Коррупцияни енгиб бўлади...(ми?!)

/
Яқинда бир кўрсатувда қатнашдим. Коррупция ҳақида. Янаям аниқроғи, кўрсатув давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 27 майида имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижросига бағишланди. Кўрсатувда турли соҳа вакиллари иштирок этишди ва, табиийки, турфа фикрлар билдирилди.
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган илк ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлган эди. Шундан сўнг ушбу қонуннинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” қабул қилинди.
Кўрсатувда тахминан шундай саволлар ўртага ташланди. Хўш, бир муаммо, яъни коррупцияга қарши курашиш бўйича нега ҳукумат даражасида кетма-кет қонун, қарор, давлат дастури ва фармон имзоланмоқда? Наҳотки коррупция аталмиш юҳо мамлакатимизда шунчалик чуқур илдиз отиб кетган бўлса? Жаҳон айвонида бу муаммога муносабат қандай? Умуман олганда, коррупцияни енгиб бўладими?..
Албатта, юқоридаги саволларга соҳа мутахассислари ўз нуқтаи назарларидан, касбларидан келиб чиқиб жавоб берди. Кимдир коррупцияга қарши курашишда қонуний жазо чорасини яна ҳам кучайтиришни таклиф қилган бўлса, яна биров коррупция балосини фақат ва фақат юксак ҳуқуқий маданият билан мағлуб қилиш мумкинлигини таъкидлади.
Майли, тўғридир, нотўғридир ҳар бир фуқаронинг ўз фикри бўлгани яхши. Демократиянинг бош талаби ҳам шу. Зеро, фикрлар хилма-хиллигига суянган жамият тараққий топади, юксалади. Қолаверса, айнан фикрлар хилма-хиллигига йўл очилган, фуқаролари ҳар бир масалада фаол жамиятда коррупциянинг туб илдизига болта уриш имконияти пайдо бўлади. Бошқача йўл танлаган жамият эса...
Келинг, мавзудан четлашмайлик.
Кўрсатувда тўғри таъкидланганидек, бир қарасанг, коррупция тўғрисида ёзилмаган, айтилмаган гап қолмагандек кўринади. Лекин, тан олиш керакки, бу хусусдаги жамики фойдали-фойдасиз, ўринли-ўринсиз гап-сўзлар унинг ўта хавфли иллат эканлигидан далолат беради. Аслида ҳам шундай: коррупция жамиятнинг маънавий илдизларини заифлаштиради, жамиятда ишончсизлик юзага келади. Ақли етган одамлар буни аллақачон, фақат ўзлари яшаётган маконда эмас, бошқа ҳудудларда ҳам шундайлигини тушуниб олишган. Ақли етмаганлар эса ҳамон “бизда коррупция йўқ”лигини исботлаш билан овора. Маълумки, бу иллат ҳудуд ёки мамлакат танламайди. У қаерда бўлмасин гоҳ авжига чиқади, гоҳ пасаяди, аммо бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Боз устига шаклу шамойили, бўйи-бастини жуда-жуда тез ўзгартириб туради, буқаламундай товланади.
Нега шундай бўлади? Бу саволни ким ўртага ташласа, унга жавоб беришдан аввал, савол берувчининг ўзига савол билан мурожаат қилиш ўринлидир: коррупцияни ким яратади, у қандай вазиятда яралади, яралиш илдизлари қандай пайдо бўлади?
Тасаввур қилинг: кимдир бу саволни эшитиб, “Коррупцияни мен, сиз, биз — ҳаммамиз, билган ва билмаган одамлар яратамиз” деса, нима деган бўлардингиз?
Жавоб беришга шошилманг.
