Нафс гирдоби суд мажлиси котибини ўз домига тортди

/
Маълумки, бағрикенг ва олижаноб халқимиз бола тарбияси ва тақдирига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келган. Шунинг учун ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бошқа яқинлари ёки васий ҳамда ҳомийлар томонидан фарзандликка олиниб, камолга етказилади.
Риштон туманида яшовчи Жамолиддин Мардонов (мақолада исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам турмуш ўртоғи Назира Мардонова билан биргаликда 6 ёшли набираси Элбек Мардоновни фарзандликка олмоқчи бўлишди. Шу мақсадда туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли Васийлик ва ҳомийлик комиссияси мутахассиси Орифжон Акрамовга учрашишди.
– Болани фарзандликка олиш тез ҳал бўладиган иш эмас. Мана бу ҳужжатларни йиғиб келасизлар, – деди мутахассис уларга керакли ҳужжатлар рўйхати ёзилган қоғозни тутқазиб.
Шундан сўнг Мардоновлар О.Акрамов айтган барча ҳужжатларни тайёрлаб тақдим этишди. Натижада комиссия томонидан Элбекни фарзандликка олиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво ариза киритилди. Аммо 2017 йил 16 март куни мазкур ишни кўриб чиққан суд даъвони рад этди. Негаки, Жамолиддин Мардоновнинг судланганлик ҳолати набирасини фарзандликка олишига тўсқинлик қиларди.
Даъвонинг рад этилишини кутмаган эр-хотин жуда эсанкираб қолишди. Бинобарин, орадан бир ҳафта ўтгач, улар яна нажот истаб Орифжоннинг олдига боришди.
– Энди нима қиламиз, қандай маслаҳат берасиз, – деб сўради Назира опа.
– Ҳаётда ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор. Суддагилар билан гаплашиб кўраман, харажатидан қочмасанглар бўлди, – деди қонуний маслаҳат бериш ўрнига нафс амрига биноан фикр юритган О.Акрамов.
Шу тариқа Орифжон суд мажлиси котиби Адҳамжон Юрсинов билан жиноий тил бириктириб, мазкур ишни ҳал қилиш, яъни Элбек Мардоновни бобо ва бувиси томонидан фарзандликка олиниши ҳамда унга янги туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийтирилиши хусусида ҳал қилув қарори чиқартириб бериш эвазига 200 АҚШ доллари ундиришга келишишди.
– Икки юз доллар берсанглар, ишингиз ҳал бўлади, – деди О.Акрамов Мардоновларни чақиртириб.
Бу талаб Жамолиддин ака ва Назира опани бироз гангитиб қўйган бўлса ҳам “иш”нинг ҳал бўлишини ўйлаб, тезда бунга рози бўлишди. Буни қаранг-ки, “ўлжа”нинг қармоққа илинганидан хабар топган суд мажлиси котиби А.Юрсинов шу куниёқ Орифжонникига келиб, ҳали унмаган пул ҳисобидан 100 АҚШ долларини олиб кетди. Лекин...
Лекин эр-хотин Мардоновлар мутахассис ва суд мажлиси котибининг талабини яна бир бор ўйлаб кўришди. Сўнг тамагирларга қонуний чора кўришни сўраб, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг Риштон туман бўлимига мурожаат қилишди. Шу боис эртаси куни мазкур мурожаатга асосан тезкор тадбир ўтказилди. Яъни 2017 йил 24 март куни соат 15 ларда О.Акрамов ўз хизмат хонасида Н.Мардоновадан 200 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди. Орифжон айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пулларни Адҳамжон билан жиноий тил бириктирган ҳолда олганини маълум қилди. Шунинг учун унга махсус ишлов берилган 100 АҚШ доллари ва диктафон берилди. Пировардида мутахассис А.Юрсинов билан қўнғироқлашиб, соат 18 ларда учрашишга келишиб олди. Айтилган вақтда эса суд мажлиси котиби О.Акрамовдан суд биноси ёнида 100 АҚШ долларини олаётганда қўлга олинди.
Шундан сўнг ҳар иккала масъул шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б”-банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Сўнг мазкур иш жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судида кўриб чиқилиб, айбдорларга қонуний жазо тайинланди.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: адолат қўрғони саналган суд ходимики, тамагирлик қилса, юртдошларимизнинг суд ҳокимиятига, амалдаги қонунларимизга нисбатан ишончи қоладими? Бинобарин, Президентимиз 2017 йилнинг 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида юқоридаги каби салбий ҳолатларга алоҳида тўхталди. Айниқса, давлатимиз раҳбари фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларнинг ўз вақтида кўрилишини таъминлаш шартлигини қатъий уқтирди. Шундай экан, ҳар бир судья ва суд ходими бундан тегишли хулоса чиқариши керак. Зеро, суд чинакам адолат қўғонига айланиши зарур.
О.Акрамовнинг қилмишига келсак, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда халқ таълими бўлими мутасаддилари Васийлик ва ҳомийлик комиссияларига тамагир ходимларни эмас, балки бола тақдирига бефарқ бўлмаган, масъулиятли ҳамда виждонли шахсларни мутахассисликка тайинласалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Оловиддин ҲАСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Эътироф этиш керак, бу галги Мурожаатнома ҳам инсон...
01 янв 1970
Халқимиз аёлни гулга қиёслайди, садоқат-вафо тимсоли сифатида ардоқлайди. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсла...