири, илм-фаннинг юртимиздаги келгуси тараққиёти таълим соҳасида қилинаётган яхши ишлар билан белгиланади. Шунинг учун бу соҳада  мамлакатимизда улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Демак, ана шу эътирофларга ўқитувчиларимиз, устозларимиз ҳам муносиб жавоб беришлари керак. Шу юртга, халққа, миллатга фидойиликларини намоён этишлари зарур.
 
Шаҳло ЖЎРАЕВА,
Муборак туманидаги
24-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан “Электрон рақамли имзо олиш учун ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. ...
01 янв 1970
Qalampir.uz интернет нашри раҳбари Қамариддин ШАЙХОВга очиқ хат
01 янв 1970
Фарғона нафақат вилоятнинг, балки водийнинг марказий ва гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. ...