Билдирилган ишонч ва электорат манфаати биз учун устувор

/
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида ҳамда ўтган йилнинг декабрь ойида парламентга йўллаган Мурожаатномасида парламент аъзолари ва сиёсий партиялар фаолиятидаги бир қатор камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Ўтган давр мобайнида шу асосда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Яъни ушбу вазифалар ижроси партия ташкилотлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Натижада барча йўналишлар бўйича партия фаолияти жонланди, аҳоли орасидаги нуфузи ошди. Бугунги кунда партия аъзолари сони 260 мингдан ортиб, жойлардаги бошланғич ташкилотларимиз 5000 тага етгани ҳам шундан далолат беради.
Айни вақтда партия Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий йўналишдаги муҳим вазифалар сифатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига ҳамда ёш олимларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси билан қонун ижодкорлиги жараёнида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилиб, “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”, “Фан тўғрисида”, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳамда “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни тайёрлашда ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Шу кунга қадар “Ҳар бир қонун лойиҳасининг муаллифи халқ бўлиши лозим” тамойилига асосан “Фракция — марказ — вилоят — туман — бошланғич партия ташкилоти” тизими орқали ҳудудларда фуқаро ва амалиётчилар, экспертлар ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ўртасида, қолаверса, олий таълим муассасаларида олимлар ва ёшлар иштирокида мазкур қонун лойиҳаларининг 70 дан ортиқ муҳокамалари ўтказилди.
Қонун лойиҳалари матни интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси портали ҳамда партия расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Бу тизимлар орқали олинаётган таклифлар фракция аъзолари томонидан умумлаштирилиб, қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда.
“Адолат” СДП фракцияси парламентдаги мухолифат сифатида ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида ўзининг позицион таклифлари билан фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, фракция таклифи билан “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, яъни профилактикасига эътибор бериш ва уларга чек қўйишга доир нормалар киритилди.
Ер ости сувидан фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса фракция таклифи билан қайта кўрилиб, жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун ер ости сувларидан фойдаланишга мўлжалланган қудуқларни қазиш жавобгарликдан мустасно эканлигига доир норма билан тўлдирилди. “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишда ҳам фракция аъзоларининг харидларни амалга ошириш чоғида шаффофлик ва рақобатни таъминлашга оид таклифлари инобатга олинди.
Шу билан бирга, суд ҳокимияти органларининг аҳоли билан жойларда очиқ мулоқотлар ўтказиши ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасига халқ депутатлари Кенгашлари томонидан судьялар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитишнинг аниқ муддатларини белгилаш ва унинг натижаларига оид қарорнинг Судьялар олий кенгашига юборилишини белгилаш каби таклифлар лойиҳада ўз ифодасини топди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари жорий йилнинг ўтган даврида 10 га яқин қонунларни ишлаб чиқишда ташаббускорлик кўрсатди.
Фракция аъзоларининг ҳар ой 10-12 кун давомида жойларда аҳоли билан мулоқот қилиш тизими назорат-таҳлил фаолиятида асосий йўналишларни белгилашда устувор аҳамият касб этмоқда. Ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар депутат сўрови, фракция сўрови, парламент сўрови, парламент эшитуви, ҳукумат соати каби механизмлар орқали ижобий ҳал қилинаётир.
Масалан, жорий йилда олиб борилган ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик суви ҳамда арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Айни шу масалалар Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарларининг мазкур йўналишлар бўйича ахбороти эшитилди.
Шунингдек, ўрганишлар натижасида фракция аъзолари томонидан аниқланган умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар ва уни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида халқ таълими вазирига парламент сўрови юборилди. Яқин вақт ичида бу масала юзасидан ҳам парламент эшитуви ўтказилади.
Айтиш лозимки, депутатлик гуруҳларининг фаолияти самарадорлигини оширишга ҳам устувор аҳамият қаратиб келаяпмиз. Ўтган йилда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар учун амалий ўқув-семинарлар ўтказилиб, депутатлик гуруҳларининг иш режалари қайтадан кўриб чиқилди. Унга кўра, жойлардаги муаммолар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамкорлигида ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссияларга масалалар киритиш, мансабдор шахслар ахборотини эшитиш ва депутат сўрови юбориш орқали ҳал қилинмоқда.
Жорий йилнинг олти ойида партия депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига 145 та, доимий комиссияларга 225 та масала киритилиб, 317 та мансабдор шахслар эшитуви ўтказилди. Айни чоғда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида ижроия ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга 2607 та депутатлик сўровлари чиқарилди.
Фракция аъзолари масъул этиб белгиланган партия лойиҳалари ижросида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда тегишли ижро органининг мутасаддилари олдига аниқ вазифалар қўйилмоқда. Биргина жорий йилнинг 6 ойи мобайнида лойиҳалар доирасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича маҳаллий Кенгашлар сессияларига 79 та масала киритилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан, “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари ҳар чоршанба куни жойларда халқ билан юзма-юз мулоқот ўтказаяпти.
Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур ишчи гуруҳлар аъзолари жами 2796 та маҳалладаги 41872 та хонадон ва 2490 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрди. Учрашувлар чоғида фуқаролар томонидан 6641 та мурожаат келиб тушди. Уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан фуқароларга 2243 маротаба ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган бўлса, 1286 та масала бўйича маҳаллий ҳокимият органларига депутатлик сўрови юборилиб, 932 та мурожаат ижобий ҳал этилди.
Партия тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ҳаётга самарали татбиқ қилишда ҳам депутатлар фаол қатнашаётир. Хусусан, жорий йилда Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари вакиллари билан биргаликда ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида турли сабабга кўра чет элга чиқиб кетган ҳамда ўқимайдиган, аниқ бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада Жиззах вилоятида 1542 нафар, Самарқандда 2185 нафар ва Навоийда эса 33 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди. Чет элга чиқиб кетганлар орасидан 741 нафар ёшлар юртимизга қайтарилди.
Амалга оширилган ушбу ишларга қарамасдан олдимизда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, сайловчилар мурожаати ва ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни тизимли равишда биргаликда ҳал этиш каби вазифалар турибди. Хусусан, сайловчиларга берган ваъдаларимизни тўла бажариш, халқимиз ва электоратимизнинг ишончини оқлаш биз учун бундан кейин ҳам устувор йўналиш бўлиб қолаверади.
Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ғоявий имммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида, буюк аждодларимизга муносиб ворисла...
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида семинар-тренинг ўтказилди....
01 янв 1970
Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди.