Илм-фан ривожи — мамлакат истиқболи

/
“Ҳукмдорларнинг қайси бирида билим бўлса, билимга эътибор кучли бўлса, ўша яхши, эзгу ишларни амалга оширади, мамлакатда қонун-тартиботларга, адолат ва бунёдкорликка ривож беради”. XI асрда яшаб ўтган Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида ана шундай деб ёзган эди. Улуғ ижодкорнинг бундай хулосага келиши ўз-ўзидан бўлмаган. У турли даврларда яшаб ўтган кўплаб ҳукмдорларнинг тарихини, тақдирини ўрганган, юрт учун, халқ учун қилган эзгу ишларидан шундай хулоса чиқарган. Ҳақиқатан ҳам, ҳукмдор илм-фанни қадрлайдиган билимдон инсон бўлса, мамлакат юксак тараққиётга эришган, унда инсонлар бахтли ҳаёт кечиришган, юрт обод бўлган.
Тарих бундай жараёнларга кўп гувоҳ бўлган. Айтайлик, Х асрнинг охирлари, ХI асрнинг бошларида Гурганжда ҳукмдорлик қилган Маъмунийлар тарихда илк академиялардан бирини ташкил этиб, ҳам юртининг, ҳам шарқ мамлакатларининг тараққиётига катта ҳисса қўшганлар. ХI аср охири, XIII асрнинг бошларида давлатни бошқарган Ануштегинлар Хоразмда илм-маърифатни юксалтириб, мамлакатнинг ҳар жиҳатдан равнақ топишига йўл очиб берганлар. XIV асрнинг иккинчи ярмидан кейин давлат тепасига келган Темурийлар Шарқда илм-фан соҳасида Иккинчи Уйғониш даврини бошлаб берганлар ва дунё бўйича қудратли империяга асос солганлар. Мамлакатни обод қилганлар ва адолатли давлатга айлантирганлар. XVI асрда тарих саҳнасида пайдо бўлган Бобурийлар салтанати ҳам илм-фан, маданият, санъатга эътиборни кучайтирганлар, маърифатни улуғлаганлар. Натижада турли эътиқоддаги халқларни бирлаштирган, иқтисодий юксалган улуғвор мамлакат барпо этган.
Умуман олганда, ота-боболаримизнинг ўтмишда илм-фан соҳасида амалга оширган ишлари, яратган янгиликлари, кашфиётлари нафақат улар барпо этган мамлакатлар, халқлар равнақи учун хизмат қилган, балки дунё миқёсида ижтимоий-иқтисодий юксалиш учун йўл очиб берган, инсониятнинг маънавий камолотида, ҳаёт тараққиётида ниҳоятда муҳим роль ўйнаган. Бугун она заминда бир ҳақиқат — илм-фан ривожисиз ҳаётда юксак тараққиётга эришиб бўлмаслиги кундай аён. XXI асрнинг илм-фан, технологиялар асрига айланиши асосида ҳам ана шу ҳақиқат ётади. Шунинг учун мамлакатимизда илм-фанни юксалтириш, маънавиятни камол топтириш борасида аждодларимиз яратиб кетган меросий анъаналарни ривожлантиришга Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан кейинги уч йил ичида таълим ҳамда илм-фан соҳасида йигирмадан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар — қарорлар, фармонлар ва фармойишлар қабул қилинди. Фақат ўтган бир йилнинг ўзида олий таълимни ривожлантириш билан боғлиқ 11 та фармон чиқарилгани бу соҳада улкан ўзгаришлар бошланганлигини кўрсатади. Бу ҳужжатларнинг қабул қилиниши белгиланган ишларнинг режалари ҳисобланади. Хўш, бу режалар амалда қандай бажарилмоқда? Маълумки, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизимига асосланган. Яъни, таълим боғчадан бошланиб, бутун умр давом этиши мумкин. Шу сабабли мамлакатимизда кейинги йилларда таълим соҳасида аввалги мавжуд вазирликлар сафида Мактабгача таълим вазирлиги ҳам ташкил этилди. Юртимизда мактабгача таълим муассасаларининг сонини бу йил 2018 йилга нисбатан 10-12 фоиз ошириш мўлжалланди. Маълумотларга кўра, жорий йилда мактабгача таълим тизими учун 4,2 триллион сўм, умумий таълим учун 17 триллион сўмдан зиёд, олий таълим учун 1 триллион 288 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу маблағлар тўлалигича таълим ва илм-фан соҳаси учун сарфланмоқда.
