Янгиланаётган Бўканинг бир куни

/
Ўтган икки ҳафтада марказий нашрлар ва марказий телевидениеда Бўка тумани ҳақида бот-бот янгиликлар берила бошлади. Албатта, бир туманнинг мамлакат матбуотида бу даражада кенг ёритилиши ҳар кун кузатиладиган воқеа эмас. Хўш, Бўка тумани нега миллий матбуотимиз тилидан тушмай қолди? Туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бир туманда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат ва у келажак учун нима беради? Шу ва шунга ўхшаш бир қатор саволларга жавоб топиш мақсадида Бўка сафарига отландик.
“КИТОБ КАРВОНЛАРИ — ОФТОБ КАРВОНЛАРИ”

— Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада туманимизга жуда катта китоб карвонлари кириб келди, — дейди бизга туманда юз бераётган янгиликларни таништиришга бош-қош бўлган Бўка тумани “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Гулжаҳон Ёмғурова. — Мен ана шу карвонларни офтоб карвонларига қиёслагим келади. Президент совғаси бўлган китоб карвонининг туманимизга кириб келиши катта тантанага айланиб кетди. Ҳар бир мактаб ва касб-ҳунар коллежларига минг донадан, маҳалла фуқаролар йиғинларига эса беш юз донадан китоб топширилди. «Халқ овози» газетаси қошида ташкил этилган «Бўка ниҳоллари» маҳорат мактабига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Ижод» жамоат фонди томонидан уч юзта бадиий китоб ва компьютер жамланмаси совға қилинди.
Тумандаги «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта муҳим ташаббуси асосида янги қиёфага кирмоқда. Ҳудудда минг нафардан зиёд фуқарога хизмат кўрсатувчи замонавий «Халқ кутубхонаси» барпо этилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан «Халқ кутубхона»си фаолиятини самарали ташкил этиш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Ушбу кутубхонага биринчилардан бўлиб давлат ва жамоат арбоблари фахрий аъзоликка қабул қилинди.
Маълумки, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси — ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига қаратилган. Бу ташаббуслар кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Эндиликда бешта муҳим ташаббус республикамизнинг барча ҳудудларида кенг жорий этилади. Туманимизда ҳам ушбу ташаббусларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ўз фаолиятини бошлаган.
Давлатимиз раҳбари томонидан Сирдарё ташаббуси асосида ёшлар бўш вақтини унумли ва самарали ўтказиши учун маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари, спорт тўгараклари ташкил этиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, китобхонликни оммалаштириш мақсадида тумандаги мактаб ва касб-ҳунар коллежларида мавжуд кутубхоналар инвентаризациядан ўтказилди. Ўрганишлар натижасида мавжуд кутубхона ва ахборот ресурс марказларининг китоб фондини ошириш, китоб дўконлари, book cafй’лар фаолиятини йўлга қўйиш, маънавий тадбирларни кўпайтириш, бўш турган биноларда ишсиз аёллар учун тикув ва тўқимачилик цехларини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.
ТЎРТ ЮЗ НАФАР ХОТИН-ҚИЗ ИШЛИ БЎЛАДИ
— Президентимизнинг ёшлар таълим-тарбияси борасида қўшимча шароитлар яратиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган беш ташаббусининг туманимиздан бошланганлиги барчани бирдек қувонтирди. Бу ташаббусларни нафақат ёшлар, балки барча қўллаб-қувватлаётганини «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўйингоҳга йиғилган иштирокчиларнинг хуш кайфиятидан ҳам англаш мумкин. Беш ташаббус бўйича амалга оширилаётган ишларнинг гувоҳи бўлаётган ва ҳашарда қатнашаётган аҳолининг бугунги кайфияти аъло.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир секторда биттадан ҳудуд «Бўстон», «Чавлисой», «Катта Равот» ва «Янгиқўрғон» маҳаллалари танланиб, жадал бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Уч минг нафардан ортиқ фидоийлар ҳашарда иштирок этмоқда. «Бўстон» ва «Чавлисой» маҳаллаларида тез кунда ишга тушириладиган тикув цехи учун тўрт юз нафар хотин-қизлар «Бўстон» қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида тикувчилик бўйича таҳсил олишмоқда. Агар тўрт юз нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланса, бу тўрт юз оиланинг қозони қайнайди, дегани. Тўрт юз оила янада обод бўлади, дастурхони тўкин, келажаги бутун, ҳаёти фаровон бўлади, деганидир. Аслида ўтказилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам шу. Яъни юрт фаровонлиги, фуқароларимизнинг кўнгил хотиржамлиги, ўз эртасига ишонч билан қарашида намоён бўлади. Шу боис беш ташаббуснинг беқиёс самарасидан баҳраманд бўлаётганимиздан чексиз қувончдамиз, — дейди тумандаги 7-умумтаълим мактаби директори Донохон Жумабоева. — Турли бадиий ва оммабоп адабиётлар, ахборот техникаси ва замонавий технологиялар, чолғу асбоблари, спорт анжомлари туманимиздаги мавжуд барча мактабларга кириб келди. Бундан ўқувчилар билан бирга биз, катталар ҳам қувондик.
БОШ МАҚСАД — ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги туманимиз аҳлига уч юз номдан зиёд, беш минг нусхадаги сара асарларни «Китоб карвони» акцияси боис етказиб берди. Туманимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган эзгу ғояни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар кенг тарғиб қилиш билан бирга «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишди. Маҳаллаларимиз кундан-кун ўзгача чирой очмоқда, — дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раҳбари Баҳодир Абдуллаев. — Мана, Бўстонни кўринг, бир томонда қишлоқ врачлик пункти таъмирланаяпти, ёнида «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан 200 ўринли енгил конструкцияли тикув цехи қад ростлаяпти. «Халқ кутубхонаси», ҳаммом қурилиб, ишга туширилади. Мавжуд ёшлар боғи ободонлаштирилиб, кўчаларга асфальт ётқизилди. Тез фурсатда «Бўстон» ўзгача чирой очган гўшага айланади. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тажриба-синов босқичининг амалга оширилишидаги масалалар муҳокама қилинди ва мужассамлашган янги лойиҳа эълон қилинди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан туманимиз марказида «Маънавият ва маърифат» экопарки қурилиши бошлаб юборилди. Унда замонавий кутубхона, амфитеатр, спорт майдончаси, экобоғ каби объектлар барпо этилади. Бир сўз билан айтганда, туманимиз том маънода халқни рози қилиш, келажакка умид ва ишонч уйғотиш борасида улкан ислоҳотлар марказига айланди.
КУТИЛГАН ВА КУТИЛМАГАН БАХТ
— Инсон нимани ният қилса, ўша ниятига етади, дейишади кексаларимиз. Мен халқимизнинг бу пурмаъно нақли нақадар тўғрилигига яна бир бор амин бўлдим, — дейди Бўка тумани “Халқ овози” газетаси қошида ташкил этилган “Бўка ниҳоллари” маҳорат мактаби аъзоси Райҳона Бахтиёрова. — Ўзим қаламкаш бўлганим учун ҳам устоз шоир-ёзувчиларимиз билан юзма-юз кўришишни, улардан маслаҳат олишни орзу қилиб юрардим. Ниятинг — йўлдошинг деб, бежиз айтишмаган экан. Тўгарагимиз аъзолари Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Анвар Обиджон, Сирожиддин Саййид, истеъдодли шоирлар Нодир Жонузоқ, Ботир Эргаш, ёзувчи ўофур Эшмуродов билан диллашиш, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдик. Бизга устозлар томонидан ўтилган маҳорат дарслари орқали шуни англадимки, ижодкорлик у хоҳ назм, хоҳ наср йўналишида бўлсин, у ўз ижодкоридан тинимсиз ўқиш ва изланишни, меҳнатни талаб этаркан. Ижодий учрашувдан ўзим учун бир олам таассуротлар билан қайтдим. Бу учрашув менга кутилган ва кутилмаган бахт тақдим этди.
