Миллатни истиқболга бошловчи йўл

/
Ҳар бир байрамнинг ўзига хос шукуҳи, дилларга руҳ бағишлайдиган қувончи, миллатни, халқни улуғлайдиган қудрати бўлади. Юртимизга озодлик, ҳурлик, эркинлик бағишлаган мустақиллик байрамининг ифтихори эса янада улуғвор ҳисобланади. Ушбу улуғ байрамда Президентимизнинг халқимизга қутловини тинглар эканман, кўнглимда ҳаётимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар ҳақида сўз айтиш истаги туғилди.
Эркинлик — бу инсоннинг руҳий ҳолати, ор-номуси, шаъни ва эътиқодининг ифодаси. Эркинлик — бу ҳаракат, ривожланиш, юксалиш ва мустақил ҳаракатлар манбаи. Эркинлик — бу қонунларга риоя қилган фуқароларнинг ҳаёт тарзи, хавфсизлик кафолати, ўз қараш ва фикрларини ифода қилиш имконияти, қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг қадрланиши ҳисобланади.
Эркинлик инсон руҳиятидаги ирода, у биров томонидан ҳадя қилинмайди. Одамлар ўз эркинлигини англашлари баробарида ўзгаларнинг эркинлик иродасини ҳам қадрлашга ва биргаликда жамоавий эркинлик яратишга киришадилар. Бунда инсондаги адолат, ҳақиқат, садоқат, меҳр-мурувват, саховат, эзгулик каби фазилатлар жамият ривожининг маърифий пойдеворини вужудга келтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, миллатнинг эркинликка интилиши оқибатида инсонларнинг руҳияти доимо покланиб боради. Ёвузликдан, нафс ва риёкорликдан уялиш иммунитети ортиб боради.
Эркинлик жамиятда ҳокимият фаолиятининг ҳуқуқий муносабатлар уйғунлигида таъминланади. Демократик тартиботларга интилаётган жамиятда ҳуқуқий муносабатлар бир-бирига мувофиқлаштирилади, тийиб туриш ва мувозанатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади, ҳуқуқ ҳокимият воситасига айланади. Шу тариқа, демократия босқичлари ўз табиатига кўра ҳокимиятсиз ташкилотлар – фуқаролар бошқарувини ташкил этиш жараёнларига киришади.
Эркинлик руҳияти асосида масъулият ва ўзини-ўзи бошқариш шакли ётади. Эркинлик қонунлар асосида бошқарувга суянади, у мажбуриятга, масъулият ва интизомга муҳтож. Эркинлик руҳияти хилма-хилликдан, ҳур фикрлиликдан, ранг-барангликдан чўчимайди. Аксинча, у ушбу қадриятлардан озиқланади, бу ҳолатни миллатнинг ривожи ва истиқболи деб билади. Шу жиҳатдан ҳам эркинлик ўз моҳиятига кўра давлатнинг ҳуқуқий ҳимоясига асосланади. Зеро, фуқароларда эркинлик руҳияти заиф бўлса, давлат ҳам унга бефарқ бўлса, қанчалик мукаммал қонунлар қабул қилинмасин жамиятда инсон манфаатлари саробга айланаверади.
Мустақиллик шарофати билан тарихий меросимизни тиклаш, у орқали ўзликни англаш, миллий мустақиллик мафкурасини шакллантириш ва шу руҳда янги авлодни тарбиялаш вазифалари шу давргача бўлган ғайриинсоний, догматик ғояларни бирин-кетин сиқиб чиқариш имкониятини берди. Албатта, бу вазифалар инсон руҳияти билан, аниқроғи, эркинликни англаш билан боғлиқ тафаккур ўзгаришлари ниҳоятда оғир кечаяпти. Йиллар давомида руҳиятимизга иллат сифатида кириб олган тўрачилик, зўравонлик, тобелик ва мутелик давр ўзгаргани билан адолатга ва мустақил эркинликка юзланиши мураккаб бўлмоқда. Мазкур муаммоларнинг аччиқ ҳақиқати Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга қилган мурожаатларида рўйи рост очиб берилди. Эришилган ютуқлар қаторида йўл қўйилган камчиликлар кескин ва муросасиз танқид остига олинди. Энг муҳим қадам, давлатимиз раҳбари, биринчи бор, халқимиз олдида давлат идораларининг вазифалари кўламини белгилаб берди. Давлат раҳбарининг халқи олдидаги бу каби расмий ҳисоботи мамлакатимиз мустақил давлатчилик фаолиятида биринчи бор амалга оширилди.
Албатта, бугун биз эркин ривожланиш истиқболларимизга йўл очаяпмиз, жаҳон ҳамжамияти ва қардош дўстларимиз билан муштарак манфаатларимизни белгилаяпмиз, янгиланаётган маданиятимиз билан тараққиёт сари юзланаяпмиз.