Тўғри, таълим тизими ва илм-фан соҳаси учун ажратилган бу маблағлар ўтган ва ундан олдинги йилларда шу соҳаларга ажратилган маблағлардан анча кўп. Лекин шу маблағлар ҳам ушбу соҳаларда катта ўзгаришларни амалга ошириш учун етарлимикан? Бу хусусда Президентимиз 2018 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай деганди: “Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади. Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт”. Демак, келгусида таълим тизимига эътибор ҳам, унга ажратиладиган маблағ ҳам кўпаяди.
Кейинги уч йилда таълим соҳасидаги жиддий ишлардан бири юртимизда 11 йиллик умумий таълим тизимининг қайтадан тикланиши бўлди. Яна мамлакатимизда 9700 мактабда 5 миллион 200 минг ўқувчининг таълим олишига имконият яратилди. Касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг ўзига хос таълим мақомлари белгиланди. Мактаб тизими ўқувчиларнинг маълум фанларга қизиқишларини оширишга ва бирор соҳани эгаллашга бўлган имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Айни пайтда ўқувчиларнинг қизиқишлари эътиборга олинган ҳолда республикамизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилди.
Булардан ташқари, юртимизда бадиий ижод, маданият, санъат йўналишидаги махсус мактаблар яратишга эътибор қаратилди. Эндиликда Наманганда Ибрат, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қашқадарёда Абдулла Орипов, Андижонда Муҳаммад Юсуф номлари билан аталувчи ижод мактаблари фаолият олиб бормоқдалар. Келгусида улар сафига Хоразмдаги Огаҳий, Сирдарёдаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаблари ҳам қўшилади. Уларда республикамизда адабиётимиз, маданиятимиз, маънавиятимиз ривожи учун муносиб ҳисса қўшадиган етук шоирлар, адиблар, адабиётшунослар, таржимонлар, танқидчилик илмининг билимдонлари етишиб чиқадилар.
Бу йилдан бошлаб Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан умумий ўрта таълим тизимида яна бир хайрли ишни амалга оширишга киришилди. Мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида Президент мактаблари ташкил қилинадиган бўлди. Шулардан учтаси бу йил, бошқалари кейинги йиллардан бошлаб фаолият бошлайди. Бу мактаблар маълум фанлар бўйича ихтисослашади. Улардаги ҳар бир синфда 15-20 тадан ўқувчилар таълим олади. Мактабларда ўқиш чет эл таълим тизимида хорижий тилларда олиб борилади. Шунингдек, уларда ўзбек тилида ҳам сабоқ берилади. Бу мактабларнинг келгусида Ўзбекистонни дунё илм-фани билан, хорижни эса мамлакатимиз тарихи, маданияти билан бевосита боғлашга хизмат қиладиган масканларга айланиши шубҳасиз. Шунингдек, республикамизда кейинги йилларда давлат-хусусий шериклик ва хусусий мактаблар фаолият юритишлари учун ҳам имкониятлар яратилмоқда.
Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим болаларни, ўқувчиларни илм асослари билан қуроллантиришга хизмат қилувчи босқич бўлса, олий таълим ёшларга илм асосларини ҳаётга татбиқ этишни шакллантирувчи жараён ҳисобланади. Бошқача айтганда, илм-фанни юксалтиришда, унинг янгиликларини, кашфиётларини амалиётда қўллашда, янги технологияларни яратишда олий ўқув юртларининг ўзига хос ўрни бор. Давлатимиз раҳбари таълимнинг бу соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда. Эътибор беринг, бир пайтлар республикамизда 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари бўларди. Энди-чи? Юртимиздаги олий ўқув юртларининг сони 110 тадан ошди. Олий ўқув юртларининг ҳудудлардаги филиалари сони 20 тага етди. Хорижий университетлар, институтларнинг 10 дан ортиғи юртимизда фаолият олиб бормоқда. Республикамизда ҳар йили чет эл олий ўқув юртларидан тўрт-бештаси ўз филиаллари, факультетларини очмоқда. Бу йил Россия, Жанубий Корея, Германия, Италия тиббиёт институтларининг факультетлари, филиаллари иш бошлайди.
Тасаввур қилинг, бундан 10-15 йил илгари ёшларимизни катта маблағлар эвазига хориждаги олий ўқув юртларига ўқишга жўнатардик. Энди эса хориж олий ўқув юртлари ёшларимизга таълим бериш учун мамлакатимизга келмоқда. Минглаб ёшлар хорижий олий ўқув юртлари таълимидан, чет эл сабоқларидан, тажрибаларидан баҳраманд бўлмоқда. Олган билимлари ва тажрибаларини ҳаётимизга татбиқ қилишга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, тараққиётимизни юксалтиришга интилмоқда.