Гапни ўзимиздан бошлайлик. Инсоннинг ички “мен”и ҳеч қачон йўқ бўлмайди дейдилар. Бунинг устига, ана шу “мен” жонивор гоҳ-гоҳ, масалан, ишларингиз фавқулодда юришиб кетганда, омад айвонингизга уй қуриб, “иссиқ ўлкаларга кетмасдан” шу ерда қишлаётганида янада бўртиб кетади. Фақат мен эмас, бошқалар ҳам ишлаяпти, бошқаларда ҳам ҳою-ҳавас бор, камчилик, етишмовчилик бор, деган фикрдан узоқлашиб кетамиз. “Нега энди менга эмас, нега мен биринчи эмасман”, деган фикр вужудимизни қамраб олади. Мана шу нарса коррупциянинг илк меваларини яратади.
Қандай қилиб дейсизми?
Хасталаниб, касалхонага тушсак, шифокорлар бошқалардан кўра менга яхшироқ қарашсин, дея ўз ихтиёримиз билан чўнтак кавлаймиз. Аввалига олмаганига қўймаймиз. Кейин ўша шўрлик шифокор “олиш”га ўрганиб қолади. Бермасак, қўлимизга қарайдиган бўлади. Кейин дод-вой соламиз, “Нега бизда соғлиқни сақлаш тизими коррупциялашиб кетган”, деб.
Гапим ёлғон бўлса, ёлғон деб айтинг. Айтолмайсиз. Чунки ўзингиз ҳам ҳеч қурса бир марта шифокорнинг чўнтагига мажбурлаб пул солгансиз.
Яна бир гап. Боғча опа бошқа болалардан кўра менинг боламга, набирамга яхшироқ муомала қилсин, дея ўзимиз сўраса-сўрамаса тарбиячининг оғзини мойлаймизми? Мойлаймиз! Бора-бора ўша тарбиячи текин луқмага ўрганадими? Ўрганади! Энди истаса-истамаса қўлимизга қарайдими? Қарайди! Шунда яна шовқин соламиз, “Нега бизда мактабгача таълим тизими коррупциялашиб кетган”, деб.
Афсуски, бу гапимни ҳам инкор эта олмайсиз.
Дейлик, бирор нарсага навбатда туриб қолсак, қинғир йўллар билан бўлса-да, олдинга ўтиш ҳаракатини қиламиз. Шундай ҳаракатларимиз таъсирида вояга етган, боғчада, мактабда, олий ўқув юртида ёлчитиб ўқимаган ўғил ёки қизимизни ишга жойлашда ҳам шу усулдан фойдаланамиз. Машина олишда, санаторияга йўлланмани қўлга киритишда, ҳовли-жой учун ер берилаётганида, амалдор бўлиб қолиш имконияти туғилганида, қўйинг-чи, жуда кўп ҳолатларда ўзимиз коррупцияни бошлаб берамиз. Янада аниқроғи, узатишмаса, ишни битириб бермайдиган пулхўрларни ўзимиз тарбиялаймиз. Фақат шу билангина шуғулланмаймиз, бундай одамларни тўхтовсиз тарғибот қиламиз, “Бошингизни қотириб юрасизми, фалон жойда бир акахон бор, муомаласини қилинг, бир зумда ишингиз битади”, деймиз. Ўзимизча бировга яхшилик қилаяпман деб ўйлаймиз-у, коррупцияга йўл очамиз.
