Боғча биноси таъмирланади

/
Бугунги кунда “Адолат” социал-демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари ўз ишига танқидий назар ташлаб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти партия кенгашида жорий йилда бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Партия депутатлари ва фаоллар амалий ишлар билан сайловчилар ишончини оқлашга интилмоқда.
— Бугунги сайловчи кечагисидан тубдан фарқ қилиши, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тобора тўла англаб етаётгани, улар сиёсий партиялар вакилларидан нималарни кутаётгани жойларда аҳоли билан олиб бораётган мулоқотларимизда яққол намоён бўлмоқда, — дейди Тошкент вилояти партия кенгаши раиси Умид Шоумаров. — Сайёр қабуллар, учрашувларда аҳоли, асосан, коммунал соҳадаги муаммолар, ижтимоий ёрдам ва бандлик масаласида кўмак сўрайди. Мурожаатлар ичида жойида ҳал бўладиган масалалар ҳам, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ечими топиладиган муаммолар ҳам бор. Асосийси, биз амалий натижа кўрсатиб, аҳолига кўмак беришни ўз олдимизга аниқ вазифа қилиб қўйдик. Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар ҳам шу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда айрим мисолларга эътибор қаратсак. Яқинда У.Шоумаров бошчилигида ишчи гуруҳининг аҳоли билан мулоқот чоғида Қибрай тумани “Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Абдулҳай Бобомуҳаммедовнинг тиббий кўмакка муҳтожлиги аниқланди.
— Ўғлим болалигида менингоэнцефалит касаллигига чалинган, — дейди Абдулҳайнинг онаси. — Ногиронлик нафақасини дори-дармонга етказа олмаяпмиз. Бола неча ёшга кирса ҳам она учун гўдакдек бўлади. Мен ҳам боламнинг ҳамма қатори ўйнаб-кулиб юришини хоҳлайман, аммо дард унинг гапириши, ҳатто ҳаракат қилишига ҳам имкон бермайди. Партия вакилларининг ҳолимиздан хабар олиб, керакли дори-дармонлар билан таъминлашда ёрдам бергани учун раҳмат айтаман. Юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаётгани, меҳр-оқибат туйғусининг борлигига шукрона келтираман.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Оҳангарон тумани кенгаши томонидан партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида тумандаги боғчалар фаолиятини ўрганиш жараёнида 11-сонли мактабгача таълим муассасасининг аҳволи ачинарли ҳолатда эканлиги аниқланди. Натижада халқ депутатлари Оҳангарон тумани Кенгаши депутати Бурхониддин Ортиқовнинг саъй-ҳаракати билан ҳомийлик ёрдами асосида таъмирлаш ишларига 10 миллион сўм пул сарфланадиган бўлди. Депутатимиз ташаббуси билан туман ҳокимиятида махсус ҳисоб рақами очилиб, унга мазкур ҳудуддаги тадбиркорлар молиявий ёрдам пуллари ажратишига келишиб олинди.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Одил Алматов вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига киритган депутатлик сўрови ижобий якун топиб, серқатнов “Тошкент – Бекобод” магистрал йўлининг белгиланган қисмига светофор ўрнатилди. Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Шокир Уришовнинг депутатлик сўрови натижасида “Облиқ” МФЙ ҳудудидаги Ангрен шаҳрини айланиб ўтиш йўли асфальтланди, “ўафур ўулом” МФЙ ҳудудидаги симёғоч ва электр трансформатори таъмирлаб берилди.
Халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгаши депутати Ибодат Ўтамбоева “Ўринтой” МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногирони Шарофат Пардаевага ногиронлик аравачаси олиб бериш учун Республика Ногиронлар жамияти Бекобод туман бўлинмасига депутатлик сўрови юбориб, масала ижобий ҳал этилди.
Бекобод шаҳар партия кенгаши ҳам аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда ишсиз ва ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар Г.Боймирзаева, М.Ашурова ва У.Камоловани шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштиришга кўмаклашди. Шунингдек, Олмалиқ шаҳар ва Бекобод туманидаги партия фаоллари ҳам аҳолининг бандлик масаласидаги мурожаатларини ижобий ҳал қилиб, уларни иш билан таъминлашга ёрдам бермоқда.
Шаҳар ва туманларда давом этаётган сайёр қабуллар, аҳоли билан учрашувлар, уйма-уй кириб ўрганишлар давомида бир қатор муаммолар ижобий ҳал этилмоқда. Бу ҳаётимиздаги ўзгаришлар, ўзаро муносабатлар кўп жиҳатдан самарали ва жонли мулоқотларга боғлиқ эканининг яна бир исботидир.
Бобир МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий кучнинг мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, партия депутатларининг ташаббускорлик ва фидойилик билан иш олиб боришини тақозо эт...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар натижаларига бағишланган брифингда “Адолат...
01 янв 1970
Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ўлмас Саиджонов батафсил маълумот берди...
01 янв 1970
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Хоразм вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққи...