Муаммолар ечим топса, партияга ишонч ортади

/
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари сайловчилар билан мулоқотлар жараёнида аниқланган муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратишди.
Партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни тумандаги маҳаллаларда ўтказиб келинаётган юзма-юз мулоқотлар чоғида тушган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга жами 9 та депутатлик сўрови киритилиб, мавжуд муаммоларнинг аксарияти ечим топишига эришилди.
Айтиш жоизки, ушбу мурожаатларда асосан иш ҳақи, пенсия таъминоти, моддий ёрдам ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, электр ва газ таъминоти, банк муассасасидан кредит олиш каби масалалар ўз аксини топган.
Жумладан, тумандаги “Каракол” ва “Шахтемир” МФЙлар ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлашда узилишлар борлигини айтиб, амалий ёрдам сўрашди. Муаммога ечим топиш мақсадида депутатлик гуруҳи томонидан туман сув тармоқлари филиали раҳбари У.Атамуратов номига депутатлик сўрови юборилди.
Натижада мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида белгиланган дастур асосида “Каракол” МФЙдаги “И.Бекбаулиев” кўчасидан “А.Сапарбаева” кўчасигача бўлган 1,7 километр, “Шахтемир” МФЙдаги “Шароф Рашидов” кўчасида 1,1 километрга яқин сув тармоғида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, партия депутатлари ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳи аъзолари туманнинг “Бахитли” ОФЙ ҳудудидаги “Бахалли”, “Аббазкараган” ва “Ақтоғин” аҳоли пунктларидаги хонадонларда бўлиб, овул аҳли билан суҳбатлашдилар. Фуқаролар “Бахитли” ОФЙ ҳудудидаги ички йўллар таъмирталаб ҳолатда эканини баён этишди. Мазкур масала юзасидан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Ш.Бекбергенов номига депутатлик сўрови киритилди.
Тез орада мутасадди корхона томонидан “Бахитли” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Чимбой —Қозоқдарё” автомобиль йўлидан “Ақтоғин” овулигача бўлган 0,5 километр, “Бахалли” овулигача бўлган ярим километрлик ички йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилиб, 136 миллион 257 минг сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Албатта, қатор мурожаатлар фуқароларга ўз жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўли билан ҳам ечимини топмоқда, батафсил ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар партия фаолларининг назоратига олинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, аҳолининг юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришлар, ислоҳотлар жараёнидан мунтазам хабардорлигини ошириб бориш депутатларнинг диққат марказида. Шу мақсадда туман партия кенгаши таркибидаги 24 та бошланғич ташкилот билан биргаликда ҳар ҳафтанинг сешанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган сиёсий ўқувлар электорат билан ҳамнафас ишлаш имконини бермоқда.
Жорий йилда партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида тумандаги бир қатор мактабгача таълим муассасаларида олиб борилган ўрганишларда аниқланишича, ҳудудда 3-7 ёшгача бўлган болалар 9787 нафар бўлиб, уларнинг 3930 нафари мавжуд МТМларга қамраб олинган. Тумандаги 31 та боғчада болалар учун турли ўйинчоқлар, мебель жиҳозлари ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари кўздан кечирилганда “Банк”, “Почта”, “Ферма”, “Ателье”, “Орасталик бурчаги” ўйин марказлари мавжуд эмаслиги аён бўлди.
3, 5, 12, 17, 21, 23, 25, 29-сонли мактабгача таълим муассасаларида ўйинчоқлар, мебель ва бошқа жиҳозлар, зарур техник воситалар етишмайди. Айрим боғчаларда табиий газ ва ичимлик суви таъминотида жиддий муаммолар борлиги аён бўлди.
Ўрганишларда аниқланган камчилик ва муаммолар халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашининг тегишли доимий комиссиясида ҳамда сессияда кўриб чиқилди. Муҳими, сессия қарори амалиётга йўналтирилгач, мазкур масалаларни ҳал этишга киришилиб, камчиликлар бартараф қилинмоқда.
Муаммоларни аниқлаш, таҳлил ва хулосалар эса, ўз навбатида, депутатларимиз учун маҳаллий Кенгаш сессиясида мутасадди ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш, фикр ва таклифларни билдириш, муҳим қарорлар қабул қилинишида амалий аҳамият касб этмоқда.
Сайловлар йилида белгиланган вазифаларни бажариш учун вақт оз қолганини назарда тутиб, зиммамиздаги масъулиятни янада чуқурроқ англамоқдамиз. Шу боис партиямиз депутатлари ўз фаолиятлари натижаларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда аҳоли ўртасида очиқ мулоқотларни давом эттириш, сайловчи ишончини мустаҳкамлаш учун ташаббускорлик ва фаолликни кучайтиришга интилмоқда.
Азамат СУЛАЙМАНОВ,
халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбар

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизнинг яқин беш йилликдаги аниқ истиқболини белгилаб, тараққи...