Ёшлар бандлигини таъминлашда партия фаоллари, депутатлар ташаббускор бўлишмоқда

/
Булунғур туманидаги “Сайилтепа” маҳалласида яшовчи олий маълумотли ёш педагог Нилуфар Қўнарова ташкилотма-ташкилот қатнаб узоқ вақт иш излади. Лекин ҳар сафар иш ўрнига берилган ваъдаю муҳлатлар уни чарчатди. Масъул вазифада ишлайдиган раҳбарлардан ёрдам ололмагач, “Адолат” СДПнинг Булунғур туман кенгашига мурожаат қилди.
Туман партия кенгаши раиси Насиба Мамадиёрова асли педагог бўлгани боис ёш мутахассис билан қисқа мулоқот чоғидаёқ унинг танлаган касбига нисбатан ҳавас, масъулиятини дарҳол пайқади ва унга муносиб иш топишда амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди. Ниҳоят Нилуфар тумандаги 22-умумтаълим мактабига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Ҳар куни маҳалла кўчасидан ўқувчилар билан бирга илм даргоҳига машғулот ўтиш учун бораётган Нилуфар Қўнарованинг хурсандчилигини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.
— Жамиятга керакли инсон сифатида фуқаролик бурчи, масъулиятини чуқур ҳис қилмоқдаман, — дейди муаллим Н.Қўнарова. — Зарур пайтда сени қўллаб-қувватлашга тайёр кишилар борлигини ҳис этиш эса кишига куч-қувват бағишлар экан.
Бу фикрни булунғурлик 26 ёшдаги олий маълумотли мутахассис Аббос Жабборов ҳам тасдиқлайди. У ҳам ўз ихтисослиги бўйича иш тополмай расмиятчи идораларнинг ўз муаммосига нисбатан совуққонлигидан қийналиб, рўзғор юкини енгиллаштиришда оила аъзоларига ёрдам беролмай юрган эди. Муаммодан хабар топган туман партия кенгаши фаоллари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман бўлими билан боғланиб масалани ижобий ҳал этди. Аббос Жабборов Ёшлар иттифоқининг туман бўлимига ишга қабул қилинди.
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши тақдим этган маълумотга кўра, уюшмаган ёшлар муаммосини ўрганиш партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасига алоҳида вазифа сифатида юклатилган. Шунга асосан партия депутатлари ва фаоллар бундай ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишларига, тижорат банкларидан кредит олишларига, ўз иш жойини яратишига астойдил кўмаклашмоқда. Халқ депутатлари Нарпай туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ташаббусига биноан сессияда уюшмаган ёшларнинг ижтимоий муаммолари таҳлил этилиб, ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича қарор қабул қилингани айни шу йўналишдаги амалий ҳаракатларнинг натижаси саналади. Мазкур қарор ижроси юзасидан депутатлар қатъий назорат ўрнатишди.
Уюшмаган ёшлар муаммосини Булунғур тумани мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, бу ерда ҳам масалага манфаатдорлик билан ёндашишнинг ўзига хос жиҳатларини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, туманда бирор ташкилот ҳисобида турмай, иш тополмай, турмуш чорраҳаларида сарсон бўлиб юрган ёки бошқача айтганда, уюшмаган ёшлар 1944 нафарни ташкил этди. Уларнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича дипломга эга. Аммо бошқарув ва хўжалик юритиш ташкилотларининг эътиборсизлиги оқибатида маҳаллаларда яшовчи бу ёшлар назардан четда қолиб, ишсизлар рўйхатига тушиб қолишган. Ачинарлиси шундаки, улар муаммосига нисбатан ваколатли идораларнинг, маҳалла бошқарувининг сезгирликни йўқотганлиги айрим уюшмаган ёшлар ўртасида жиноятга мойилликни пайдо қилмоқда. Ёки статистик маълумотларга асосланадиган бўлсак, туманда уюшмаган ёшлар ўртасида жиноий ишларга алоқадор деб топилган 74 нафар ва диний оқимларга мансуб 5 нафар ёш ўғил-қиз ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланган.
— Бу ташвишланарли ҳолат, — дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуқаюм Қўшбоқов. — Шу боис партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи ўзаро фикрлашиб уюшмаган ёшлар муаммосини ҳал этишнинг амалий йўлларини излашга киришдик. Биринчи навбатда, маҳаллалардаги бошланғич партия ташкилотлари билан ёшларнинг ҳар битта мурожаатини чуқур ўрганиб чиқиш бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйдик. Шу мақсадда 26 та БПТга 5 нафар депутатимиз мулоқот учун аниқ вақтда бориб, бу ерда таклиф этилган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммосини ваколатли бошқарув идораларига олиб чиқадиган бўлишди. Туман прокуратураси, ёшлар иттифоқи, меҳнат ва бандлик бўлимлари билан ҳамкорлигимиз ягона манфаатга асослангани боис тезда ўз натижаларини бера бошлади.