Маълумки, коррупция билан шуғулланувчи одамлар “Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим” деганларидек, бўш-баёв, ўзига ишончи кам, билими саёз, тажрибаси етарли бўлмаган одамларни нишонга олади. Бундай кишилар кимдир: “Битта жойга етти-саккиз киши номзод бўлиб турибди, ҳаракатингизни қилинг, эртага кеч бўлади” деса, шу қармоққа лаққа илинади. Аксинча, ўзига ишончи мустаҳкам, билими кучли одамлар бир ўринга бир неча ўн киши даъвогар бўлса ҳам, бундан чўчимайдилар. Шунингдек, айрим идора-ташкилотларда иқтидорсиз, ўз ишини эплай олмайдиган ходимлар ўз раҳбарларига лаганбардорлик қилиб, халқ тили билан айтганда, “пахта” қўйиб юрадилар ва ўз-ўзидан ана шу хатти-ҳаракатлари билан бир идорада коррупция туп қўйиб, палак отишига хизмат қиладилар. Афсуски, баъзи имони суст раҳбар ва раҳбарчалар айнан ана шундай лаганбардорларни ўз қанотлари остига олишадики, энди ўша идора ёки ташкилотнинг “тараққиёти” ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Дарвоқе, ушбу муаммонинг яна бир нозик жиҳати борки, бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Баъзилар ўйлаётгандек коррупция иллати фақатгина олди-берди, яъни пора олиш ёки беришда намоён бўлмайди. Унинг юзи турфа, илдизи биз ўйлагандан кўра анча чуқурроқ. Дейлик, кимдир киминидир таниш-билиш воситасида, илтимос билан ўқишга ёки ишга жойлаштиради. “Жойлашиш” жараёнида ҳеч қандай моддий бойлик роль ўйнамайди. Нима, шу билан коррупция йўқолди, деб ўйлаяпсизми? Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз хато қиласиз. Коррупция айнан ана шу таниш-билиш, илтимос, юқорироқ мансабдаги одамга кўр-кўрона шахсий садоқат воситасида озиқланади ва гуллаб-яшнайди.
Демак, барча мисоллардан кўриниб турибдики, биз тан олсак, олмасак, коррупция кўчадан кириб келмайди! Уни сиз, мен ва ниҳоят, биз дунёга келтирамиз, яратамиз ва “тарбиялаб” вояга етказамиз. Бу илм кишилари тили билан айтганда, аксиома, яъни исбот талаб қилмас ҳақиқатдир! Шоир топиб айтганидай, бошингга не бало келса бировданмас, ўзингдан кўр...
Ана энди юқорида ўртага ташланган саволларнинг энг сўнггисига келсак.
Хўш, коррупцияни енгса бўладими?
Албатта, енгса бўлади!
Кўрсатувда бу борада хориж тажрибаларини ўрганиш кераклиги таъкидланди. Бир қатор ривожланган мамлакатларнинг, хусусан, Сингапур тажрибаси бот-бот тилга олинди. Майли, маъқул, тажриба ўрганиш ҳам коррупциядан қутулишнинг бир йўлидир. Лекин бошқа бир таклиф ҳам борки, шуни чуқурроқ ўйлаб кўрсак, зарар қилмайди. Ахир устоз адибимиз айтиб кетганларидек, қачонгача “хўрозқанд хорижники”, деса ётиб ялаймиз? Ўзимиз тажриба қилиб кўрсак-чи?! Ўзимиздан бошласак-чи?!
Айтмоқчи бўлганимиз, қани, шифокорнинг чўнтагига пул солмай кўрайлик-чи, у талаб қилармикан?! Қани, боғча опанинг оғзини “мойламай”лик-чи, фарзандимиз ёки набирамизга эътиборсиз бўлармикан?! Қани?..
Бу “қани-қани”ларни жуда узо-о-о-оқ давом эттиришимиз мумкин.
Гапни чўзмасдан, индаллосини айтиб қўя қолайлик. Коррупция балосидан қутулмоқчимизми, уни енгмоқчимизми, унга қарши курашни, энг аввало, ўзимиздан, оиламиздан, фарзандларимиздан бошлайлик. Уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, керак жойда талаб қилишни, бурчларига эса оғишмай амал қилишни ўргатайлик, ўрганайлик.
Ана шундагина бу иллатнинг илдизи қурийди.
Ана шундагина қай бир хорижий давлатнинг “тажриба”сини қидириб юрмаймиз.
Ё гапим нотўғрими, азиз газетхон?!.
Келинг, фикрлашайлик, баҳслашайлик.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Марғилон шаҳридаги дорихона муассасаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сақлашни ташкил этиш бўйича 3 та дорихонада йўриқномага амал қилин...
01 янв 1970
Инсоннинг яқин дўстлари орасида мактабда бирга ўқиган тенгдошлари бўлиши табиий. ...
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. ...