Қарор кимнинг манфаатини ҳимоя қилади?

/
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашиши жараёни тўхтатилди. Нархлар оширилмади. Аммо бу жараён вақтинчалик ҳолатми ёки доимийми? Бу ҳозирча номаълум. Айни пайтда шуни таъкидлаш керакки, газ ва электр энергияси учун нарх ва тарифларнинг йилига камида икки марта оширилаётгани ва бу жараёнда аҳолининг реал даромадлари ҳисобга олинмаётгани жамоатчилик ўртасида турли норозиликларни келтириб чиқармоқда. “Бу соҳаларда нархлар кўтарилиши сабаблари нимада?” деган ҳақли саволлар пайдо бўлмоқда.
Ҳар бир мамлакат, юрт ўз келажагини, тараққиётини, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий йўлларини маълум бир қонунлар, қарорлар, фармонлар, фармойишлар асосида белгилаб олади. Бу ҳужжатлар нафақат шу мамлакат ёки давлатнинг равнақ топиши учун, балки халқнинг яхши, фаровон яшаши, тўкис ҳаёт кечириши учун ҳам хизмат қилади. Шу сабабли мамлакатимиз Президенти, республика Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилаётган қонунлар, қарорлар, фармонларга халқимиз катта умид кўзи билан қарайди. Уларни мамлакатнинг истиқболли келажагини белгилаш йўлидаги асосий омиллар деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида” деб номланган 897-сонли қарори ҳам юртимиз ижтимоий ҳаётидаги яна бир ҳужжат бўлди. Қарорда унинг қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар “Ёқилғи-энергетика ресурсларини реализация қилишнинг бозор механизмларини янада жорий этишни таъминлаш, улардан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини рағбатлантириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарини балансли ривожлантириш мақсади, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларининг жаҳон нархлари ўсишини ва товарлар (хизматлар) бозорларида монополияни босқичма-босқич пасайтирилаётганлиги инобатга олинганлиги” билан изоҳланади. Англашилиб турибдики, изоҳга кўра қарорда яхши мақсадлар кўзда тутилган. Бироқ қарорнинг асл моҳияти изоҳда айтилганидек, энергия тежамкорлигини рағбатлантиришга эмас, балки газ ва электр энергияси учун тўланадиган нархларни оширишга қаратилган. Қарор асосида 2018 йилнинг 16 ноябридан бошлаб аҳоли истеъмоли учун бериладиган 1 куб метр табиий газнинг нархи 320 сўм қилиб, 1 квт-соат электр энергиясининг нархи 250 сўм қилиб белгиланди. Белгиланган бу нархларга бугунги кунда ҳам амал қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг бу қарорининг яна бир “ўзига хос” томони шундаки, унда табиий газ ва электр энергияси учун истеъмол тўловларини — нарх ҳамда тарифларини бир марта эмас, босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилганди. Қарорга кўра, 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб 1 квт-соат электр энергиясининг нархи 280 сўмга, 1 куб метр табиий газнинг нархи 350 сўмга кўтарилиши қатъий қилиб кўрсатилганди. Лекин республика Молия вазирлигининг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига тақдим этган маълумотига кўра, айрим сабаблар билан жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашиши жараёни тўхтатилди. Нархлар оширилмади. Аммо бу жараён вақтинча ҳолатми ёки доимийми? Бу ҳозирча номаълум. Айни пайтда шуни таъкидлаш керакки, газ ва электр энергияси учун нарх ва тарифларнинг йилига камида икки марта оширилаётгани ва бу жараёнда аҳолининг реал даромадлари ҳисобга олинмаётгани жамоатчилик ўртасида турли норозиликларни келтириб чиқармоқда. “Бу соҳаларда нархлар кўтарилиши сабаблари нимада?” деган ҳақли саволлар пайдо бўлмоқда. Лекин бу саволлар аксарият ҳолларда жавобсиз қолмоқда.
Яна бир мулоҳаза. Республика Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги 897-сон қарорида асосий эътибор газ ва электр энергияси учун истеъмол тўловларини босқичма-босқич ошириш билангина кифояланиб қолмаган. Унда бу соҳаларда нарх-наволарни оширишдан ташқари яна бир масалага эътибор қаратилган. Бу борада қарорда, жумладан, бундай дейилади: “2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қуйидагилар жорий этилсин: а) аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 квт-соат; б) аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси: иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб метр; бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб метр; в) аҳоли билан электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китобларни амалга оширганда: базавий норма доирасида — белгиланган тариф бўйича; базавий нормадан ортган қисми учун — белгиланган тарифга 1,2 баравар ошириш коэффицентини қўллаш. “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги 2019 йилнинг 1 июлига қадар электр энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий нормаларини амалда қўлланишини ўрганиш натижаларига кўра келгусида истеъмол базавий нормаларини қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин”.
Юқоридаги ташкилотлар, вазирликларнинг 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига бу эксперимент (тажриба) бўйича қандай таклифлар беришини билмаймиз. Аммо қарорнинг бу қисмининг асл моҳияти нимадан иборат? Нима учун эксперимент жараёнида ҳар бир абонентга базавий норма белгиланмоқда? Келинг, бу масалага оддийроқ йўсинда назар ташлайлик.
