Демократиянинг ёрқин ифодаси

/
Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришнинг муҳим воситаси, сайловлар орқали фуқароларнинг олиб борилаётган сиёсий курсга муносабати, қўллаб-қувватлаши, энг муҳими, сайловчиларни безовта қилаётган муаммо аниқланади. Сайловлар сиёсий партиялар, уларнинг дастур ва режалари нечоғлиқ ҳаётий ва долзарблигини кўрсатиб беради.
Сайловда халқимиз ўзининг хоҳиш-иродасини, юксак сиёсий онги ва фаол фуқаролик позициясини, ўз тақдири ва келажагига қандай катта ишонч ва масъулият билан қараётганини яққол ифода этади.
Сайлов аввало ватандошларимизнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиёт дастурига холис ва ҳаққоний баҳо бериш имконияти ҳамдир.
Кейинги йилларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Сайлов тизими нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш тизимининг элементи, балки фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштирок этиш даражаси кўрсаткичига ҳам айланди.
Шу билан бирга, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат органларини шакллантириш жараёнини янада демократлаштириш сиёсати сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича тўпланган тажриба, замонавий халқаро сайлов стандартларини ва сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этди.
Айнан шунинг учун ҳам жорий йил 25 июнда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинди.
Маълумки, Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Олий Мажлисга сайлов, республика Президенти сайлови, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунларда жами 190 та модда мавжуд эди. Ҳозир уларни тизимлаштириб, қайтарилишлар, такрорларни бартараф этиб, 18 та боб, 103 моддадан иборат бўлган Сайлов кодекси қабул қилинди.
Кодексда аввалги қонунларда бўлмаган бир қатор алоҳида моддалар ўрин олди. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайловчининг турган жойида овоз бериш, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз беришни ташкил этиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш тартиби, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар кабилар шулар жумласидандир.
Ушбу кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.
Авваламбор, кодекс нима — деган саволга жавоб берсак. Кодекс ҳам қонун ҳисобланади, қонун билан тасдиқланади, унда бир турдаги муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар бирлаштирилган ва тизимлаштирилган бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бизда бир-бирига ўхшаш бўлган сайлов муносабатларини тартибга солувчи 5 та қонун нормалари бирлаштирилиши ва тизимлаштирилиши натижасида Сайлов кодекси қабул қилинди.
Кодекснинг оддий қонундан афзаллиги нимада?
Биринчидан, жуда катта миқдордаги ҳуқуқий нормаларни ягона принциплар асосида тўлиқ тизимлаштириб, ихчамлаштиришга имкон беради.
Иккинчидан, ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғланиши, комплекслилиги ва уйғунлигини таъминлашга, эскирган, номутаносиб қоидаларни чиқариб ташлашга, турлича тартибга солинган нормаларни унификациялашга шароит яратади.
Учинчидан, сайлов ташкилотчиларидан тортиб, сайловчиларга қадар сайловга оид муносабатларни тўғри, осон тушуниб олишлари учун қулайлик яратади.
Таъқидлаш жоиз бўлган жиҳати яна шундаки, қонун чиқарувчи фақатгина мавжуд қонунларни тизимлаштириб ягона кодекс қабул қилибди, дейиш тўғри бўлмайди. Қабул қилинган кодексимизда жуда кўп янгиликлар, халқаро стандартлар талаблари, авваллари Марказий сайлов комиссиясининг қарорларида акс этиб келган айрим масалалар қонун даражасида мустаҳкамлангани билан эътиборлидир.
Қабул қилинган Сайлов кодекси фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартлар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштиришнинг мантиқий натижаси бўлиб ҳисобланади.
Сайлов кодекси сайловга оид халқаро стандартлар, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссиясининг бир қатор тавсияларини ўзида акс эттирган. Хусусан, қуйи палатадаги барча ўринларнинг тўғридан-тўғри сайланиши, аввалги Экологик ҳаракатга 15 та жойни квоталашни бекор қилиниши, сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши қонун билан ўрнатилгани (бу тенг сайлов ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади), сайлов комиссиялари фаолиятида очиқлик, шаффофлик, коллегиалликни таъминлашга оид аниқ талабларнинг ўрнатилганлиги, номзодларни қўллаб-қувватловчи имзоларга нисбатан оқилона талаблар белгиланганлиги (бу умумий сайлов ҳуқуқига мувофиқ келади), сайловчиларга бир нечта сиёсий партияни, номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиш ҳуқуқи таъминланиши (аввал фақат битта партияни қўллаб-қувватлаб имзо чекиши мумкин эди), сайловчиларни тўлиқ ва аниқ рўйхатга олишни таъминловчи, кўп марта рўйхатдан ўтиш имкониятини истисно этадиган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига оид қоидаларнинг киритилиши, сайлов кампанияси жараёнида номзодлар тенг имконият ва шароитлар билан таъминланиши шулар жумласидандир.