Хулосалар шундан иборатки, фуқаролар ўз туйғуларида қанча эркин бўла олсалар, жамият ҳам, давлат ҳам шунчалик эркин бўлади. Қисқа муддатларда маънавий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар маданий ҳаётимизнинг кунма-кун юксалиб бораётганлигидан далолат бермоқда. Бу эркинликни англаш нишонаси. Биргина “Халқлар дўстлиги” майдонининг қайта тикланиши, унда давлатимиз байроғининг ҳилпираб, кўкка бўй чўзиб туриши, турли миллат вакилларининг сайр қилиб юрганлари асносида руҳиятларига эркинлик ғоялари сингдирилаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Шаҳар ва қишлоқларимиздаги ободончиликлар халқнинг турмуш даражасини ҳам, маданиятини ҳам ўзгартириб юбормоқда. Фуқаролар учун қурилаётган маиший объектлар, хиёбонлар, замонавий янги кўчалар қиёфаси, кўнгилочар масканларни кўриб, беихтиёр қалбда Ватанга муҳаббат туйғулари жўшади.
Аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мустақил тараққиётимиз босқичларининг даражасини белгиловчи, миллатнинг имконияти ва салоҳиятини очиб берувчи ҳужжатга айланди.
Энг муҳими, мазкур дастурларни шакллантиришда халқнинг бевосита иштирокини ташкил этиш жорий этилди. Умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган қарорларни амалга ошириш ва уни назорат қилиш тизимлари шакллантирилди. Албатта, бошқарув маданиятининг янги кўринишлари фуқароларда ҳам юксак масъулият ва жавобгарликни вужудга келтирмоқда. Айниқса, туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказлари — «Халқ қабулхоналари»нинг замонавий биноларини қуриш ва моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилганлиги инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш йўлидаги амалий натижалар сирасига киради. Айнан мазкур механизмлар “Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун”, деган ғоянинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Айниқса, мамлакат фаровонлиги омили сифатида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш муҳим масалалар қаторига киради. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ҳамда таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш орқали ўрта қатламнинг улушини оширишга эътибор қаратилмоқда. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ҳамда мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларига, ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш имкониятлари яратилмоқда.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда инновацион технологияларга асосланган, банк хизматлари сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини оширувчи янги хизмат турларини, хусусан, “рақамли банклар”ни, шунингдек, аҳолига чакана хизмат кўрсатишга ихтисослашган банк бўлинмаларини ташкил этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий ишлари амалга оширилмоқда. Бундан мақсад инновацион технологияларни кенг қўллаган ҳолда етакчи хорижий тўлов тизимлари билан интеграциялашган замонавий чакана тўлов тизимларини ривожлантиришдан иборат бўлмоқда. Унинг моҳияти илғор ғоя, ноу-хаулар яратиш ва «ақлли» технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш вазифаларига қаратилмоқда. Бу ислоҳотлар ўз навбатида маҳаллий маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, мамлакатнинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш имкониятларини беради.
Бу борада ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш билан ўзаро боғлиқ яхлит тизим вужудга келтирилмоқда.
Хулоса қилиш мумкинки, бугунги ислоҳотлар, Ўзбекистонда жамиятнинг демократиялашиши натижасида давлат ва жамиятнинг ўзаро алоқалари оқилона ҳамда мантиқан узвий муносабатлар асосида шаклланмоқда. Янгича қарашлар туфайли давлатнинг бевосита ҳокимлигидан воз кечилиб, давлат ижтимоий-иқтисодий, маънавий жараёнларга бевосита аралашувидан қонунлар ишлаб чиқиш, қатъий назорат ўрнатиш, умуммиллий манфаатлар орқали жамиятни бошқаришга фаол таъсир кўрсатмоқда. Бу Ўзбекистоннинг дунёвий тамойилларга жавоб берадиган, одил, демократик, ҳуқуқий давлат қуриш мақсадига тўла мос келади ҳамда унинг умуминсоний моҳиятини белгилаб бермоқда. Мустақилликни ижтимоий ва иқтисодий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган кучларни жипслаштирмоқда.
Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,
сиёсий фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...
01 янв 1970
“Чиннинг географик ўрни ғаройиб: бир томонда адоғи йўқ сокин саҳро ястаниб ётади, ундан нари кўм-кўк водийлар бошланади. ...
01 янв 1970
Ҳар бир байрамнинг ўзига хос шукуҳи, дилларга руҳ бағишлайдиган қувончи, миллатни, халқни улуғлайдиган қудрати бўлади. ...
01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...