МАКТАБДА КИТОБ МАРАФОНИ
— «Қорасийроқ» қишлоғида жойлашган 6-умумтаълим мактаби филиалида диёримиз бўйлаб амалга оширилаётган беш ташаббус ижросига бағишланган китоб марафони ташкил этдик, — дейди мактаб директори Шамсиқамар Абдукаримова. — Тадбирда Республика маънавият-тарғибот марказининг ишчи гуруҳ аъзолари ҳам иштирок этишди. Китоб марафонимизда тадбиркор Дилобар Норбўтаева ва мактабимизнинг собиқ ўқувчилари ҳам иштирок этишди ҳамда улар томонидан кутубхонамизга бадиий китоблар совға қилинди.
Шунингдек, марафон жараёнида мактаб ўқувчилари томонидан турли асарлар асосида саҳна кўринишлари ижро этилди. Уларнинг муаллифларини топишда ота-оналар ҳозиржавоблик қилишди.
— Тўртинчи, муҳим ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишдир, — дейди Республика маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Мунира Ҳожиева. — Ишчи гуруҳимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари, таниқли актёрлар ҳам бор. Улар болаларни адабиётга, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга ҳисса қўшишмоқда. Тадбир давомида «Шум бола» ва «Суюнчи» асарларидан парчаларни моҳирлик билан ижро этган ўқувчиларга тарғибот гуруҳи томонидан эсдалик совғалари топширилди.
«ЯНГИҚЎРҒОН» ЯНГИЛИКЛАРИ
— Ҳар куни бир ўзгариш юз бераётган туманимиздаги бунёдкорлик, маънавий-маданий ишлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ҳаётига янгича мазмун киритмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева. — Бўлиб ўтаётган ҳашарларда ташаббускор ёшларимиз, хотин-қизларимиз фаол иштирок этишмоқда. 20 кундан буён туманимизда бир-биридан гўзал тадбирлар ўтказилаяпти. Ана шундай кенг қамровли тадбирлардан бири куни кеча 2-секторда жойлашган «Янгиқўрғон» маҳалласидаги ўйингоҳда ўтказилди. Бир сўз билан айтганда, «Янгиқўрғон»да янгиликлар кўп. Ҳудуддаги эски мактаб биноси таъмирланди. Энди у ерда 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 300 ўринли тикув фабрикаси иш бошлайди. Бунёдкорлик ишлари бошланганидан маҳалла аҳли беҳад мамнун. Сабаби, икки минг икки юзга яқин фуқаро яшайдиган маҳаллада ишсиз аёллар кўпчиликни ташкил этар эди. Энди уларнинг асосий қисми муқим иш жойига эга бўлади.
Ҳудуддаги мактаблар учун 200 дан ошиқ спорт анжомлари, 50 та мусиқа асбоби, 600 дан ортиқ ўқув қуроллари бепул берилди. Шунингдек, тадбир сўнггида маҳалладаги кам таъминланган оилаларга помидор, гул ва мевали дарахт кўчатлари, 800 та парранда, 250 та қуён бепул тарқатилди. Энг асосийси, тадбир куни маҳаллага Президент совғаси — «китоб карвони» билан 5000 дан ортиқ китоб кириб келди...
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
Ҳали Бўкадаги янгиликлар ҳақида кўп ва хўп ёзишимиз мумкин эди. Аммо биз бир кунда кўрганларимизни бир мақолага сиғдиришнинг иложини қилолмадик. Зеро, Бўкада мамлакатимизнинг барча туманларига намуна қилгулик улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг асосийси, давлатимиз раҳбарининг беш ташаббуси қанот ёймоқда. Биз бир кунлик сафаримиз давомида учрашган юртдошларимизнинг кўзларидаги қувонч, ҳаётдан мамнунлик, айниқса, ёшларимизнинг нигоҳларида барқ уриб турган ғайрат-шижоат, эртанги кунга бўлган ишонч ёлқинлари уларнинг порлоқ келажагидан далолат беради.
Ислом ҲАМРОЕВ,
Журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда аҳолига эндокринологик хизмат кўрсатишнинг самарали тизимини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Алишер Навоийнинг серқирра ижодида халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мавзуси асосий ўринлардан бирини эгаллайди....
01 янв 1970
Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги
01 янв 1970
Амударё тумани маркази Манғит шаҳарчасининг “Янгиобод” маҳалласидаги 713 хонадонда жами 3598 нафар фуқаро истиқомат қилади. ...