Суд-тергов фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кучайтирилмоқда

/
Маълумки, мамлакатимизда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат.
Ҳаракатлар стратегиясининг ўтган 2017 йилги дастури доирасида мамлакатимиз суд тизимида илк бор Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда 200 дан ортиқ маъмурий судлар ташкил этилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган саксондан ортиқ иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, судьялик лавозимига умрбод тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Судьяларнинг халққа яқинлигини таъминлаш ва уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида судьяликка тавсия этилаётган номзодлар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда ҳамда фуқароларнинг ижобий фикри асосида ушбу номзодлар судьяликка тавсия этилмоқда.
Ушбу чора-тадбирлар қисқа фурсат ичида ўз натижасини бера бошлади. Ҳозирда суд ва тергов органларининг масъулияти анча ошганлигини кузатишимиз мумкин. Мисол учун, фақатгина 2017 йилнинг ўзида судлар томонидан 228 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ваҳоланки, ўтган беш йил мобайнида атиги 7 нафар шахс оқланган эди, холос.
Бир сўз билан айтганда, ўтган 1-1,5 йил давомида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини изчил ҳимоя қилиш борасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, мамлакатимиз суд тизими замон талабига мос равишда тубдан ислоҳ қилинмоқда.
Шу билан бирга, суд-тергов амалиётида, хусусан, далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолаш чоғида қонунийлик ҳамда холисликни таъминлаш билан боғлиқ айрим камчиликлар, ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини ҳаётимизнинг ўзи яққол намоён этмоқда.
Ушбу соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг ижроси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади суд-тергов фаолияти давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштиришдан иборат. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси қатор принципиал нормаларни ўз ичига олган бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноят процессида жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, унинг қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган янги механизмлар амалиётга жорий этилмоқда. Қонун лойиҳасида процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган кўрсатувлар, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Хусусан, далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Қонунга хилоф усуллар орқали ёки процесс иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёхуд уларни чеклаш йўли билан олинган далиллардан, шу жумладан, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда; гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда; мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатни бажариш натижасида; номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан; суриштирув, дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган далиллардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи бутунлай янги – “Далилларнинг мақбул эмаслиги” ҳақидаги модда киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ушланган шахсларнинг қамоққа олиш тарзидаги сиртдан қабул қилинган эҳтиёт чораси устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқлари, шунингдек, ҳимоячининг далилларни тўплаш ва тақдим этишга бўлган ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда.
Бундан ташқари, ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришни, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов экспериментини видеоёзув тарзида мажбурий қайд этиш тўғрисидаги, шунингдек, суд муҳокамаси жараёнида стенография юритиш ҳақидаги талаблар киритилмоқда. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокурор ёки суд томонидан суд-тиббий экспертизаси ёхуд бошқа экспертиза ўтказган ҳолда мажбурий текширилиши лозим бўлган тартиб белгиланмоқда.
Ниҳоят, қонун лойиҳасида прокурор томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки маъмурий қамоққа олинган шахслардан жиноятлар тўғрисидаги олинган аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни дарҳол рўйхатга олиш ва ҳал этишда жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини; мазкур шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда таъсир кўрсатилиши эҳтимолини; озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ тартибини бузганлик учун маҳкумларга нисбатан қўлланилган интизомий жазо чорасининг қонунийлигини текширишни амалга ошириш шартлиги тўғрисидаги нормалар киритилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, таклиф этилаётган ушбу қонун лойиҳасининг барча қоидалари “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад-вазифаларига тўлиқ мос келади. Зеро, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш партиямиз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу боис, фракциямиз жамият демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, айниқса, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган мазкур қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Албатта, мазкур қонуннинг қабул қилиниши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка, шунингдек, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш имконини беради.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Яқинда Фарғона вилоят партия кенгашига фуқаролардан бири йўллаган миннатдорлик хати келиб тушди....
01 янв 1970
Юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....