Бозор ҳам маданият маскани

/
Юртнинг ободлиги ва халқ фаровонлиги бозорларимиздаги тўкин-сочинликда яққол кўринади. Бугун бозорларимизга борсангиз, ноз-неъматлар, маҳсулатларнинг хилма-хиллигидан ҳайратга тушасиз.
Маълумки, қадимдан бозор инсонларнинг нафақат моддий эҳтиёжини, балки уларнинг дунёқарашини шакллантирадиган, маънавияти ва маданиятини бойитадиган маскан ҳам бўлиб келган. Шу туфайли каттаю кичик бозорга боришга ошиққан. Аждодларимиз бозорларда муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратган. Тилимиздаги нозик иборалар, гўзал таъриф ва тавсифлар, юксак мақтов сўзлари, қочирим гаплар айнан бозорда шаклланиб, кейин муомалада кенг қўлланила бошланган.
Азал-азалдан тижорат билан шуғулланувчилар ширин ва ўткир сўзли кишилар бўлишган. Улар харидорга ўта хушмуомалалик билан мулоқот қилишар, бисотларидаги энг гўзал сўзларни уларга ҳадя этиб, харидорни ўзларининг доимий мижозларига айлантиришар ва бу орқали сотувчининг чўнтагига пул тушар, харидорнинг эса олган буюмидан ҳам кўра, сотувчининг муомала маданиятидан кўнгли чоғ бўлар экан. Тижоратчилар ўзининг дилтортар сўзлари, ҳозиржавоблиги сабаб ана шундай юксак мавқега эришганлар.
Ҳозирги кунда-чи?
Биргина мисол: сиз кийим бозоридан эгнингизга бирон нима харид қилмоқчи бўлсангиз, энг аввало уни кийиб, ўзингизга муносиб ва сифатлисини, қолаверса, ҳамёнбопини қидирасиз. Бунинг учун бозор расталарини оралар экансиз, бир неча сотувчининг маҳсулотини танлаб савдолашишингиз табиий ҳол. Бу жараёнда сиз бир қанча маҳсулотни кийиб, нархи борасида талашиб-тортишасиз. Агарки, ўзингиз учун мақбул нархга келиша олсангиз уни харид қиласиз ёки бунинг акси, савдо пишмаса, тағин бошқа бир сотувчи билан мулоқотга киришасиз.
Бироқ баъзи бир сотувчиларнинг муомала маданияти инсоннинг дилини хира қилади. “Олиш ниятингиз борми ўзи, олмасангиз нега кийдингиз, бозорга кийгани эмас, олгани тушинг, чўнтагизда пулингиз борми ўзи?” каби кўплаб эътирозлар баъзан қулоққа чалиниб туради. Бозордаги бу тижоратчиларнинг қўпол муомаласи, такаббурона ва ғализ сўзлари харидор кўнглини ранжитади. Халқимизда “Кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган ибратомуз мақол бор. Булар уч-тўрт сўм пул топиб дунёдаги жамики нарсаларни ўз қаричи билан ўлчамоқдами ё? Бунақанги ножўя ишлари билан улар миллат шаънини, халқнинг гўзал урф-одатларини назар-писанд қилмай, фақат ўз нафсининг қулига айланаётганлари беихтиёр инсонни ўйлантиради. Аслида хушмуомалалик билан мулоқотда бўлиб, ўз буюмини ўтказиш сотувчиларнинг сеҳрли калити эмасми?
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сотувчиларимиз савдо-сотиқ ишларида хушфеъллик, ширинсўзлик билан муомалада бўлса, уларнинг харидори янада кўпайса кўпаядики, асло камаймади. Бу билан инсон қадр-қиммати энг олий мезон эканлиги ҳамда ўзбек халқининг хушфеъл ва самимийлигини яна исботланган бўлар эди. Бу борадаги ишлар бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик ишимиз, амалий ҳаракатимиз ифодаси бўлишини доимо ёдда тутмоғимиз зарур.
Асилбек ТОҒАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳозирги глобаллашув ва ривожланиш шароитида дунё бўйлаб табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда....
01 янв 1970
Азалдан аён ҳақиқат бу: шогирдларнинг ютуғи — Устознинг ютуғидир.
01 янв 1970
Зарнигор ёшлигидан ишёқмас, дангаса бўлиб улғайди. Онаси Мунира опа болалигида уни кенжатой бўлгани учун кўп эркалатарди....
01 янв 1970
Олий таълим муассасаларида 2019 йил сентябрь ойидан табақалаштирилган эмас, бир хил миқдордаги стипендия бериш амалиётига ўтилгани кўплаб талаб...