Кодексда сайлов комиссияларининг фаолияти самарадорлигини оширишга, сайлов комиссиялари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, сайлов комиссиялари фаолиятида жамоатчилик иштирокини кенг таъминлашга оид нормалар мустаҳкамланди.
Яна шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сайловга оид барча муҳим ижтимоий муносабатлар ягона кодекс билан тартибга солинишининг ўзи ўта муҳим сиёсий-ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш тартибини қонунлар орқали белгилаш сайловга оид турли халқаро стандартларнинг муҳим талабидир. Масалан, “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларация”нинг 4-бандида доимий ҳақиқий эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш учун халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга мувофиқ равишда давлатлар ҳуқуқларни кафолатлашни таъминлаш мақсадида қонунчилик қабул қилишлари ва бошқа чораларни кўрмоқликлари лозимлиги белгиланган. Бундан ташқари, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳам сайлов қонунчилигини кодификация қилишни тавсия этади. Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳам мамлакатимиз айнан мазкур тавсияларни оғишмай, изчиллик билан бажарганидан далолатдир.
Бу яна шуниси билан муҳимки, сайлов бошланишидан то унинг натижалари эълон қилингунга қадар бўлган ижтимоий муносабатлар олий ҳужжат бўлмиш кодекс билан белгилаб қўйилиши бу жараёнда турли сиёсий таъсирлар, рўй бериши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олдини олади.
Кодекснинг бевосита мазмунига тўхталадиган бўлсак, унинг қуйидаги 6 та жиҳати, айниқса эътиборга моликдир.
Биринчи жиҳат ва Сайлов кодексидаги энг катта янгиликлардан бири бу — сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан номзод кўрсатиш ҳуқуқининг чиқариб юборилганида намоён бўлади. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўладилар. Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, маҳаллаларни жойлардаги давлат ҳокимияти кенгашларига сайловларда номзод кўрсатиш ҳуқуқининг бекор қилиниши сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, кўппартиявийликни ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга, парламентда кўпроқ ўрин олишига имконият яратади.
Кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек, партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.
Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкоралик ва жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.
Кодексда тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш механизмлари янада кенгайтирилиб, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этилди. Аввалги қонунларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгиланган эди. Бу турли номзодлар ҳар хил вақтда, кимдир аввалроқ, кимдир кейинроқ ташвиқот бошлашига олиб келар эди.
Аввалги Президент сайловига оид қонунчиликда номзодларга қўйилган талабларда “ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмаслиги” қайд этилган эди. Ушбу талаб айбсизлик презумпциясига унчалик ҳам тўғри келмасди. Шунинг учун ҳам кодексда ушбу талаб чиқариб юборилди.
Президент сайлови тўғрисидаги олдинги қонунда сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин, деб белгилаб қўйилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда бу муддат тўрт ойни ташкил қилар эди. Сайлов кодексида ушбу талабларни бирхиллаштириш мақсадида камида олти ой олдин, деган талаб “камида тўрт ой олдин”га ўзгартирилди.
Аввалги қонунда “имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этади. Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига, ваколатли вакилига белгиланган тартибда маълум қилади”, деб белгилаб қўйилган эди. Бу қоида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олмаслигига олиб келиши мумкин бўлиб, партияларга ҳолатни тўғрилаш учун имкон беришга оид нормани назарда тутмаган эди. Янги қабул қилинган кодексга “имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этиши”га оид қоида киритилмади, сиёсий партияларга эса ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатиш ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига қайта тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Иккинчи муҳим жиҳат, кодексда фуқаролар, сайловчилар учун янада кенг имкониятларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Авваллари фуқаролар фақатгина 135 та округдан Қонунчилик палатасига номзодларни сайлаш имкониятига эга бўлган бўлсалар, ҳозирда бу яна 15 тага кўпайиб, 150 тани ташкил этмоқда. Бу фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда имкониятларини янада оширишга, фуқаролар вакилликларини кенгайтиришга, давлат ҳокимиятига таъсирларини оширишга хизмат қилади.
Агар аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар, дейилган мазмундаги қоида белгиланган бўлса, мазкур кодексда уларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, “сайловда қатнашмайдилар” деган жумла чиқариб юборилди. Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. Буларнинг барчаси эса умумий сайлов ҳуқуқи принципини янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талабларини имплементация қилинганидан далолат беради.
Миравзал МИРАКУЛОВ,
юридик фанлар доктори, доцент 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка бу борада аниқ ва холис ахборот етказиб бериш юзасидан кенг кўламли чо...
01 янв 1970
Машина минган кишини операция столи тепасида қўлига тиғ олган жарроҳ билан солиштириш нечоғлик ўринли? Йўқ, муболағадан ўзга нарса эмас, дейсизми? ...
01 янв 1970
Бобом “Олим бўлсанг, олам сеники” деб кўп айтарди, ҳар куни “китобингни ўқи”, дейишни канда қилмасди....
01 янв 1970
Арзонлаштирилган уйлар қурилмоқда.