Ёш депутатлар мактаби

/
2001 йилдан бери  фаолият кўрсатаётган «Юрт истиқболи» ижтимоий ахборот маркази (нодавлат нотижорат ташкилот) Сирдарё вилояти ҳудудида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
 
Жумладан, «Ўзбекистонда  одам савдосига қарши курашиш», «Аҳоли орасида ОИТС касаллиги ўсишининг олдини олиш», ёшлар учун «Ўз имкониятларингни ўзинг ярат», шунинг­дек, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг давлат грантлари танловида «Йигитлар — соғлом ҳаёт учун», «Аёллар клуби» ва бошқа лойи­ҳалари билан қатнашиб, ғолиб бўлган ҳамда ушбу лойи­ҳаларни муваффақият билан ҳаётга татбиқ этган эди. Бундан ташқари, марказ  Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан 6 йилдан буён самарали ҳамкорлик олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик асосида мамлакатимизда қабул қилинган «Минг йиллик ривожланиш мақсадлари» дас­турига кўра вилоятимизга ташриф буюрган япон волонтёрлари (кўнгиллилари) марказ ходимлари билан биргаликда ижтимоий, фойдали лойиҳалар асосида ибратли ва хайрли юмушларни бажариб келишмоқда. Вилоятимиз ёшлари ўртасида 3 марта Япония маданияти кунлари ташкил этилди. Кейинги йилларда марказ волонтёрлари ёрдамида «Хавфсиз интернет», «Терроризм ва экстремизмга қарши кураш», «Кўнгиллиликни ривожлантириш» каби ўқув-семинарлари ҳам мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
 
Марказ, шунингдек, Канада давлатининг молиявий кўмагида, Канада «Маҳаллий ташаббуслар фонди (CFLI) дас­тури доирасида қўллаб-қувватланаётган «Ёш депутатлар мактаби» лойиҳаси доирасида бир қатор тадбирларни режалаштирган. Яқинда Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган «Зомин» болалар оромгоҳида ушбу мактабнинг 6 кунлик ўқув-семинари бўлиб ўтди. Семинарда 80 нафардан зиёд ёшлар иштирок этишди. Семинарга вилоятимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар вилоят кенгашларининг ёшлар қанотлари фаоллари бўлган (шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар”и ҳам) талаба-ёшлар, волонтёр-кўнгиллилар, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси фаоллари таклиф этилди.
 
Семинарнинг очилиш маросимида сўз олган  вилоят «Юрт истиқболи» ижтимоий ахборот маркази раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод Муқаддас Маликова ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Сарвар Султонов сайловолди жараёни давом этаётган айни пайтда ушбу лойиҳанинг аҳамияти ва  муҳимлиги хусусида тўхталдилар.
 
Шундан сўнг партияларнинг ёшлар қанотлари раҳбарлари сайловларга тайёргарлик кў­риш, ёшларнинг сайловларда иштироки, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
 
Тўрт гуруҳга бўлинган иштирокчилар билан пойтахтдан ташриф буюрган Майя Мирзараҳимова, Жамила Сакимова, Гулнора Ҳожиниёзова, Соҳиба Ҳожихонова каби тренер машғулотлар олиб боришди. Машғулотларда «Замонавий депутат қандай бўлиши керак?», «Гендер тенглигига эришиш», «Гендер стреотиплари», «Гендер зўравонлиги нима?», «Меҳнат бозорида эркаклар ва аёллар», «Аёлларнинг сиёсатдаги иштироки» каби мавзуларда суҳбатлар, тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, машғулотлар оралиғида иштирокчиларни жамоа­вий ишлашга тайёрлаш, қизғин мунозарага чорлаш учун ақлий машқлар, қизиқарли ўйинлар ҳам ташкил этилди. Машғулотлар талаба-ёшларда катта қизиқиш уй­ғотди. Улар семинар кунлари сиёсий жараёнларга, жумладан, сайловларга бефарқ эмасликлари, янги сайланадиган депутатлар халқимизнинг эртанги куни, келажаги учун хизмат қилишлари, бугунги кун депутати ўзида қандай хислатларни тарбиялаши зарурлиги, халқ вакили сифатида ўз овозига, ўрнига эга бўлиши, мавжуд муаммоларни кўтариб чиқиши, уларнинг маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилиши ҳақида  ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
 
— Сирдарёлик ёшларнинг  қизиқувчанликлари, атрофдаги сиёсий воқеаларга, жумладан, сайловларга эътиборли эканликлари, теран фикрли, ҳаётда ўз ўрни ва овозига эга бўлишга интилишларидан хурсанд бўл­дим. Улар маш­ғулотларда фаоллик кўр­сатдилар. Ўйлайманки, келгусида бу ёшлар орасидан ўз касбининг яхши мутахассислари, лидерлар, депутатлар етишиб чиқади  ҳамда улар эл-юрт келажагига хизмат қиладилар, — деди Майя Мирзараҳимова.
 
— Вилоят «Юрт истиқболи» ижтимоий ахборот маркази томонидан ташкил этилган ушбу семинарда малакали мутахассис-тренерлар томонидан ўтказилган «Замонавий депутат», «Гендер тушунчасини тушуниш» ва «Гендер тенг­лигига эришиш йўллари» каби мавзулардаги машғулотлар барча тенгдошларимизга манзур бўлди, — дейди Гулис­тон давлат университети санъатшунослик факультети талабаси Ўткир Мирзаев. — Айниқса, тадбирнинг сайловлар арафасида ташкил этилганлиги биз каби ёш сайловчилар учун катта маҳорат мактаби ўрнини ўтади. Машғулотларда мен ҳам долзарб мавзулар бўйича ўз фикрларимни билдирдим. Вилоятимиз ёш­лари учун ташкил этилаётган бу каби тадбирлар тенгдошларимизнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда, ўзи танлаган касб­ни чуқур эгаллаши ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишларида мус­таҳкам пойдевор бўлади.
 
Холида ПАРДАБОЕВА,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон — бундай муаззам ўлкада яшашнинг ўзи катта бахт. Чунки юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон....
01 янв 1970
Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши оила иқтисоди учун муҳим саналади. 
01 янв 1970
Байрам муносабати билан халқлар, давлатлар ўртасида урушларга, одамлар орасида низоларга барҳам берилган....
01 янв 1970
Мактаб, ўқувчилик йиллари ҳақида гап кетганда, кўп нарсалар ёдга тушади. Кўпдан-кўп воқеалар худди куни кеча юз бергандек кўз ўнгингдан ўта бошлайд...