ҚВП қайта тикланди, йўл азоби бартараф этилди

/
Қоракўл туманидаги “Чандир” қишлоғи туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган бўлиб, 2017 йилнинг апрель ойига қадар қишлоқ аҳолисига “Янги ҳаёт” ҚВП тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда эди.
Маҳаллий вакиллик органи сессиясининг 2017 йил 1 апрелдаги қарорига кўра туманда фаолият кўрсатаётган 33 та қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиб, уларнинг негизида 10 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 9 та қишлоқ врачлик пунктини ташкил этиш белгилаб қўйилди.
4 минг нафарга яқин фуқаролар истиқомат қилаётган “Чандир” қишлоғидаги “Янги ҳаёт” ҚВП фаолияти ҳам тугатилиб, шу ерлик аҳолига 12 километр узоқликдаги “Қувача” ҚОП шифокорлари тиббий хизмат кўрсатадиган бўлди. Очиғини айтганда, бу ўзгариш чандирликлар учун кўплаб ноқулайликларни юзага келтирди. Айниқса, ушбу йўналишда йўловчи транспорт воситалари қатнови йўқлиги ҳамда йўлнинг аянчли аҳволда эканлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Ҳудуддаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг қишлоқ аҳли билан ўтган йилги очиқ мулоқоти чоғида айни шу муаммо ўртага ташланган эди. 2018 йилнинг май ойида Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасига, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳамда 2019 йил март ойида Соғлиқни сақлаш вазирига чўл ҳудудидаги ушбу қишлоқда хонадонлар тарқоқ жойлашганлиги, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш мақсадида “Янги ҳаёт” ҚВПнинг фаолиятини қайта тиклаш юзасидан депутатлик сўрови юборилди.
Депутатлик сўровида келтириб ўтилган муаммо вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари ва депутатлар иштирокида жойида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар таҳлил қилингач, пировардида “Чандир” қишлоғидаги собиқ “Янги ҳаёт” ҚВП биносида 57-сонли ҚОП филиали ташкил этилди. Ушбу филиалда рўйхатхона, доя ва унинг кўрувхонаси, эмлаш-муолажа хонаси, патронажлар, умумий амалиёт шифокори хоналари фаолияти тикланди ва ҳозирда янги муассаса ходимлари қишлоқ аҳлига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
— Йўл азоби ҳақида ҳикматли нақллар бежиз айтилмаган. Айниқса, кексалар ва болалар, бемор кишилар учун узоқ йўл азоби янада қийин кечади, — дейди афғон уруши қатнашчиси Нурёғди ота Жумаев. — Бунинг устига шу оралиқда автобус қатнови бўлмаса. Муаммони тасаввур қилиш учун эса айнан чўлда яшаш шарт эмас, мутахассис сифатида жиддийроқ ўйлаб кўрилса кифоя. Хуллас, қишлоғимизда “Янги ҳаёт” ҚВП фаолияти тугатилгач, биз ана шундай қийинчиликларга дуч келган эдик. “Қувача” ҚОПгача 10-12 километр пиёда бориб, қайтишда яна шунча масофани босиб ўтишга мажбур бўлаётган эдик. Бу масофа бизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатига ҳам таъсир қилмай қолмасди. “Адолат” партияси депутатларининг кўмаги билан бу муаммо ечим топди.
Бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳли партиямиз депутатлари ва фаолларидан ҳамда янги масканда уларга малакали тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорлардан жуда мамнун. Собиқ “Янги ҳаёт” ҚВП биносида эндигина иш бошлаган тиббиёт муассасаси 57-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасининг филиали деб номланса-да, уни одамлар содда тилда “Ўзимизнинг ҚВП яна тикланди, йўл азобидан қутулдик”, дейишмоқда.
Маҳмуд РАҲМАТОВ,
халқ депутатлари Қоракўл тумани Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳудудларда маҳаллий Кенгаш депутатларига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар партия депутатларига аҳолининг ишончи ортаётганини кўрсатади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман кенгаши ташаббуси билан “Оила мустаҳкамлигини таъминлаш: аёл, оила ва жамият” мавзус...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Когон шаҳрининг истироҳат боғида старт берилган “Аҳолининг тиббий мадания...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...