Олий таълим тизимида ўқув муассасаларининг кўпайиши, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кучайиши мамлакатимизда бу соҳада кўпдан бери юзага келган яна бир муаммони ҳал қилишга имконият яратмоқда. Маълумки, ҳар йили республикамизда умумий ўрта таълим мактаблари, коллежлар, академик лицейлар, махсус мактаб-интернатларни битирувчилар сони 600-650 минг нафар ёшни ташкил қилади. Кўп йиллар давомида ана шу битирувчи ёшлардан 60-70 минг нафари олий ўқув юртларида ўқиш имкониятига эга бўларди, холос. Яъни, мамлакатимизда таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш 9-10 фоизни ташкил этарди. Ваҳоланки, дунёдаги ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 60-70 фоиздан ошади. Шунинг учун ҳам Президентимиз олий ўқув юртларида таълим ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътиборни қаратди. Кейинги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш даражаси 15 фоизга етди. Бу йил ана шу кўрсаткични 20 фоизга етказиш кўзда тутилган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич янада ошиб бориши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари олий таълим муассасалари ва уларда таълим оладиган талабалар сонини ошириш билан бирга олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий ўқув юртлари учун янги бинолар барпо этилмоқда, уларнинг илмий лабораториялари жаҳон таълим андозалари асосида жиҳозланмоқда. Таълим жараёнида хорижлик олимлар билан ҳамкорлик қилиш йўллари ишлаб чиқилмоқда. Олий таълим муассасаларида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни кўпайтириш, уларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш асосий масалалардан бирига айланди. Яъни, ҳар бир олий ўқув юрти ишлаб чиқариш билан, тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, конструкторлик бюролари, тажриба ва инновацион марказлар билан боғланиши, ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган. Президент Тошкент шаҳар Олмазор туманида олимлар билан учрашувида олий ўқув юртлари эндиликда шунчаки дипломли кадрлар эмас, ўз соҳасининг етук мутахассисларини тайёрлашга эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлади. Бошқача айтганда, давлатимиз раҳбари олий таълим тизими сифат жиҳатидан тубдан ўзгариши лозимлиги ҳаёт талаби эканини кўрсатиб берди.
Илм-фанни ҳаётга татбиқ этишда, уни жамият тараққиётига хизмат қилдиришда, янги технологияларни яратишда асосий роль ўйнайдиган ва етакчилик қиладиган муассасалардан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳисобланади. Сир эмас, кейинги йилларда Фанлар академиясининг фаолияти сустлашиб, унинг тармоқлари бўлган илмий-тадқиқот институтларидаги илмий ишланмалар ишлаб чиқаришга кам татбиқ қилинадиган бўлиб қолганди. Шунинг учун баъзи илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини ўзгартирган, айримлари олий ўқув юртлари билан биргаликда иш юрита бошлаган эди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигининг дастлабки давридаёқ бу масалаларга жиддий эътибор қаратди. Фанлар академияси ва унинг илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини яхшилашга оид қарорлар, фармонлар чиқарилди. Академия тизими такомиллаштирилди. Унинг таркибидаги бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Академия таркиби сайловлар асосида янги аъзолар билан тўлдирилди. Академиклар ва олимлар учун “йўл хариталари” тузилди. Илмий соҳада устоз-шогирдлик анъналари тикланди. Академия мактаблари шаклланди.
Илмий ишланмалар, янгиликлар, кашфиётларни ҳаётга татбиқ этиш учун корхоналар билан олимлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Бу борада яна бир янгилик, Президентимиз қарорига кўра республикамизда Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Бу эса илм-фанни, кашфиётларни ишлаб чиқаришга йўллашда, янги технологияларни саноатга жорий этишда, илмий илғор тажрибалардан фойдаланишда катта имкониятларни юзага келтирди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар миқдорида грант ажратилди.
Кейинги уч йилда Ўзбекистон Фанлар академияси таркибий тузилишида ҳам баъзи ўзгаришлар амалга оширилди. Илгари академия таркибида унинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ва Хоразм Маъмун академияси фаолият юритарди. Эндиликда филиал академиянинг бўлимига айлантирилди. Шу билан бирга Навоий вилоятида академиянинг янги бўлими ҳам ташкил этилди. Бу бўлимнинг ташкил этилиши бежиз эмас. Негаки, Навоий вилояти ва унга ёндош ҳудудларда саноат корхоналари ниҳоятда кўп. Айни пайтда бу регионда янги-янги эркин иқтисодий зоналар барпо этилган. Региондаги ҳар бир корхонага, саноат зоналарига янги технологияларни, илм-фаннинг илғор тажрибаларини жорий қилиш ҳаётий заруратга айланди. Бўлим эса ана шундай ишларни амалга оширади. Умуман, Ўзбекистон Фанлар академияси бугунги кунда илм-фан ютуқларини, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишда етакчи муассасага айланмоқда.
Сир эмас, яқин-яқинларгача илм-фан ютуқларини, кашфиётларини ҳаётга татбиқ этиш ҳақида гап кетса, дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борада амалга оширилган ишларни мисол қилиб келтирардик. Эндиликда эса илм-фаннинг юртимиз тараққиётидаги ўрни мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг ҳар бир соҳасида кўзга ташланмоқда. Эътибор беринг, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида чўлу биёбон бағрида қисқа муддатларда Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ишга туширилди. Бу мажмуани барпо этиш учун 3 миллиард доллар миқдоридаги инвестиция жалб қилинди. Мажмуада бир йилда 8,1 миллиард кубометр табиий газни қайта ишлаш натижасида 212 минг тонна соф олтингугурт, 134 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденсати олинади. Бу мажмуанинг бир йиллик маҳсулоти. Уни 10, 20, 50, 100 йилга кўпайтиринг. Булар иқтисодий фойда. Энди унинг ижтимоий жиҳатдан фойдасини бир кўз олдимизга келтирайлик. Мажмуа қурилгач икки мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилди. Чўлу биёбон бағрида 1200 кишига мўлжалланган замонавий шаҳарча бунёд этилди. 280 километрдан ошиқ автомобиль йўллари, 50 километрлик темир йўл, 280 километрлик электр узатиш линиялари барпо қилинди. Чўл бағрига оби ҳаёт борди. Мамлакатимизда мажмуада ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаб берадиган олий ўқув юртлари фаолият бошлади. Қоракўл туманида, Бухоро вилоятида қанчадан-қанча янги ижтимоий тармоқлар вужудга келди. Илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида яратилган бу мажмуа мамлакатимиз ижтимоий тараққиётида улкан янгиликларга, ўзгаришларга, бунёдкорликларга йўл очиб берди. Ёхуд Жиззах даштида барпо этилаётган янги Атом электр станцияси ва бу мажмуа билан боғлиқ амалга ошириладиган бунёдкорликларни бир кўз олдингизга келтиринг! Илм-фаннинг ҳаётимизда қудратли, яратувчи куч эканлигига яна бир бор амин бўласиз.
Илм-фан янгиликлари, кашфиётлари туфайли мамлакатимизда бундай мажмуалар, корхоналар бир-иккита эмас, бир неча юзлаб бунёд этилмоқда. Шунинг учун ҳам республикамиз Президентининг илм-фан, таълим соҳаларини ривожлантириш борасида амалга ошираётган улуғвор ишлари халқимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда. Илм-фан мамлакатимизнинг келажаги, истиқболи учун хизмат қилмоқда.
Ҳаёт давом этаверади. Ўтаётган ҳар бир кун тарих бағрига муҳрланиб бораверади. Аммо бир ҳақиқат аёнки, тарих бағрида улуғ шахслар — халқни эргаштирадиган йўлбошчилар, ҳаёт тамаддунига йўл очиб берадиган буюк алломалар, миллатлар номларини улуғлайдиган қаҳрамонлар, бунёдкорликларни амалга оширадиган етакчилар пайдо бўлаверади. Бу шахслар ўз ишлари билан тарихни янгилайдилар, уни ўзгартирадилар, янги йўлга бошлайдилар. Шу тариқа тарихни ўзгартирувчиларга айланадилар. Мамлакатимиз Президенти ҳам республикамизнинг мустақиллик даври ҳаётини янгича изга солаётган ана шундай шахслардан биридир. Унинг барча соҳаларда, жумладан, илм-фан жабҳасида амалга ошираётган улуғвор ишлари фикримизнинг ифодасидир.
Президентимиз амалга ошираётган улуғвор ишларни нафақат халқимиз қўллаб-қувватламоқда, балки дунё ҳамжамияти ҳам алоҳида эътироф этмоқда. Жумладан, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко шундай деб ёзади: “Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни севадиган ва яхши биладиган, мамлакат учун жуда кўп эзгуликлар қилган инсон. У барча муаммоларни яхши билади. Шу боис Президент сифатида иш бошлаганида унга ён-атрофдаги ҳолатнинг аслини билишга ҳожат йўқ эди. У ҳаммасини ичкаридан кўрди. У кўп соҳаларни тезда ўзгартирди ва ҳамма жабҳаларда муваффақиятларга эришмоқда”.
Мақоламиз бошида улуғ адиб Юсуф Хос Ҳожибнинг донишмандлик билан айтган сўзларини келтиргандик. Ҳаёт бу сўзларнинг ҳамма даврларга хос ва мос эканлигини яна бир бор исботлади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” СДП Сайловолди дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланга...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, ҳаёт тарзимиз, турмуш даражамиз тобора юксалаётганида, эриш...
01 янв 1970
Яқинда “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусини диққат билан томоша қилдим. ...