Агар Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори бўйича газ ва электр энергияси истеъмоли нархлари ошадиган бўлса, газ учун базавий норма 1000 куб метр бўлганда, истеъмолчи шунча миқдорда газдан фойдаланса, 350 минг сўм пул тўлайди. Агар истеъмолчи 2000 куб метр газдан фойдаланса, базавий нормадан ташқари 1000 куб метрига 350 минг сўм эмас, 420 минг сўм пул тўлайди. Яъни, истеъмолчига 2000 куб метр табиий газ 770 минг сўмга етказиб берилади. Базавий норма бўлмаганда 2000 куб метр табиий газнинг нархи истеъмолчи учун 700 минг сўмни ташкил этган бўларди. Электр энергияси тўловида ҳам худди шундай ҳолат юзага келади. Агар истеъмолчи базавий нормадаги 300 квт-соат энергияни ишлатса, янгиланиши кутилаётган тариф бўйича унинг нархи 84 минг сўм бўлади. Истеъмолчи 600 квт-соат энергиядан фойдаланса, 168 минг сўм эмас, 184800 сўм пул тўлашга мажбур бўлади.
Бундан ташқари, қарорнинг бу қисмида тилга олинган базавий норма ҳар бир абонентга мўлжаллаб белгиланган. Бу ерда “ҳар бир абонент” сўзига алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам бежиз эмас. Бир абонент эса баъзан икки-уч одамдан, баъзан 15-20 кишидан иборат бўлиши мумкин. Халқимиз, миллатимиз бир хонадонда, яъни бир абонент доирасида кўпчилик бўлиб яшайди. Юқоридаги базавий нормалар эса якка тартибдаги уйлар ва турли ҳажмдаги квартиралар учун бир хил, уйлар ва квартиралар квадрат метри ҳамда уларда яшаётган инсонлар сони ҳисобга олинмасдан белгиланган.
Масалан, бир хонали икки киши яшайдиган хонадон ҳам бир абонент ҳисобланади, уч-тўрт оила истиқомат қиладиган ҳовли ҳам бир абонент ҳисобланади. Улар учун эса бир хил базавий норма қўйилган. Ёки ҳовлиларда иссиқ сув газ ёки электр энергия ёрдамида иситилади. Одам сонига қараб энергия истеъмоли ҳам ошиб боради. Натижада якка тартибдаги хонадонларда ва кўп қаватли уйлардаги квадрат метри катта бўлган квартираларда яшовчи фуқаролар электр энергия ва табиий газ истеъмолини тежашга қанча ҳаракат қилсалар ҳам нормадан ортиқ сарфлашга ва ортиқча маблағ тўлашга мажбур бўладилар. Бу эса аҳолининг турли қатламлари ўртасида адолатсизликни келтириб чиқаради. Шунинг учун агар бундай базавий норма қабул қилиниши зарур бўлса, шу ҳолатда мавжуд бўлган тенгсизликни, адолатсизликни бартараф этиш керак. Яъни, базавий нормани абонентга эмас, одам сонига қараб белгилаш зарур.
Умуман олганда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида эксперимент тариқасида ҳар бир абонентга белгиланиши режалаштирилаётган базавий норма асосида қандай мақсад ётибди? Мақсад битта — табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун нарх ва тарифларни яна бир бор оширишдан иборат. Бугун Юнусобод тумани аҳолиси бошига тушиб турган бу тажриба, муаммо келгусида бутун мамлакатимиз аҳолисининг ташвишига айланмаса эди...
Сўзимиз бошида ҳар бир мамлакатда қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари давлат ҳамда халқ манфаатлари учун, юртнинг, эл-улуснинг ободлиги, равнақини таъминлаш учун хизмат қилади, деган фикрни айтган эдик. Шу сабабли республика Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сонли қарорини ҳам бир жиҳатдан давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қабул қилинган ҳужжат, деб баҳолаш мумкин. Лекин ҳар қандай мамлакатда давлат манфаатлари халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда намоён бўлади. Давлат манфаатларини ҳимоя қилиш халқ манфаатларини ҳимоя қилишдан бошланади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳар бир маърузасида “Халқ бой бўлса, давлат бой бўлади”, деган фикрни такрор-такрор таъкидлайди. Шундай экан, Вазирлар Маҳкамасининг халқнинг норозиликларига сабабчи бўлаётган, табиий газ ва электр энергияси учун истеъмол тўловларини икки марта — ҳам тўғридан-тўғри, ҳам базавий норма асосида ошириш билан боғлиқ 897-сонли қарорини қандай баҳолаш мумкин? Бу қарор кимнинг манфаатини ҳимоя қилади?
Камол Муҳаммад ЁҚУБ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Журналистика соҳаси вакили доим фаол бўлиши билан бирга ҳар бир янгиликни тез илғай олиши, воқеликни холис ёритиши зарур....
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожланмоқда. Инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Хусусан, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши лозимлиги таъкидланган: ...
01 янв 1970
Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам янги ўқув йили “Биз сизни доимо ёдимизда сақлаймиз” шиори остида Ўзбекистон Республика...