Топганларимиз ва йўқотганларимиз

/
27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида, айниқса, раҳбар ходимларни уйғоқликка ундаб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу чақириқ журналистларнинг зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Ижодкорнинг сўзи уйғоқ, таъсирчан бўлиб, одамларнинг дарду ташвишларини акс эттирса, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф қилишга кўмаклашса, муддао шудир. Шу билан бирга, журналистика соҳасини ривожлантириш омиллари, таҳририятларни ўйлантираётган муаммоларни ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билдирган қуйидаги дил сўзларида шу ҳақда сўз боради.
Шекспир қаҳрамонларидан бири — Гамлетнинг монологидаги машҳур саволни ўзгачароқ қилиб ифодалайдиган бўлсак, “Яшамоқ ё завол топмоқ” (асар матнида — “Тирик қолмоқ ё ўлмоқ, шудир масала”) ибораси бугун газета-журналлар фаолияти нуқтаи назаридан журналистларни чуқур ўйга толдирган, дейиш мумкин.
Саидаҳмад ШУКУРОВ,
“Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари бош муҳаррири

Ҳозирда юртимиздаги босма нашрлар таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан оғир ҳолатни бошидан кечирмоқда. Чунки 2019 йил учун обуна кўнгилдагидек бўлмади. Натижада таҳририятларнинг самарали фаолият юритиши, газеталарнинг чоп этиш билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келди.
“Обуна мажбурий эмас” сЎзининг феномени
Бир қарашда мажбурий меҳнатга барҳам бериш баробарида интернет тармоғида тарқалган обунанинг ҳам мажбурий эмаслиги хусусидаги фикрлар жараённинг ибтидоси бўлди.
Аслида бу анча аввал бошланган эди. Йиллар давомида, биринчи навбатда, айрим марказий нашрларга обунанинг марказлашган ҳолда ташкил этилиши қатор қусурларни келтириб чиқарди. Обунага мажбурий равишда йиғилган маблағлардан айрим шахслар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлиги масаланинг бир жиҳати бўлса, таҳририятнинг маъмурий буйруқбозлик натижасида йиғилган пуллардан ҳосил бўлган кафолатли йиллик бюджети журналистларни боқибеғамлик ботқоғига тортди.
Натижада обуначиларнинг норозилиги ортиб, мақолалар савияси, таъсирчанлиги, халқчиллиги пастлаб кетди. Бунга нафақат журналистлар, балки турли даражадаги раҳбарлар ҳам ҳисса қўшди. Ҳаётдан йироқ мавзулар, маърузабозлик услубида ҳисоботлар учунгина битилган “асарлар” газеталаримиз савиясини тушириб юборди. Нашрлар эгизакдек кўриниш ҳосил қилди. Мазкур жараён қачондир барҳам топиши муқаррар эди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” буни яққол намоён этди. Янгича ёндашув, очиқлик ва ошкоралик шароитида қалам тебратишда байроқни интернетдаги ҳамкасбларимиз илиб кетишди (бунинг ҳам объектив ва субъектив сабаблари бор). Обунанинг мажбурий эмаслиги жамиятимизда шу қадар қулоч ёзди. Бунинг ўзаги эса муаммо аллақачон пишиб етилганида эди.
Учта “S” тамойили ва маънавият
Талабалик давримизда ғарб журналистикаси учта “S” (sensation, sex, sadism) принципига асослангани айтиларди. Айнан шу тамойил бугун интернетнинг ўзбек сегментини ҳам маълум даражада “заҳарлади”. Зўравонлик, қотиллик, фоҳишабозлик хусусидаги хабарлар мунтазам учраб туриши ўқувчини ўзига жалб қилмоқда. Асрлар давомида ўзбек менталитетига ёт ғояларни сингдиришга қаратилган мафкуравий ва ахборот хуружлари уддалай олмаган иш кўз ўнгимизда силлиққина оммалашмаяптими? Газеталар ҳам шу услубга ўтиб кетадиган бўлса ёки умуман фаолияти тўхтаса, маънавиятимизга путур етиши турган гап. Фақат маънавиятгагина эмас, албатта. Ҳар қандай мамлакатда давлат бор экан, унинг сиёсати шаклланган экан, миллий мафкура ишлаб чиқилган экан, уларни тарғиб этувчи газеталар чоп этилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ахир дунёқарашимиз, билимимиз, тарбиямизни ўнглаш учун китобхонликка яна қайтмоқдамиз-ку! Нега энди босма сўз орқали таъсир этиш воситасидан онгли равишда воз кечмоқдамиз?
Ҳар не бўлса, яхшиликка
Халқимизда “Ҳар не бўлса, яхшиликка”, деган нақл бор. Босма оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ўзига хос жараённинг ижобий тарафлари ҳам талайгина. Очиқлик ва ошкоралик даражаси кескин ортди. Ахборот бозоридаги рақобат эса маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Маълумотларни тўплаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва давр мойилликларини аниқлаш каби салоҳият талаб этилмоқда ҳамкасбларимиздан.
Шиддатли замонда яшаётган газетхонлар учун масаланинг моҳиятини лўнда ва айни дамда кенг қамровли очиб берувчи материаллар зарур. Демак, эскича қолипдаги мақола тугул, сарлавҳалар, рукнлар, фотомаҳсулотлар ҳам бугунги ўқувчининг эътиборини тортмайди.
Касб байрамимиз арафасида қизиқарли, мураккаб жараёнда “қайнаётган” журналистларга ижодий муваффақиятлар тилайман. Келгуси касб байрамларимизда матбуот соҳасидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишлар, ютуқлар ҳақида сўз юритиш ҳаммамизга насиб этсин, дейман. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, туркий тилда ижод қилган адиб ва шоирлардан бирортаси ҳазрат Алишер Навоий қадар тил назарияси билан шуғулланмаган....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишла...
01 янв 1970
Шаҳрисабз шаҳрида 6 сентябрь куни Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ҳаёт қувончи, дунёнинг шодлиги болалар билан, уларнинг кулгиси оламни мунаввар этади.  ...