Депутатнинг таъкидлашича, ижтимоий назорат ва бошқарувда ҳисобдорлик, ошкоралик таъминланиши туфайли тумандаги корхона-ташкилотлар уюшмаган ёшлар муаммосига жиддий ёндашадиган бўлишди. Биргина туманнинг “Килдон” қўрғонида партия ташаббуси билан ўтказилган меҳнат ярмаркасида 20 та корхона 200 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. “Адолат”чилар маҳаллама-маҳалла юриб, ярмаркага етаклаб келган 193 нафар ёш мутахассиснинг 72 нафари ўзига маъқул иш топди.
— Гап шундаки, биз уюшмаган ёшларнинг ижтимоий муаммосини шунчаки қайд этиб қўйиш, ҳисоботларга киритиш, муҳокама қилиш билан кифояланиб қолмаяпмиз, — дейди партия депутатлик гуруҳи аъзоси Обид Сатторов. — Ижтимоий назорат, такрор назорат, қатъият ва талабчанлик, ҳар битта ечимини топмаган ҳолат бўйича депутатнинг шахсан аралашуви уюшмаган ёшларнинг бизга нисбатан ишончини уйғотишга, “ниҳоят қўлидан иш келадиган ташкилот бор экан-ку” деган ўй-мулоҳазага боришига замин яратмоқда. Депутатлик гуруҳимиз томонидан ўтган 2017 йил давомида ҳокимият ва бошқарув идоралари, хўжалик юритиш ташкилотлари раҳбарларидан ўн нафарининг ҳисоботлари эшитилиб, улар фаолиятини кучайтириш бўйича қатъий талаблар қўйилганлиги, матбуот ва жамоатчилик вазиятдан хабардор этилгани талай масалалар қатори ёшлар муаммосини ҳам ижобий ҳал этишга имкон бермоқда.
— Уюшмаган ёшлар муаммосини ҳал этишда бир ёқлама ёндашувлардан, назорат ва жамоатчилик эътиборини уйғотишдан кўра муҳимроқ ишлар бор, — дейди туман партия кенгаши раиси Насиба Мамадиёрова. — Биз туман иқтисодиётини жадал ривожлантириш, инвестиция олиб кириш орқали замонавий корхоналар қуриб, янги иш ўринларини кўпайтиришни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Лекин ҳозиргача иқтисодиёт аграр соҳага, аниқроғи, паст рентабелли фермер хўжаликларига суяниб қолаётгани, қишлоқдаги тадбиркорлик ва оилавий тадбиркорлик рақобат бозорига дадил кириша олмаётгани ташвишланарли. Ахир мавжуд корхоналардан иш тополмай ёки топганда ҳам маошга ёлчимай оқибатда хорижга иш излаб кетиб қолган ёшлар 2381 нафарни ташкил этмоқда. Янги иш ўринлари ҳақидаги ёлғон статистик маълумотларни йиғишдан воз кечиш вақти аллақачон етиб келди. Биз ёшларнинг кўзига тик қараб гапиришимиз, уларнинг муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлишимиз ва ислоҳотлар жараёнига чинакам дахлдор киши сифатида иштирок этишига кўмаклашишимиз зарур.
Ҳа, Булунғурда партия фаоллари ҳамма нарсани ўз номи билан айтиш жамоатчилик назоратини ҳар қадамда қарор топтириш, ёшлар муаммосини улар иштирокида ҳал этишга азму қарор қилишган. Туман прокуратурасига, ички ишлар бўлимига ёки бандликка кўмаклашиш марказига қадам қўйган партия депутати, албатта, бирорта масалага ечим топиб чиқишга ҳаракат қилади. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган мулоқотлар эса депутатларнинг, партия фаолларининг халқ билан якдил бўлиб янги таклифлар ишлаб чиқишларига туртки бермоқда. Депутатлар “Амир Темур” маҳалласида ўтказган ана шундай фойдали мулоқот туфайли бу ерда яшовчи ака-ука Жаҳонгир ва Сардор Раҳматовларга иш таклиф этилгани серфарзанд оиланинг муаммосини енгиллаштирди. Инсоннинг ҳаётга ва жамиятга ишончини мустаҳкамлаш, қийналганда унга ёрдам бериш эса одамларга нафи тегадиган инсонпарвар сиёсатнинг мағзи бўлмоғи лозим. Пировардида бу наф жамиятнинг ютуғига айланади. Шу ўринда мутафаккир шоир Навоийнинг бир байти ёдга келади: “Нафъинг агар халққа бешак дурур, Билки, бу нафъ ўзунгга кўпрак дурур”.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан семинар ташкил этилди....
01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...
01 янв 1970
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади....
01 янв 1970
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади....